Бухорога биринчи поезд қачон кириб келган?

    Ватанимиз тарихидаги 26 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

    1760 йил (бундан 261 йил олдин) – Қўқон хони Эрдонабий Хитой императори Цяньлун ҳузурига – Пекинга элчилар юборди. Сўнгги ўрта асрларга хос бўлган дипломатик алоқалар: элчилар айрибошлаш ва мактублар орқали амалга оширилган ҳамда дипломатларининг таркибий қисми савдогарлардан иборат бўлиб, дипломатик почта эса савдо карвонлари орқали кўзланган манзилга етказиб берилган.

    Тарихчи Шерали Қўлдошевнинг ёзишича, Қўқон элчилари Қашқарда қабул қилиниб, элчи шахсини аниқлаб унга таржимон ва ҳарбий қўриқчилар, отлар, аравалар, йўлдаги таъминот учун эса озиқ-овқат ва маълум миқдорда пул берилган. Қашқардан Ёркендгача келган элчилар Тарим водийси орқали Қумулга етиб олган, Қумулда ҳам улар яхши кутиб олинган ва от-улов, озиқ-овқат билан таъминланиб Пекинга – император ҳузурига юборилган.

    1888 йил (бундан 133 йил олдин) – Каспийорти темирйўли орқали Бухорога биринчи поезд келди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 11 майда Самарқанд шаҳрида ҳам темир йўл очилишининг тантанали маросими ўтказилди. Михайловск қўлтиғидан Самарқандгача бўлган 1335 верст узунликдаги Каспийорти темир йўл ягона лойиҳа асосида эмас, балки кичик-кичик лойиҳаларнинг умумлашувидан бунёд қилинди.

    Генерал-лейтенант М.А.Терентьевнинг маълумотига кўра, Самарқандгача 62 та станция бўлиб, улардан 32 тасида сув бор эди холос, қолган станцияларга ташиб келтириларди. Шунингдек, 129 та паровоз, 1965 та вагон бўлиб, шулардан 136 таси йўловчилар учун мўлжалланган эди.

    1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон Халқ Комиссарлари Совети раиси Ф.И.Колесов пахта толаси ва пахтани мусодара қилиш тўғрисидаги декретни имзолади. Мазкур декретга кўра, қисқа вақт ичида заводларга топширилган 3,4 миллион пуд пахта толаси, 6 миллион пуд хом пахта, 600 минг пуд пахта ёғи, 4 миллион пуд чигит, 1,1 миллион пуд кунжара совет давлати ихтиёрига бепул ўтди. Деҳқонлар заводга топширган пахтаси учун ҳам, уйидан олиб кетилган пахта учун ҳам лоақал қатъий нархда бўлса-да пул ололмадилар.

    1926 йил (бундан 95 йил олдин) – Бокуда собиқ иттифоқдаги туркшуносларнинг биринчи қурултойи иш бошлади. Бу қурултойда 150 нафар мутахассис иштирок этган. Ўзбекистондан Маориф халқ комиссари (вазири) Раҳим Иноғомов, давлат ва жамоат арбоби Назир Тўрақулов маъруза қилди. Аширали Зоҳирий, Шокиржон Раҳимий, Хоразмдан Бекжон Раҳмон расмий вакил сифатида қатнашди.

    1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Финляндия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

    1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади