Буюк Британия бозорига ўзбек қовуни етказиб берилди

    Бизнес 13 октябр 2020 1879

    Нафақат Буюк Британия, балки Европадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувига ихтисослашган, умумий майдони 13 гектарни эгаллаган «New Spitalfields Market» улгуржи бозорига Ўзбекистонда етиштирилган 20 тонна «Торпедо» навли қовун етказиб берилди.

    Сентябрь ойи бошида Самарқанд вилоятидаги «GardenCells» корхонаси ва Британиянинг «Vita Plus Ltd» компанияси ўртасида имзоланган шартнома доирасида Лондоннинг Ғарбий Халқаро бозорида ўзбек қуритилган меваларининг биринчи жўнатмаси сотилганди.

    - Компаниямиз ва британиялик шериклар ўртасида эксклюзив шартнома асосида амалга оширилган ўзбек қовунининг Британия бозорига биринчи жўнатмасининг етказиб берилиши Европада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш тобора ортиб бораётганининг яна бир мисолидир, — деди «Jahon Exim Group» МЧЖ директори Жахонгир Ғиёсов. — Ўзининг ширин таъми билан машҳур бўлган ўзбек қовунлари маҳаллий истеъмолчилар томонидан муносиб баҳоланади, деган умиддамиз. Компания етказиб берилаётган маҳсулотлар турини қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, жумладан, органик ва қуритилган, шунингдек, музлатилган қуритилган мева ва сабзавотларни қўшиб кенгайтиришни режалаштирмоқда.

    Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Европа мамлакатларида Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш изчил равишда ўсиб бормоқда. Ўз навбатида, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича энг йирик ишлаб чиқариш базасига эга ва сўнгги йилларда экспорт географиясини сезиларли даражада кенгайди, деб хабар беради «Дунё» АА.