Бу ҳақда "Дунё" АА хабар қилмоқда.
Тадбир доирасида Марказий Осиё Ёшлар альянси (Central Asian Youth Alliance)нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказий Осиё Ёшлар альянси Марказий Осиёнинг беш давлати талабалари ва ёшларини Буюк Британияда маданият, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида бирлаштириш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман аввалида Марказий Осиё Ёшлар альянсининг мақсад ва вазифалари тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Саммит иштирокчиларига Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева, Тожикистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Исматулло Насреддин видеомурожаат йўлладилар.
Сўзга чиққанлар Марказий Осиё Ёшлар альянси тузилишига 2023 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан имзоланган ёшлар сиёсати бўйича ягона ёндашувлар тўғрисидаги битим асос бўлгани қайд этдилар. Тадбир иштирокчилари, шунингдек, ушбу тарихий ҳужжат ёшлар салоҳиятини ривожлантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келгуси авлодлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган умумий стратегияларни ишлаб чиқиш учун хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиядаги Марказий Осиёда ёшлар ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус БМТ Ишчи гуруҳини тузиш ташаббуси саммитнинг барча иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов ўз чиқишида, давлатимиз раҳбарининг халқаро жамоатчиликка йўллаган мазкур чақириғи ёшларга инвестиция киритиш минтақа тараққиёти, барқарорлиги ва инновациялари калити эканини яна бир бор тасдиқлаганини айтиб ўтди. Қайд этилганидек, ушбу ташаббус келажакни шериклик, ўзаро тушуниш ва ижобий ўзгаришларга интилиш асосида барпо этишга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, эришилган натижалар ва келгуси режалар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар Марказий Осиё Ёшлар альянси минтақа ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини топишга ва бошқа жабҳаларда ёшлар учун таянч бўлишига ишонч билдирдилар.
Саммит доирасида Буюк Британиядаги Марказий Осиё давлатлари элчилари билан талабалар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг дипломатик миссия раҳбарлари ҳамда Тожикистон элчисининг ўринбосари иштирок этди. Талабалар минтақа расмий вакиллари билан ёшлар сиёсати ва Марказий Осиё тараққиётида ёшларнинг ўрни ҳақидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида Марказий Осиёдан нуфузли мутахассислар иштирокида онлайн форматда панель мунозаралари ўтказилди. Уларда дипломатия, спорт ва таълим соҳаларидаги муҳим масалаларга эътибор қаратилди.
"Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим алоқаларини мустаҳкамлашда таълимнинг ўрни" мавзусидаги панель мунозарасида Ўзбекистон номидан "Эл-юрт умиди" жамғармаси директори Адҳам Бекмурадов, қатнашди. Унда таълим дастурлари, стипендия ташаббуслари ва минтақада талабалар ўртасида академик алмашинув истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Мавзусидаги панель мунозарасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди. Мазкур тадбирда спорт тадбирлари ва қўшма ташаббусларнинг минтақавий бирдамликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини муҳокама қилинди.
"Марказий Осиё давлатлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида дипломатия" мавзусидаги панель мунозарасида собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов маъруза қилди. Ушбу сессияда дипломатиянинг минтақавий ҳамкорлик ривожидаги роли, мавжуд муаммолар ва давлатлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир якунида Марказий Осиё ёшлар ҳаракатлари етакчиларининг жорий йил май ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Глобал ёшлар фестивалида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.









