Буюк қалб армони ёхуд Чингиз Айтматовнинг умумсайёравий изтироби

    Инсоният маънавий-ахлоқий таназзул ёқасида турибди. Кишилик тарихи тадрижий тараққиёти натижасида юзага келган қадриятлар ўз моҳиятини йўқотмоқда. Халқлар, миллатлар ўзлигидан узоқлашмоқда. Замонавий цивилизация инсоният тафаккурини тубдан ўзгартириб юборди. “Дунёга бир марта келдим. Кўнглим тусаганича яшашим керак” қабилидаги қарашлар одамлар онгида чуқур ўрнашмоқда. Натижада минг йиллар мобайнида ҳаёт синовларидан ўтган, одам ва олам халоскори сифатида ўзини намоён этган, кишилик ҳаётини мазмун билан бойитган азалий қадриятлар ўз қийматини йўқотмоқда.

    Ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик, бугун учун яшаш кайфияти инсоният тараққиётига катта зарба бермоқда. Унинг истиқболига таҳдид қилмоқда. Америкалик машҳур социолог Патрик Бьюкенен “Ғарбнинг ҳалокати” (“The Death of the West”) китобида бу ҳақда батафсил тўхталган. Европа цивилизацияси инқирозининг асосий сабаби ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик эканини катта изтироб билан баён этади. Унинг хулосаларига кўра, Европада аҳоли ўсиши кескин камаймоқда. Қизлар она бўлишни, йигитлар ота бўлишни истамаяпти. Улар онгида оила тушунчаси йўқолиб бормоқда. П.Бьюкененнинг ёзишича, бутун Европа қариялар уйига айланган. Бешик ясайдиган усталардан кўра, тобут ясайдиганларнинг бозори чаққон. Бу — умуммиллий инқирознинг ўзгинаси.

    Машҳур сиёсатшунос Генри Киссенжер: “Бизда эркак билан аёлнинг шунчаки биргаликда яшаш истаги мавжуд. Шарқда оила деган муқаддас тушунча бор. Бизда эркак билан аёлнинг бир-бирига эҳтиёжи бор. Шарқда муҳаббат бор”, деган эди. Афсуски, бу ёқимсиз, изғиринли шабада Осиёда ҳам эсмоқда. Ёшлар турмуш тарзи, ҳаётий эҳтиёжлари ва ақидалари муайян даражада ўзгариб бормоқда. Бундай умумпланетар муаммо, умумсайёравий таназзул атоқли адиб Чингиз Айтматов асарларида акс этди. Ёзувчининг бутун ижоди, айтиш мумкинки, инсон ва инсоният, одамва оламнинг бугуни ва истиқболи билан боғлиқ ғоят дардчил, изтиробли бадиий тафаккурнинг бетимсол ҳодисасидир.

    Чингиз Айтматов ҳозирги маънавий-ахлоқий жараёнларни талқин қилар экан, ўтмиш — бугун — келажак узвийлигини ва унинг қиёсий таҳлилини, фалсафий ва мантиқий моҳиятини бетакрор бадиий услубда ифода этади. Ёзувчи давр психологиясини, ижтимоий ҳаёт моҳиятини инсоният кечинмалари, қалб манзаралари ва руҳий олами орқали очиб беради. Ҳозирги замон инсоният руҳиятини, унинг ҳаётий эҳтиёжларини бир неча минг йиллик қадриятлардан узоқлашган ва енгилтак ҳаёт ишқибозлигига айланган фожиали ҳодиса сифатида тушунади. Ҳар бир қаҳрамони ва персонажи сўзларида, ўзаро муносабатларида, тўқнашувлари ва кечинмаларида битта шахс ўйлари орқали умуминсоний муаммо очиб берилади. Зотан, Ч.Айтматов учун бутун инсоният — битта одам. Бутун Ер шари — ҳамманинг нажот майдони.

    Адиб замонавий кишилик жамиятининг маънавиятдан узоқлашаётганига, ахлоқсиз турмуш тарзи тобора чуқурлашиб бораётганига қарши исён қилади. Ушбу кечинмалар турли шаклларда, турли ҳолатларда, бир-бирига ўхшамаган қаҳрамонлар кечинмаларида ифодасини топган. Бироқ уларнинг моҳияти битта — умумсайёравий инсоният инқирози. Жумладан, “Кассандра тамғаси” романи шакли, услуби, муаллифнинг ёндашиш усули жиҳатидан жаҳон адабиётида бутунлай янги ҳодиса эди. Ҳали одам шаклига кирмаган муртак-эмбрионнинг бутун инсоният глобал гуноҳлари, шафқатсизлик, бедодлик, хиёнат, зўравонлик оламидан юз ўгириши ва бундай эркин ҳаётга келишдан воз кечиши инсонга ва инсониятга қарши ўзига хос исён эди.

    Чингиз Айтматовни замонавий оммавий маданиятнинг тобора ахлоқсизланиб бораётгани, инсон тафаккурини заҳарлаётгани, уни қадриятлардан адаштираётгани изтиробга солади. Адиб алоҳида-алоҳида одамлар сингари бутун кишилик жамияти мавжуд қадриятлардан адашаётганини, истиқболини издан чиқараётганини, охир-оқибатда бутун инсоният тубсизликка, маънавий-руҳий ҳалокатга ҳамда шонли, шукуҳли, меҳрли ва муҳаббатли ҳаёт қуёши сўнишига олиб келаётганидан ташвишланади.

    Чингиз Айтматов алоҳида-алоҳида одамларнинг ҳам, бутун инсоният ҳаётининг ҳам ягона ва бирдан-бир халоскори ҳозирги дунёдаги тартибсизликка барҳам бериб, ахлоқий асосларга, минг йиллар мобайнида шаклланган маънавий қадриятларга қайтиш, деб билади. Айнан шу маънавий-ахлоқий меъёрлар, қадриятий мўлжаллар умумсайёравий инқироздан сақлаб қолиши муқаррар, деган хулосага келади.

    Чингиз Айтматов асарларига назар ташласангиз, битта ғоявий узвийликни, фикрий давомийликни кўрасиз. Унинг бош бадиий ва ҳаётий ақидаси битта — инсон фақат ҳаётини юксак ахлоқ ва маънавият тамойиллари асосида қурсагина ўзини тўлақонли инсон сифатида намоён эта олади. Инсоният цивилизацияси эса замонавий илмий-техник тараққиётни маънавият асосларида қурсагина, ҳар қандай кашфиётлар, оламшумул ихтиролар ахлоққа хизмат қилсагина ижобий натижасини беради.

    Инсон табиати, моҳияти, қадриятий жиҳатлари унинг ҳаётий муносабатларига, кечинмаларига, турмуш ақидаларига боғлиқ. Ёзувчи инсонни инсонлигича кўради. Унинг ички оламига киради. Қалб тебранишларини, руҳий ҳолатларини, севинчу изтиробларини ўта нозиклик билан кузатади. Ана шу кузатишлар оқимида улкан бадиий умумлашмалар қилади. Битта одамнинг характерли хусусият ва кечинмалари орқали яхлит инсоният тақдири ва Ер шари истиқболи билан боғлиқ глобал муаммоларни кўтариб чиқади. Бу одамда одамийликни кўриш, инсондан инсонийликни излаш каби ғоят мураккаб кузатувчанликни, инсоншуносликка доир қатор фанларни етарли даражада ўзлаштиришни тақозо этадиган, бошқача айтганда, қомусий билим ва ғоят бетакрор бадиий маҳоратни талаб қиладиган ҳодиса. Унинг ҳар бир асарида бир-бирига ўхшамаган кучли қалб драматизми ва ёрқин психологик ҳолатни кўриш мумкин. Қаҳрамонлар алоҳида-алоҳида, мустақил образ сифатида яратилгани билан умумсайёравий моҳиятга эга бўлган ва инсоният тақдирини ўзида мужассам этган бетакрор шахслар тимсоли. Ёзувчи инсон қалбининг барча қирраларини ўрганишга, унинг ич-ичига киришга ҳаракат қилади ва бунга эришади. Қаҳрамонлари қалбидаги эзгулик ва ёвузлик, ахлоқийлик ва ахлоқсизлик, манфаатлар тўқнашуви, муҳаббат ва нафрат ўртасидаги мураккаб психологик ҳолатни реал воқеликка, кишилик жамиятининг дардчил, ғоят изтиробли муаммосига айлантиради.

    “Кассандра тамғаси” романи ҳозирги замон инсоният тақдирининг фожиали тартиб-қоидаларига хилоф ва одатдаги қарашларига зид ҳолда замонавий цивилизациянинг экологик ва маънавий инқирозининг салбий оқибатларини, инсоният тараққиётининг истиқболи билан боғлиқ муаммони кўтаради.

    Кассандра ёвузлик тимсоли... “Кассандра-эмбрионлар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Бунинг сабаби инсон ҳаётининг ахлоқсизлиги ва фалокат ёқасига келиб қолганини дунёвий онгнинг тобора кўпроқ тушуниб етганидадир. Кассандра тамғаси дунёнинг охир бўлиши яқинлашаётганини она қорнидаёқ бутун борлиғи билан ва умидсизланиш ҳисси ила кутаётган охирзамон ҳомиласининг кадр орти овозидир. Бу эса ҳомилада яшашга табиий интилиш ҳиссини сўндиради”. Демак, муртак-эмбрион
    одам бўлиб туғилишни истамаяпти. У инсониятдан нафратланяпти. Кишилик ҳаёти тубанлашган, ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик чуқур илдиз отган ҳаётда яшагиси келмаяпти. У ҳатто инсоният ҳаёти инқирозга учраётгани, охирзамон яқинлашаётганини башорат қилади. Бу, айтиш мумкинки, Чингиз Айтматовнинг қалб фарёди, юрак изтироби эди.

    Вақт ва фазо... Бу Чингиз Айтматов фалсафасининг бутун мазмунини, моҳиятини белгилайди. Инсоният кўп минг йиллик тарихий тараққиётини ана шу фалсафий меъёр ва ўлчовлар асосида қуради. Унинг бутун маҳобатини, салмоғини, таназзулию зафарли онларини, қувончларию ситамли дамларини инсон, унинг маънавий-ахлоқий моҳияти тимсолида кўради.

    Вақт — фазовий ўлчов бирлиги. Узлуксиз, ниҳояси йўқ, кайҳоний тушунчанинг ажратиб олинган муайян муддати. Дейлик, инсон умри. Унинг ибтидосию интиҳоси бор. Белгиланган ана шу муайян муддатда ҳар бир одам мавжудлигини намоён этади. Шахсий имкониятлари, феъл-атвори, ақлий салоҳияти ва, албатта, жисмоний — биологик, физиологик омиллари орқали жамиятда ўз мавқеига эга бўлади. Ҳар бир одамнинг хатти-ҳаракати, интеллектуал даражаси уюшиб яхлит жамият, муайян давр тақдирини, моҳиятини белгилайди.

    Ана шу ерда фазо тушунчаси ўз мазмунига эга бўлади. Фазо — чексизлик, чегарасизлик, тубсиз коинот. Дарҳақиқат, инсон умри сарҳадли, инсоният ҳаёти эса чексиз. У узлуксиз тарзда тадрижий давом этаверади. Янги авлодлар дунёга келиб, кишилик ҳаётининг узлуксизлигини таъминлайди. Инсоният тарихий тараққиётининг, эволюцион ривожланишининг динамикаси, севинч ва изтироблари инсон орқали вужудга келади.

    Чингиз Айтматов фалсафасида вақт ва фазо тушунчалари бутун моҳияти билан ўткир драматик тарзда ўз ифодасини топган. Аниқроқ айтганда, буюк мутафаккир қалбининг туб-тубида ушбу ҳолат аччиқ изтиробга тўла трагик — фожиавий дард. Фақат адиб буни ҳиссиётларга берилмай, ўз феъл-атвори ва салобатига мос равишда, оғир-вазминлик билан, чуқур андиша ва катта интеллектуал қудрат билан баён этади.

    “Пичоқ бориб суякка теккач” ҳар қандай инсон ёрилади, бақиради, ўкиради. Чингиз Айтматов инсониятнинг бутун тараққиётидаги буюк қадриятлар ахлоқсизлик туфайли барбод бўлаётганини, кишилик ҳаёти тубсиз жар ёқасига келиб қолганини чуқур ҳис этади ва бундан изтироб чекади. Кайҳоний роҳиб Филофей ва футуролог Роберт Борк ғояларига қарши бутун Ер шари аҳолиси оёққа турган, жаҳолат отига миниб, ўзини унутганлар ҳақида гапирар экан, “...норози кимсалар мағлубиятдан қўрқади, иссиқ ўриндан ажралиб қолишдан чўчийди. Ахир, келажакда тафаккурда туб ўзгаришлар рўй бермоғи керак, ўшанда турмушдаги барча ахлоқсизликлар, жамики палитлик инкор этиладики, Кассандра эмбрионларининг инстинктив қўрқадиганлари ҳам ана шу фалокатлардир. Бунда ўзини ўзи англашнинг ўзгариши эзгу ахлоқий хоҳиш-истаклар туфайли рўй бермайди. Бу омон қолиш ва тараққиётнинг бирдан-бир реал
    шарти бўлиб қолади”, дейди.

    Тўғри-да, ёвузлар, палитлар, сотқинлар, мунофиқлар маънавий тикланишдан, руҳий покланишдан, ахлоқий юксалишдан чўчийди. Уларнинг қалбидаги қўрқув дунёнинг гўзаллашуви, инсон ва инсониятнинг поклашуви, кишилик ҳаётининг меҳр ва муҳаббат, бахт ва саодатга эврилишидан. Бундай маънаний-руҳий ҳолат ҳозир ҳам мавжуд.

    Ҳар қандай инсон эзгулик ва ёвузлик оралиғида, бошқача айтганда, ҳаётининг ҳар кунида сандон билан болғанинг орасида яшайди. Бироқ ҳамма вақт ёвузлик, ёмонлик, ҳасад, кўролмаслик эзгуликдан, яхшиликдан, бағрикенглик ва мурувватлиликдан устун келади. Чунки инсонда бош йўналтирувчи, бошқарувчи куч — худбинлик, манфаатпарастлик. Манфаатпарастлик туйғуси бор экан, ёвузлик имкониятлари ҳамиша кенг бўлаверади. Ёвузлик шу қадар кучлики, у ҳатто ақлдан ҳам устун келади. Уни бошқаради, йўналтиради. Ҳатто буюк хунрезликлару вайронагарчиликлар тарихнинг бир маромдаги азалий ҳаракатини кутилмаган фожиалар томон буриб юборишга қодир. Зотан, бу фожиалар ва таназзуллар ҳам ақл ёрдамида амалга оширилади. Охир-оқибатда одамларнинг физиологик, биологик ва жисмоний ҳолатлари ҳозиргидай сақлангани билан ақлий, ахлоқий, маънавий ва психологик жиҳатдан бошқа жонзотлар пайдо бўлиши мумкин. Ақл-заковат, хулқ, ҳаётга муносабатлар, ҳайвоний инстинктларнинг кучайиши оқибатида бошқача тажовузкор, шафқатсиз моҳият касб этиши мумкин. Ана шу жараённи назарда тутиб, Чингиз Айтматов “Ҳаммамиз афсуски, бир-биримизни ямлаб ютадиган йиртқичлигимизча қолаётирмиз”, дейди. Ҳатто бу мудҳиш ҳодисани “генетик жиноят” сифатида кўради.

    “Яшашга бўлган хоҳишнинг сўниши жаҳон цивилизациясининг сўнишидир. Ана шу охирзамон демакдир”. Ҳа, яшашга иштиёқ меҳнат қилиш, ишлашга даъват этади. Яхши яшаш унинг зарурий эҳтиёжини қондириш, яратиш керак бўлади. Агар бу иштиёқ кенг тафаккур, катта билимга асосланган бўлса, буюк кашфиётлар, оламшумул ихтиролар юзага келади. Демак, цивилизация, янги Уйғониш даври, тарихий сакраш ҳодисаларига сабаб бўлади. Муртак-эмбрионнинг она қорнидаёқ “Туғилсаммикан, туғилмасаммикан” деган фожиавий ҳолати, ҳаётдан юз буриши, ёруғ дунёдан воз кечиши инсоният ҳаётига ва истиқболига нуқта қўйиш демакдир. Бу, Ч.Айтматов ибораси билан айтганда, охирзамондир.

    Она замин! Момо Ер! Дарҳақиқат, у ҳаммамиз учун, ҳар биримиз учун, бутун инсоният учун нажот майдони, ҳаёт манбаи! Унинг ягона ва мутлақ эгаси мен, сиз, у ва ҳаммамиз. Биз ўз ахлоқсизлигимиз, худбинлигимиз ва нафс қулига айланганимиз оқибатида умумбашарий хонадонга ўт қўйяпмиз. Фақат шугина эмас, биз Ҳазрати Инсоннинг тарихий ва табиий тараққиёти давомида унинг шажарасини таназзулга олиб келдик, ирсиятни айнитдик. Инсоннинг генетик асосларини буздик. Геноцидга олиб келдик. Жисмоний жиҳатдан соғлом, аммо ахлоқий жиҳатдан майиб-мажруҳ кишилик жамиятини вужудга келтирдик.

    Чингиз Айтматовнинг озурда қалби ва шикаста руҳияти “Ерда бизларнинг ўзларимиздан, одамлардан бошқа ёвузлик соҳиби йўқ”, дейди. У одам тури ёвуз, осий ва гумроҳ банда, маънавий ғафлатдаги банда, деган хулосага келади. Ҳозирни ҳузур биладиган, эртасини ўйламайдиган банда. “Бугуним ўтди, эртага Худо пошшо” қабилида яшайдиган боқибеғам банда. Бу буюк адибнинг буюк изтироби эди.

    “Кассандра эмбрионлари — бизнинг мусибатимиз, жиноятимиз. Бунинг учун биз жавобгармиз”. Ҳа, биз уларни ўз ахлоқсизлигимиз, айшу ишратимиз, роҳат-фароғатимиз туфайли шу кўйга солдик. Худбинлигимиз, якка-якка тартибдаги манфаатпарастлигимиздан тортиб, глобал тўқнашувлар, қуролланиш пойгаси, зўравонлик, буюк давлатчилик шовинизмигача бўлган фожиаларимиз туфайли икки ҳафталик муртак-эмбрионнинг исён кўтариши даражасига олиб келдик. У “Одам бўлиб туғилсаммикан, туғилмасаммикан?” дегани ёруғ дунёга, кишилик ҳаётига буюк нафрат тўла қарашлари эмасми?! Бу — бизга, ҳаммамизга нафрат эмасми?! Инсониятнинг бутун ўтмишига, бугунига ва келажагига нафрат эмасми?! Ана шу чуқур изтироб тўла иккиланиш туйғусининг бутун моҳияти билан “Кассандра тамғаси — генетик гулкосаларда жуда бевақт сўлган гуллар марсиясидир.” Бу марсия бизу сизга,
    ҳаммамизга аталган. Бизнинг кирдикорларимиз келтирган чексиз фожиаларга қаратилган. Инсониятнинг бир неча минг йиллик ҳаётига нуқта қўйиладиган палла —
    охирзамондан дарак берувчи нидо.

    Чингиз Айтматов инсониятнинг ҳозирги цивилизациявий шароитдаги ахлоқий ва маънавий таназзули кишилик ҳаётининг инқирозига олиб келди, дейди ва уни охирзамон, деб атайди. Балки бу ёзувчининг қайсидир даражадаги ошириб юборган ҳиссий, эҳтиросий ҳолатидир. Балки бу буюк адибнинг муболағасидир. Лекин ҳаёт, ҳозирги турмуш тарзи биздан ҳушёрликни, келажак олдида қарздорликни тақозо этмоқда. Бир жинслиларнинг оила қуриши Европада қонун билан ҳимоялангани, инсонга кўнгли тусаганича яшаш имконияти берилгани ундаги ҳайвоний инстинктлар кучайиб бориб инсоний фазилатларнинг йўқолиб кетишига олиб келмоқда. Қолаверса, тўққиз яшар қизалоқни бурда-бурдалаб ўлдирган қотил ҳам аёл эди. Саккиз ойлик чақалоғини минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ҳам она эди. Ҳимоячиси йўқ, ота-онасидан айрилган, қалби шикаста, вояга етмаган қизларни доимий зўрлаб келган амалдорлар ҳам ўзини одам санайди. Буларнинг ҳаммаси, айтиш мумкинки, инсоният тафаккур тарзининг ўзгариб бораётганидан, ахлоқий таназзул мавжудлигидан далолат беради.

    Фазовий роҳиб Филофей Кассандра муртакларини она қорнидаёқ йўқ қилиш чораларини кўради. Инсоният ҳаётини аслига қайтариш, гўзал ва жозибадор турмуш тарзини асраш, инсоннинг асл қадриятий жиҳатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларни жуда ёшлигидаёқ аборт қилиш чораларини кўради. Бироқ бу инсон ҳуқуқлари, унинг эрки, танлаш ҳуқуқи нуқтаи назаридан ғайриинсоний ҳодиса. Ҳар қандай аёл ҳомиладор бўлдими, у она бўлишни истайди. Унинг бу ҳуқуқидан мосуво қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

    Устоз адибимиз Одил Ёқубов “Кассандра тамғаси” романининг ўзбек тилидаги нашрига ёзган сўзбошисида замонавий фаннинг илғор ижтимоий ютуқларидан мисол келтиради. Россия Фанлар академияси Тиббиёт-генетика илмий маркази директори, одам цитогенетикаси лабораторияси мудири Николай Кулишевнинг ходимлари 300 мингга яқин ҳомиладор аёлни текширувдан ўтказиб, оғир туғма ва ирсий касалликларга маҳкум 1250 бола дунёга келишининг олдини олганини айтади. Бу, албатта, ижтимоий жиҳатдан қайсидир даражада аҳамиятлидир. Чунки майиб-мажруҳ туғилган бола жамиятга ҳеч қандай наф келтирмайди. Аксинча, бошқалар яратган неъматлардан фойдаланади. Балки бу кераклидир. Бироқ у инсон-ку. Бунинг устига, зарарсиз инсон. Мабодо, жисмоний соғлом, ақлли бўлса-ю, ўзининг ноёб ақлини ёвузликка ишлатадиган одам туғиладиган бўлса, нима қилиш керак? Унинг ахлоқий, руҳий, ақлий даражасини, маънавий генетик асосини топиб бўлмаса керак. Топилганда ҳам туғилажак шундай бедаво, ёвуз одамнинг онаси уни муртаклигидаёқ йўқ қилишга рози бўлармикан? Ана шундай мураккаб психологик ҳолат, руҳий зиддиятлар оқибатида маҳбуса Руна ўзини ўзи ўлдирганини қандай тушуниш мумкин?

    Чингиз Айтматов инсон ва инсоният, одам ва олам ҳаёти, бугуни ва истиқболи ҳақида фикр юритар экан, жуда катта умумсайёравий муаммони таҳлил қилади. Бу билан улкан интеллектуал имкониятини намоён этади. Буюк адибнинг бадиий олами, фалсафий дунёси зиддиятли ҳаёт каби ғоят мураккаб, уммон каби сокин, дарё каби тошқин. Бу оламни яхлитлигича, бир бутунлигича тушуниш, англаш анча қийин.

    Нарзулла ЖЎРАЕВ,

    профессор

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates