Буюк тарихга айланган 47 йил

    Бобур Мирзо тил хусусиятларига эътибор қаратар экан, ғаройиб воқеаларни ҳам назардан қочирмайди. Масалан, у Самарқанд шаҳридаги Лақлақа масжиди ҳақида сўз юритиб, уни илмий асослаб кўрсатади: “...гумбазнинг ўртасила туриб, ерни тепсалар, ҳар томондан “лақ-лақ” товуши чиқади. Ғаройиб ҳолдир. Ҳеч ким бунинг сирини билмас”.

    Тўғрисини айтганда, айни кунларда ҳам халқимизнинг бой миллий тарихини ўзга мафкуралар ёлғонларидан ажратиб олиб, аслини халққа етказишда кўп сонли тарихчиларимизга осон бўлаётгани йўқ. Хусусан, яқин ўтмишимизнинг олтин паллаларидан бири – Темурийлар Уйғониш даври ҳақидаги тарих тўла ўз аксини топган эмас: жумладан, Темурийлар тарихи аслида битта авлод тарихи, бугунги ўзбекнинг битта китоби, аммо уни Темурийлар ва Бобурийларга бўлиб ўрганмоқдамиз. Хорижлик баъзи соялар эса ҳамон бу олтин тарихни “Мўғуллар империяси” дея ажратиб кўрсатишдан нарига ўтмаяпти.

    Ҳинд киноижодкорларининг бу катта тарихга масъулият билан қараб, Темурий ҳукмдорлар тилидан: “Биз Темурийлар!” дея асл ҳақиқатни ёритаётганлари ўша соя кучлар учун яхшигина сабоқ бўлиши керак. Ростдан ҳам, Амир Темурдан то сўнгги темурий ҳукмдор Баҳодир Шоҳгача, яъни 1370 йилдан 1568 йилгача тарих ўзаги битта, илдизи ягона, уни айри ўрганиш – яна ўзимизни ўзимиз алдашдир. Билъакс, Амир Темур ва Темурийлар Амударё шимолидан то Усмонийлар империясигача етиб борганлар, дея иддао қилишлари мумкин, аммо Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг салоҳиятли фарзандлари, авлодлари ҳамда зурриёдлари шавкатли аждодларининг адолатли давлатчилик ишларини давом эттирдилар ва Ҳинд халқи учун жуда катта хизмат қилдилар.

    Шу боис ҳам, улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига ҳамиша теранроқ қарашга тўғри келади, айниқса, тарихимизда бир неча сулолаларни юзага келтирган буюк ҳукмдорларимизнинг босиб ўтган сермашаққат йўлларига бугун ҳар қачонгидан ҳам теранроқ ёндашиш давр заруратидир. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур уммонига ҳам янада жиддийроқ назар солишга мажбурмиз. Тўғри, бу уммон тўғрисида кўп битилган, кўп ёзилган. Шу дамгача нашр этилган барча асарларни бир жойга тўпласак, неча тўплам бўлиши мумкин. Хўш, яна ўша қайтариқларни такрорлаймизми ва бундан ўқувчига нима фойда?! Ҳеч нима! Шу боис ҳам, улуғ аждодимиз Бобур Мирзонинг атиги 47 йил – жуда қисқа умр кўриб, ҳам давлатчиликда, ҳам илм-фан, адабиёт, мантиқ, фалсафа, фикҳ ва санъат, этнография, табиат, ҳайвонот дунёси, тилшунослик, инсонийлик, эзгулик ва бошқа соҳаларда амалга оширган ишлари хусусида сўз юритиб, улардан керакли сабоқ чиқарсаккина, бу мақоланинг бизга заррача фойдаси тегиши мумкин, акс ҳолда, шунчаки хўжакўрсин ишнинг ҳеч кимга кераги ҳам, зарурати ҳам йўқ. Ва, албатта, буларнинг барини ақл тарозусида чамалаб кўриб, “бу инсоннинг шунчалик катта муваффақият қозонишига сабаб нима?!” дея ўйланиб қоласиз.

    Ривоят қиладиларки, Бобур Мирзо олти ёшда экан, устозига шундай қийин ва жумбоқ саволлар бера бошлабдики, уларга жавоб топиш жуда мушкул ва оғир экан. Устозлари шундай зот эканки, шогирднинг саволларига жавоб беролмай қолишни жуда катта гуноҳи азим ҳисоблар эканлар. Гуноҳга ботмай, деган ўй билан бир куни олти яшар Бобур Мирзони қўлидан тутиб Фарғона вилояти ҳокими Умаршайх Мирзо ҳузурига етаклаб кирибди.

    – Ҳукмдорим, фарзанди аржумандингиз саволларига жавоб тополмай қолдим, мирзони мендан зуккороқ донишманд қўлига топширсангиз, мен ўзимдаги жами билимларни бекзодага бериб бўлдим! – дея узрларини сўрабди.

    Умаршайх Мирзо буни кутмаган экан. Боши қотибди.

    – Улуғ устоз, менинг диёримда Сиздан бошқа зукко донишманд йўқ, қаердан топаман бошқа устозни?! – дебди ноиложлигини билдириш учун.

    Сарой сукунатга чўмибди. Умаршайх Мирзо ҳам, устозлари ҳам бир-бирларига нима дейишни билмай қолишибди.

    Бобур Мирзо таъзим қилиб:

    – Падари бузруквор, рухсат беринг, кутубхонага кириб чиқай! – дебди.

    Умаршайх Мирзо ўғлига синчков қарабди.

    – Рухсат, рухсат! – дебди беихтиёр “қани, нима каромат кўрсатаркин?” деган ўй билан.

    Бобур Мирзо кутубхонага кириб, ҳаял ўтмай, ўнта қалин ва катта китобни зўрға кўтариб кирибди.

    – Мана, менинг устозларим! – дебди.

    Умаршайх ва устозлари китобларни қўлларига олиб, кўзларига суртибдилар. Бу китоблар Муҳаммад Хоразмийнинг “Ал-жабр”, Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплами, Маҳмуд Замахшарийнинг “Ал-муфассал”, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимдан қолган халқлар тарихи”, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, шунингдек, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, юнон олимлари – Арасту ва Демокритларнинг машҳур асарлари экан.

    – Бу китобларни ўқиб чиққан экансиз-да? – деб сўрабди падари бузруквори.

    Бобур Мирзо яна одоб билан таъзим қилибди:

    – Тангри гувоҳдир, шукрлар бўлсин, бу зотлар хотирамни бойитди! – дея жавоб қилибди. Ваҳоланки, қисқагина қилиб: “Ҳаммасини ёд олганман”, деса ҳам бўларди, аммо у кибрни ёмон кўрарди ва шу боис ҳам, отасининг саволига гўзал жавоб қилган экан.

    XIII асрда яшаган юртдошимиз Азизиддин Насафий ёзадики, “комил инсонда тўрт сифат камолга етган бўлиши керак: эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ахлоқ ва маориф. Демак, ҳукмдор Умаршайх Мирзода ва у зотнинг маликаи олийида ҳам шу сифатлар мужассам бўлган. Зеро, одам мияси шундай мураккаб руҳий олам, тоза, шаффоф уммонки, унинг қабул тизимини атиги бир томчи қора сиёҳ, яъни бир зарра ҳаром луқма тамом бузиб юбориши мумкин.

    Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўзининг “Тарихи Рашидий” асарида Бобур Мирзонинг инсоний фазилатларини ошиғич илҳом билан таъриф этган. “Бобур подшоҳ андоқ подшоҳ эрдики, навъ-навъ фазллар бирла ораста, шижоатда ғолиб эрди. Ва шеъри туркийда Амир Алишер раҳматуллоҳ алайҳидин кейин ҳеч киши андоқ шеър айтолмабдир”, деб ёзади у.

    Ҳали ҳеч бир юртидан айрилиқдаги подшоҳ Ватан олдидаги масъулияти ҳақида қалб ҳароратларини Бобурчалик жозиба билан ифода эта олган эмас.

    Ўз юртининг ҳавосини, шакар қовун-тарвузлари-ю, бол узумларини, шаффоф сувлари, ҳатто янтоғини соғинган Бобур Мирзонинг фиғонларини тушуниш мумкин! Аммо бу бетакрор туйғуни, унинг энг кичик заррасигача ич-ичдан ҳис этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.

    Шахс сифатидаги Бобурчи, унинг одамийлиги-чи?!

    “Бобурнома”нинг 1506-1507 йиллардаги воқеаларида Ҳиротдан Кобулга қорли довондан ошиб ўтишда Бобур Мирзонинг инсонийлиги янада яққол кўзга ташланади. “Кўнгулда кечдики, борча эл қорда ва чопқунда, мен иссиқ уйда роҳат бирла..” Оромни ўзига раво кўрмаган Бобур қор ёғиб турса-да, одамлари билан тонггача тоғда қолди. “...Ўшал кеча қулоғимга совуқ таъсир қилди”, деб ёзган эди у шу кунларни хотирлаб.

    Маълумки, алифбо яратиш сермашаққат, қийин ва ўта масъулиятли, лозим бўлса, айтиш керакки, ҳамманинг ҳам қўлидан келмайдиган иш. Аммо Бобур Мирзонинг 1504 йилда, атиги 22 ёшида “Хатти Бобурий”ни ихтиро қилгани тарихимиздаги буюк ҳодиса бўлган эди. Бу нарса унинг нафақат тилимизга бўлган буюк муҳаббатини, балки етук тилшунос бўлганини ҳам исбот этади.

    Ҳар вақтеки кўргайсен менинг сўзумни,

    Сўзумни ўқиб, соғингайсен ўзумни.

    Баҳордек гўзал, сержило бундай сатрларни битиш осон иш эмас, гўзалликдан гўзаллик юзага келади, Бобур Мирзонинг ўзи гўзал, иши гўзал, сўзи ҳам ана шундай гўзалдир. Унда буюк ҳукмдор ва адибнинг бутун ҳаёти, бошидан кечирганлари, феъл-атвори, ички кечинмалари ойдай намоён.

    Ана шу мазкур дастхатни бу зотнинг невараси Шоҳжаҳон кўз қорачиғидай сақлаган ва: “Ушбу туркий байт жаннатмакон Ҳазрат Бобур подшоҳнинг ўз қўллари билан битилган дастхатдир”, деб тарих варақларида муҳрлаб қўйган. Сўзга, ўтмишга, ўз тарихига, ота-бувасига эътиборни қаранг! “Зар қадрини заргар билар экан-да, ношудлар қаердан билсин!”

    Даврон мени ўткарди сару сомондин,

    Ойирди бир йўли хонумондин.

    Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

    Неларки, бошимға келмади даврондин.

    Элимиз латиф ишора этганидек, шоҳ ва шоир Бобур Мирзо дардини ҳам баҳордек гўзал ифода этади, унда ҳасрат ўзидан уялиб, нола ўзини гулга ўраб кўрсатади. Гарчи шу биргина тўртлик буюк инсон ҳаётининг бор моҳиятини ифодалаб турса-да, унда аввало гўзал қалбнинг бор бўй-бастини кўрамиз, яъни сўз танлаши, жумла тузиш маҳорати, қўллаган истиора, муқояса, ташбеҳ ва бошқа бадиий воситаларнинг гўзаллиги кўнглимизни баҳордек яшнатиб юборади. Бундай шеърият боғини эса фақат Бобур Мирзо қалами билан яратиш мумкинлигини кўриб турибмизки, неча асрлардан буён дунё тан олиб келмоқда.

    Шу маънода буюк ҳазрат Бобур Мирзо бобомиз зукко тилшунос сифатида ҳам ўзбек тилининг жозибасини, унинг нақадар бой тил эканлигини, бундай мумтоз тил билан ҳар қандай туйғу, ҳолатни ифода этиш мумкинлигини яна бир карра исботлаб берган.

    Биз халқимизнинг ана шундай бойликдан, гўзал маънавий тарбия, ҳақиқат ва ҳақни топишнинг қудратли воситасидан кўпроқ баҳраманд бўлиши тарафдоримиз. Бир пайтлар ана шу бойликдан бизни маҳрум этмоқчи бўлганлари ҳам, ундан тўлақонли фойдаланишга йўл бермаганлари ҳам бор ҳақиқатдир. Аслида, бадиий адабиёт маънавият мулкининг султонидир. Султонсиз мулк бошбошдоқлик манзилига айланади. “Олди-қочди”, саёз, хом асарлар, енгил-елпи газеталар, мазмунан қашшоқ, оҳанги бегона куй-қўшиқлар, бир-бирини такрорлаётган сийқаси чиққан сериаллар ҳам ана шу мезоннинг бузилиши оқибатида болалаб кетади.

    Ғарбда яшайдиган рус ёзувчиси Владимир Максимов: “Россиянинг иқтисодий тараққиёти бевосита Пушкинга боғлиқдир”, деб ёзган эди. Бу сўз бизга бироз ғалати ва ўринсиз туюлади, аслида эса ҳали уни ҳазм қилишга, демак, қалбимиз тайёр эмас. Аммо бу гапда маълум ҳақиқат борлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

    Бобур Мирзонинг кўҳна ўзбек тилининг бой хусусиятларидан жуда ўринли фойдалангани ҳақида, хусусан, машҳур “Бобурнома” асарининг тили борасида қимматли фикрлар ва маълум тадқиқотлар олиб борган адиб ва тилшунослар талайгина. Мен ҳам бир мухлис сифатида Бобур Мирзо тилининг сержило оҳангларидан завқ оламан, улар менинг севинчимни оширибгина қолмай, ҳаётимда, ишимда ҳам жило ва кўрк бериб туради. Шу боис ҳам, бугун сизлар билан ана шу жило ҳақида фикрлашмоқчиман. Чиндан ҳам, Бобур Мирзо сўз мулки, уммони, барча ўзбек лаҳжалари, жилолари ва бўёқларини ўзига мужассам этганки, уларни ўқиб, ғоят ҳузур қилиш, кўнглимизнинг тараққий этишида фойдаланиш мумкин.

    “Ёмонлиқ шойиъ эди”.

    “Шойиъ” сўзининг маъноси анча кенг. Ундан “шойиста”, яъни “муносиб”, “лойиқ” деган сўз ясалади. Ифода қуёш нурларида жило таратаётган мисли гулзор, лекин бу гулзорнинг тепасида қора булутлар ҳам бор.

    Луғатимиздаги “қалин” сўзига эътибор қаратсак, “Бобурнома”да бу сўзнинг анча-мунча маъноларини кўрамиз.

    “Алишербек қалин нималар ихтироъ қилиб эрди, ҳар кишиким, ҳар ишда бир нима пайдо қилади, ул ниманинг ривож ва равнақи учун “Алишерий” дер эди”.

    Халқ ўзи эъзозлаган кишини бошига кўтаради. Бу хабардан кўрамизки, Алишер Навоий бобомизни беҳад қаттиқ эъзозлаган, севган ва нимаики, янги ихтиро қилса, у зотнинг табаррук исми билан аташган.

    Яна ўқиймиз:

    “Ушбу сўзнинг устида эдиким, боғнинг деворидан ташқари қалин отлиқнинг келур овози келди”.

    “Султон Аҳмад Мирзонинг замонида ҳам бек ва бекот қалин боғча солдилар”.

    Бу ерда “бек” тушунарли, “бекот”-чи?! Бегойимми? Мана, сизга муаммо!

    Ҳозирда эса биз “қалин” сўзининг имкониятларини чеклаб қўйганмиз, “қалин дафтар”, “тоғ ён-бағри қалин лолага тўлган”, деймиз. Лекин ҳали-ҳунуз нуронийларимиз “келинга қанча қалин бердингиз?” деб сўрашади.

    Бобур Мирзо “фаровон” сўзини ҳозир биз қўллаётган маънодан бошқачароқ тарзда ишлатган.

    “Мухтасар вилояттур, ошлиқ ва меваси фаровон...”

    Агар биз ҳозир шундай деб ёзсак, баъзилар “бу ёзувчи ўта хатсаводсиздир” деб бонг уришади. Лекин Бобур Мирзо “меваси фаровон...” демоқда.

    Яна ёзади:

    “Меваси фаровон ва бисёр яхши бўлур”.

    “Маҳкам” сўзи хусусида ҳам худди шундай фикр юритиш мумкин.

    “Қиши маҳкам совуқтур, қори агарчи Кобул қорича тушмас...”.

    Бу ерда “маҳкам” сўзи “қаттиқ” маъносида ишлатилган, чунончи биз бугун “қиш қаттиқ келди”, деб қўя қоламиз.

    “Ғариба” сўзини ҳам Бобур Мирзо бир неча ўринларда келтиради.

    “Бу аснода ғариб воқеа даст берди...

    “Менга ғариб таъсир қилди”.

    Саййид бадр ҳақида ёзар экан, уни “ Ғариб рақс қилур эди”, дейди.

    Ҳозирда “ғариб” деганда, биз аҳволи ночорлашган кимсани ёки бирор манзилнинг хароб эканлигини тушунамиз.

    Бугунги шевачилик ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Бобур Мирзо бизни жуда уялтириб қўяди. Туппа-тузук қалам тебратиб юрган баъзилар ҳам адабий тил ҳурматини бир чеккага суриб қўйиб, шевачиликни авж олдираётганлари элу юртга нописандлик эканликларини англашлари керак. Бу борада Бобур Мирзо ҳазратларидан ўрнак олиш даркор, деб ўйлайман. Хусусан,

    Андижон вилояти ҳақидаги битикларига эътибор беринг:

    “Эли туркдир( ўзбекдир). Элининг лафзи қалам била ростдир”.

    Хўп, андижонликлар ўшанда ҳам ҳозиргидек тилда сўзлашганлари ҳақида билдик, аммо “лафзи қалам била ростдир”, деганда нимани тушунмоқ керак?! Бунга ҳам Бобур Мирзонинг ўзи жавоб беради: “Мир Алишер Навоийнинг асарлари Ҳиротда яратилиб шуҳрат қозонган бўлса-да, бу тил билан ёзилган”.

    Бу биз учун жуда ноёб тарихий битикларки, улар жуда кўп нарсадан огоҳ этади. Демак, ХV асрда ҳам хоҳ Андижон, хоҳ Ҳиротда бўлсин, битта адабий тилга риоя қилинган. Биз буни Огаҳий асарларида ҳам кўрамиз. Ҳозир эса, чиндан ҳам, шева босиб кетди. Айниқса, икки-учта қўшиқ куйлаб, ўзларини юлдуз санаётган “отарчилар” адабий тилимизга путур етказмоқдаларки, бу борадаги сабоқни ҳазрат Алишер Навоий ва Бобур Мирзо, Огаҳийлардан ўрганишимиз керак, чунки миллатнинг бирлиги, жипслиги, уюшқоқлиги ҳар нарсадан муҳимдир.

    Бобур Мирзо тил хусусиятларига эътибор қаратар экан, ғаройиб воқеаларни ҳам назардан қочирмайди. Масалан, у Самарқанд шаҳридаги Лақлақа масжиди ҳақида сўз юритиб, уни илмий асослаб кўрсатади: “...гумбазнинг ўртасила туриб, ерни тепсалар, ҳар томондан “лақ-лақ” товуши чиқади. Ғаройиб ҳолдир. Ҳеч ким бунинг сирини билмас”.

    Яна муҳим сифатларидан бири шуки, Бобур ўз халқининг фидойи фикҳшуноси ҳам эди. Зеро, унгача фикҳга оид асарлар асосан араб ва форс тилларида мавжуд бўлган. У эса машҳур “Мубаййин” асарини ўзбек тилида ёзди. Бу машҳур асарни ўз гўзал тилимизда нафақат ҳузур қилиб ўқийсиз, балки ундан жуда катта роҳат, маънавий озуқа ҳам оласиз. Чунончи ушбу асарда ҳукмдор ўз фарзандлари билиши керак бўлган фарз асосларини (имон, намоз, рўза, закот, ҳаж) ўташ масалаларини шеърий усулда баён этган. Зеро, “Дину донишда ҳар кун афзун бўл, Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл!” деб ҳам беҳуда ёзмаган. “Мубаййин”ни ўқиб, ҳазрат Бобур Мирзони янада яқинроқ англаш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман.

    Буюк шахслар, чин ҳукмдорларнинг санъатни яхши тушунишлари ҳам бизга ўрнак бўларли ҳодиса. “Бобурнома”да турли рақслар, куй ва қўшиқлар ҳақида қимматли маълумотлар берилганки, уларни ўқиб ҳазрат Бобур оламини янада теранроқ англаб борасиз. Ҳожи Ҳофизни, Мир Бадр раққосни, Удий, Шоҳқули сингари созандалар ҳақидаги фикрлари ғоят мароқли; мусаввирлар пешвоси Камолиддин Беҳзодни эса латиф сўзлар билан тилга олиб ўтган. Ўша пайтда Темурий беклар санъаткорларни азиз тутишган.

    Шунингдек, Бобурнинг табиат ва ҳайвонот оламига бўлган эътибор ҳам жуда қизиқарлидир. У Андижон ов қушлари ва ҳайвонлари ҳақида маълумот берар экан, “Ов қуши ҳам кўп бўлади. Қирғовули беҳад семиз. Шундай ривоят қиладиларки, бир қирғовулнинг гўштини тўрт киши еб тугата олмайди”, деб ёзади. Ёхуд ҳинд филлари, маймунлари, қушлар, балиқлар, уларнинг навлари, танг-туслари, ҳатто ҳаракатлари ҳақида ҳам жуда қизиқарли маълумотлар берганки, у зотнинг қанчалик кузатувчан, зукко эканлигига ҳавас қиласиз. Булардан ташқари, Бобур Мирзонинг йигирмадан ортиқ соҳалар бўйича теран фикрли ва ўта билимдон шахс бўлгани ҳам у зотга бўлган ҳурматингизни тоғ каби юксалтиради.

    Бу ўринда унинг қадами билан боғлиқ қадим бир манзилга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Боботоғ қўйнида жойлашган Говурон деган қадимий манзил бўлиб, мазкур жой тарихи археологиямиз ҳамда Бобурийлар тарихини ўрганувчилар учун муҳим манбалар бериши мумкин, дейишга асосимиз бор.

    Тарихий маълумотлардан маълумки, милоддан аваалги VIII-VII асрларда бир бутун йирик маданият маркази сифатида шаклланган юртлардан бири Бақтриядир. Юнонлар ҳам беҳуда бу томонларuа босиб келишмаган. Улар жуда катта қаршиликка дуч келган тоғли қалъалар ҳам айнан Бақтрияда эканлиги манбаларда тилга олинган. Искандар Мақдунлининг босқинлари ҳақида сўз юритган тарихчи Курций Руф Бақтриянинг икки вилояти ҳақида гапириб ўтган. Бу вилоятлардан бири – Паратека бўлса, иккинчиси Бубакендир. Термиз давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори С.Турсуновнинг маълумотларига кўра, Паратека ҳозирги Шеробод воҳаси ва унга туташ тоғолди ҳудудлари, Бубакена эса Боботоғнинг ҳар иккала ҳудуди, яъни кун чиқиш ва кун ботиш томонларидир. Шулардан хулоса қилиш мумкинки, Искандар Мақдунли қаршилик кўрсатган тоғ аҳлини қирғинбарот қилганда, бир қисм аҳоли Боботоғдаги Говургонда жон сақлаган бўлишлари мумкин, чунки ҳозирда у ердан топилаётган ашёлар шундан далолат беради. Демак, Говургон қалъаси тарихи ҳам жуда қадимга бориб тақалади. Унинг илк марта тилга олиниши ва пайдо бўлиши айнан ўша даврга оид, деб тахмин қилса бўлади.

    Амир Темур ва Темурийлар замонида Говургоннинг назардан четда қолиши мумкин эмас. Айниқса, Бобур Мирзо фаолиятида биз бу нарсани аниқ кўрамиз. Зеро, у Самарқанддан қочиб чиққанида, Ғарбга элтувчи ягона йўл — Термиз кечуви Шайбоний қўшинлари томонидан ёпиб қўйилгани боис у томонларда кўриниш ҳаёти учун хавфли эди. Шунинг учун ҳам, у Ургут тоғлари орқали сўқмоқ йўллардан Ҳисор тизма тоғлари орасидаги дарага тушиб келиб, шу ерда анча нафас ростлаган кўринади. Ҳозирги Дашнобод дарёси бўйидаги Боғи Самарқанд ва Шоҳқишлоқлари Бобур Мирзодан қолган ёдгорлик масканлари ҳисобланади. Эҳтимол, “Бобурнома”нинг йўқолган саҳифаларида ана шу қишлоқлар тарихи ҳақида хотиралар борлиги ҳақиқатдан йироқ нарса эмас. Бу жойларда ҳам жон сақлаш қийин кечган пайтларда Бобур Мирзо Боботоғдаги Говургон қалъасига келиб, бирмунча жон сақлагани ҳам аниққа ўхшайди. Чагам қишлоғи оқсоқолларидан бирининг “Мен ўша жойни Говургондан кўра, Бобуркон бўлганига кўпроқ ишонаман”, деган гапи ҳам беҳуда эмас. Чунки Говургон чиндан ҳам Эфталитлар даврида беморларни ташлаб кетадиган овлоқ жой бўлган бўлиши мумкин, аммо асрлар ўтиб, Бобур Мирзо қадами етгач, у Бобурконга, яъни шерлар маконига айланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Тарихий маълумотлар ҳам бу фикримизни тасдиқлайди: зеро, Бобур Мирзо айнан Амударёнинг шимолий қирғоқларида куч-қувват тўплаб, Хуросонга ўтган ва Қобулни қўлга киритган эди.

    Ёшлигимда эшитган икки афсона ёдимда қолган.

    Бир куни бир неча содиқ навкарлари Бобур Мирзони қидириб Ҳисор қалъаси яқинига келишибди. Маълумки, Ҳисор қалъаси Амир Темур ва Темурийлар замонида жуда мустаҳкам истеҳком бўлган. Аммо навкарлар қалъага борайлик, дейишса, у ерни аллақачон ғанимлар эгаллаб олишган экан. Шу боис, ортларига қайтиб, бир неча ҳафта Ҳисор дарасида жон сақлашибди. Ва бир куни савдо карвони ўтаётганда, карвонбошидан Бобур Мирзо дарагини сўраб-суриштиришиб, хабар ҳақини ҳам олтин баҳосида тўлашган экан, карвонбоши: “Эшитишимча, Бобур Мирзо Говургонни Бобурконга айлантирган эмиш!” дебди. Навкарлар кун бўйи йўл юриб, тоғу тош, тик қиялардан ўтиб, Говургонга боришса, чиндан ҳам Бобур Мирзо атрофига шер навкарларни йиғиб, ҳарбий машқлар ўтказиш билан машғул бўлиб турган экан.

    Шу ерда яшовчи Сиёвуш Абударасулов:

    “Бу ерда Ғишттепа деган қароргоҳ харобалари мавжуд. Уни ҳали бирор бир археолог ўрганган эмас. Амир Темур ва Темурийлар бошқаруви давридаги ноёб осори-атиқалар кўп. Айримлар бу ерни ўзларича ковлаб, ноёб осори-атиқаларни қўлга киритиб, тирикчилик учун фойдаланиб юришибди. Ғишттепани давлат муҳофазасига олиш керак”, дея фикрини ўртага ташлади.

    Олтинсойлик ўқитувчи: Дилбар опа Омонова, “Говургоннинг Ғишттепасидан олиб келинган ўта пишиқ ғиштларни чагам ва заркамарлик кишилар печка қуришда ишлатишган экан. Кўриниб турибдики, Ғишттепа муҳофазага муҳтож. Бу қадим манзил Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳамкорлигида ёш археологлар томонидан ўрганилса, жуда ноёб манбалар қўлга киритилади”, деди.

    Чиндан ҳам, Говургон ҳақидаги юқоридаги фикрларда жон бор. Ўйлаймизки, етакчи археологларимиз Бобур Мирзо қадами билан боғлиқ бу қадим манзилга ҳам эътибор қаратадилар ва албатта, Говургоннинг асл ҳақиқати ҳақида ўзларининг қимматли фикрларини ҳавола этишади. Кези келганда айтиш керакки, Бобур Мирзони англаш – бугунги авлод учун зарурий ҳолат ва шу боис ҳам, фақат байрам саналарида эмас, улуғ аждодларимизнинг дунёсини ҳар куни, ҳар дақиқа ўрганишимиз, таҳлил этишимиз ва улардан олинган сабоқлар асосида Ватан шаънини, эл қадрини ошириш йўлида фойдаланмоқ асосий вазифаларимиздан бири бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунончи БОБУРНИ АНГЛАШ ҳақида бўладиганини айтганда, бу зотни англадикмикин?

    Ўлсам, ясаманг мунда мозоримни менинг,

    Юклаб элитинг жисми низоримни менинг,

    Ўтру чиқариб халқи диёримни менинг,

    Куйида қўйинг тани фигоримни менинг!

    БОБУРНИ АНГЛАШ.

    540 йил. Кичкина давр эмас. Неча давлатлар, неча салтанатлар кунпаякун бўлди ва баъзиларидан қуруқ номларидан бошқа бирор нишон ҳам қолмади. Аммо Бобур Мирзо яшамоқда, у зот – тирик, биз билан бирга! Бундан англадикки, қаерда бўлманг, элу юртни унутмай меҳнат қилсангиз, миннатдор авлод, халқ ҳам Сизни сира унутмайди!

    Зеро Юсуф Хос Ҳожиб неча асрлар олдин айтган:

    Ҳукмдор бошида халқнинг ҳаққи бор,

    Ҳам халқ узра ҳақли эрур ҳукмдор!

    БОБУРНИ АНГЛАШ.

    Шу дамда мен ҳам Андижон узумлари таъмини, Тошкент нонларининг ҳидларини соғиниб турибман! Илоҳим, ҳеч кимни асл Ватандан, бори элдан айро қилмасин!

    Бори элга яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ,

    Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.

    Тўлқин Ҳайит,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

    Темурийлар тарихи давлат музейининг катта илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates