Бузилган қалб хоиндир!

    Ҳар бир мазмунли асар – бир мураббий! Унинг ичига киринг, у сизга албатта ҳаётнинг қизғин ва ибратли бир бўлагини тақдим этади.

    Яшил жилдли китобларни яхши кўраман. Чунки илк ўқиганим ва дунёда китобдай бир азиз дўст борлигини ҳис этганим – китобим яшил жилдли эди. Унинг қўлимга қаердан тушиб қолганини эслай олмайман. Китобнинг ичидаги айрим бетлари нам тортганидан униқиб қолган, баъзи сўзларнинг тагига қизил чизиқ тортиб қўйилганди. Энг асосийси, уни варақлаганимда қанақадир ёқимли бир ҳид тараларди. Орадан йиллар ўтиб, бу китобнинг жуда муҳташам нусхаларини сотиб олган бўлсам-да, лекин бирортаси ўша “яшил жилд”дек тўлқинлантиролмади. Чунки уларда ўша қадрдон ифор йўқ эди.

    Бу китобни ўқиганимда тўртинчи ё бешинчи синфда эдим. Мутолаа тинчимни бузганди. Эсимни таниганимдан бери билган дала-даштларим кўзимга бошқача кўрина бошлади. Баланд қирларга чиқиб, бу Боботов, дейман. Пойимда ястаниб ётган сайҳонликларни Чилбирчўлга ўхшатаман. Олисдан молларини подага қўшиш учун ҳайдаб келаётган қўшни қиз кўзимга Барчиной бўлиб кўринади. Қулоғимга дамба-дам отлар дупури келади. Хуллас, ҳар кўрганим бир маъно касб эта бошлади. Шундоққина ён-атрофимда ҳайратланишга арзирли жуда кўп нарсалар борлигини ҳис этаётгандим. “Яшил жилд”ли китобим мени ҳайратлар изидан эргаштириб бораётганди.

    Орадан йиллар ўтди. “Яшил жилд”ли китоб берган ҳайратлар ҳам улғая борди. Ҳайратлар улғайса, инсон улғаяди! Зеро, ҳайрат инсонни нарса-ҳодисалар маъносини англашга ундайди.

    Шу тариқа китоблар жавонига етиб бордим ва кўрдимки, инсон учун буюк мураббий шу ерда экан. Ҳар бир мазмунли асар – бир мураббий! Унинг ичига киринг, у сизга албатта ҳаётнинг қизғин ва ибратли бир бўлагини тақдим этади. Асар воқеалари ичига шўнғийсиз, қаҳрамонлари билан яшаб кўрасиз. Уларнинг гоҳ дардига, гоҳ шодлигига шерик бўласиз. Бу жавон сизга юзлаб инсонларнинг қисматидан ҳикоялар айтади.

    Мутолаага муҳаббат аввало оилада уйғонади. Зеро, болангизнинг китобга иштиёқи сизнинг эртакларингиздан бошланади. Бола сиз айтаётган “Бир бор экан, бир йўқ экан...”нинг “йўқ экан” деган жойини қабул қилмайди. Унинг учун ҳамма нарса “бор экан” бўлади. Шу соф ишончдан унумли фойдалана олсангиз, уни суистеъмол қилмасангиз, бола сиз сўзлаган эртакдаги заҳматкаш чолу кампирни тушларида кўради. Хаёлан ўрмондан ўтин елкалаб келаётган чол билан гаплашади. Унга раҳми келиб, ёрдам беришни истайди. Ялмоғиз кампирнинг шумликларидан хафа бўлади. Мана шу кечинмалар унинг митти қалбини муолажа қилиб, кўнглини яхшиликларга мойил этади. Ишонинг, у бир куни сизга шундай савол беради:

    – Нега ҳаётимиз эртакларга ўхшамайди?

    Бу савол қаршисида қувончдан кўзингизда ёш милтирайди. Чунки болангиз муддатидан олдин “чегара”га етиб келибди. Хаёл билан ҳаёт орасидаги чегарага! У эрта улғайибди, эрта англабди! Энди сиз болани жавоннинг унинг бўйи етадиган токчаларига таклиф этасиз.

    Китоб жавонларининг токчалари – комиллик пиллапояларига ўхшайди. Ёшликда ўқилган китоблардан олинган таассуротлар дарахт танасидаги ёзувлар каби инсон хотирасига муҳрланади. Инсон улғайгани сайин ўша асарларнинг моҳиятини яхшироқ идрок эта боради. Тасаввурларига ойдинлик инади. Ҳаёт ҳақиқатларига тайёр туришни ўрганади.

    Бугун дунё беқарорлашди. Унинг ранги рўйи ҳар сонияда ўзгариб бораётир. Бундай вазиятда инсон қалбини, туйғуларини асраб қолишда китоб жавонларининг ўрни жуда катта. Бир машҳур айтади: “Мен ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китоблардан миннатдорман”.

    Афсуски, сўнгги ўн йилликларда китоб мутолаасидан узоқлашиб қолдик. Узоқлашув жараёни фақат бизда кечмади, дунё миқёсида фан-техника ва телекоммуникация инфратузилмасининг ривожланиши, одамлар қалбидан китобга бўлган муҳаббатни сиқиб чиқарди. Эндиликда инсоний ҳиссиётлар қалб орқали эмас, совуқ смартфонлар орқали кечаётгандек, техникага қарамлик ўзимизни ҳам ҳиссиз бир матоҳга, темирга айлантириб қўяётгандек... Бугун табиатан ночор ва ожиз бир ўспиринни қийнаб, унинг азобланишини мароқ билан видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатаётган болалар ана шу қарамликнинг маҳсулидир. Инсоний ҳиссиётлардан мосуво бўлиб улғаяётган бу ўспиринлар бизнинг энг аламли мағлубиятларимиздир.

    Тарихдан яхши биласиз, 1945 йилда японларнинг бошига шундай бир бало ташландики, башарият Одам Ато замонидан бери бундай фожеани кўрмаган эди. Бир пайтнинг ўзида 200 мингдан ортиқ одам ўлди ва мамлакат ҳаётида битмас-туганмас асорати қолди. Лекин япон миллати шу билан йўқолиб кетмади. Бу миллат иродаси ҳар қандай Атом бомбасидан кучли эканлигини кўрсатди. Бор-йўғи 30 йил нари-берисида “япон мўъжизаси” деган атама пайдо бўлди. “Япон мўъжизаси”нинг моҳияти нима эди? Япония ва япон халқи кўрсатган мўъжиза – мамлакатда таълим тизимининг тўғри йўлга қўйилиши бўлди. Япон болалари ўқиш-ўрганишни 6 ойликдан бошлайди. Чунки миллат келажаги шу болаларга боғлиқ. Бундан муҳимроқ масала бўлиши мумкин эмас.

    Бизнинг қадим ватанимиз ҳам узоқ асрлар аввал илм-фан ва маънавият ўчоғи саналган. Кўплаб диний ва дунёвий билимлар пайдо бўлиши ва ривожланиши билан бир қаторда адабиёт ва кутубхоначилик ҳам тараққий этган. Доно боболаримиз китобнинг қадрини жуда яхши англаганлар. Ҳали ғарб олами маънавият нима эканидан бебаҳра бўлган бир пайтда шарқда маънавият бешиклари пайдо бўлган. Бу улуғвор тушунчанинг шаклланиши ва инсонлар онгига кириб бориши учун тамал асослар яратилган. Аммо буларнинг ҳаммаси қадимда бўлган. Бизнинг болаларимиз эса суронли бир даврда яшаяпти. Шов-шувларга ўч, беҳуда баҳсларга мубтало, вақтни ўлдирувчи ўйинларга тўла бир замонда... Бундай вазиятда болаларимиз онгини ва қалбини асраб қолишимиз буюк жасоратдир. Асраб қолишнинг ягона ва синалган йўли эса маърифатдир. Маърифатсиз, китобсиз, мутоласиз инсоний ҳаётга эришиб бўлмайди.

    Дарҳақиқат, одамият шу вақтгача китобдан-да яхшироқ дўст, дилдош ва дарддош тополмади. Назаримда инсониятнинг кашф этганлари орасида энг қийматлиси ҳам шу китобдир! Лекин бугунгидек талотўп бир замонда, бу ҳақиқатни ҳар кимнинг ҳам олдига қўёлмайсиз. Ҳазрат Замахшарий айтмоқчи: “Тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди”.

    Минг ваҳки, бугун кўпчилигимиз “тумов”га гирифтормиз. Гул билан тиконни фарқлаёлмай қолаётган ёшларимизнинг энг катта муаммоси ҳам шу – “ҳид” билмаслигидир. Ваҳоланки, кундан-кун таҳликалари кучайиб бораётган XXI аср кўчасига бунақа “юпун” ҳолатда чиқиб бўлмайди. Акс ҳолда ўзингизни ҳам, қалбингизни ҳам бой бериб қўясиз. Зеро, бузилган қалб хоиндир!

    Алишер НАЗАР

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates