Чегаралар ёпиқлиги сабабли Россиянинг қурилиш майдонларида ишчилар етишмаяпти

    Чегаралар ёпиқлиги сабабли, Россиянинг қурилиш майдонларида ишчи кучи етишмаслиги давом этмоқда, деб хабар беради “Интерфакс” Россия Бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллиннинг баёнотига асосланиб.

    Унинг таъкидлашича, бу муаммо, айниқса, Хитой ишчи кучига йўналтирилган Узоқ Шарқ учун долзарбдир.

    Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ қийинчиликларни қурилиш мутахассисликлари бўйича ишсиз қолган одамларни қайта тайёрлаш орқали ҳал қилиш мумкин.

    «Келгуси йилларда қурилиш ҳажмининг ўсишига шубҳа йўқ, шунинг учун биз Таълим вазирлиги билан қурилиш мутахассисликлари бўйича одамларни қайта тайёрлаш дастурини режалаштиряпмиз», деди Хуснуллин.

    Россия Федерацияси Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 100 минг нафар қурилиш ишчисига эҳтиёж бор.

    Аввалроқ, Бош вазир Михаил Мишустин вақтинча иш жойлари, хусусан, қурилиш соҳасида иш ўрнини яратиш учун 4 миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратилишини айтганди.