Чет тилларни чуқур ўрганиш халқаро майдонга кенг йўл очади

    Фикр 9 май 2021 3023

    Жорий йил 6 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим муассасаларида чет тилларни ўқитиш сифатини янада ривожлантириш йўлидаги жуда долзарб ва муҳим масалалар муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбари соҳадаги мавжуд ютуқ ва камчиликлар хусусида сўз юритар экан, хорижий тилларни ўргатиш бўйича янги тизимнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш топшириғини ­берди.

    Халқ таълими тизимидаги мактаб­ларда, афсуски, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларимиз бор. Уларнинг асосийларига ечим сифатида ўқитувчиларнинг чет тилларни билиш салоҳияти ва малакасини ошириш вазифаси қўйилди. Бунинг учун, биринчи навбатда, рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилади.

    Бугун айрим мактабларда чет тилларни ўқитиш сифати қониқарсиз ва бу ­Президентимиз томонидан ўринли танқид қилинди. Хусусан, 1 400 та мактабда чет тилни ўқитиш сифати яхши эмаслиги, мактаблардаги 11 минг ўқитувчидан 49 фоизи тестдан ўта олмагани ­бунинг яққол далилидир.

    Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида чет тилларни чуқур ўргатиш учун туман ва шаҳарларда 207 та мактаб танлаб олинди. Уларда хорижий адабиётлар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилда ўқитиш йўлга қўйилиши, вилоят ҳокимликларига мактабларда чет тилни ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгилангани тил ўргатишда жуда муҳим қадам бўлади.

    Ихтисослашган мактаблар ва олий ўқув юртларига тил эгаси бўлган хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш, ҳар бир туманда танлов ўтказиб, чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

    Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Бунинг учун мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида иккита чет тилни мукаммал билиши зарур. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилаётгани жуда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур агентлик олдига катта вазифалар белгилаб берилди. У дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дас­тур ва дарсликларини таълим тизимига жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилни ўргатишни ташкиллаштиради. Шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда амалиётга татбиқ этади. Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири бўлади. Агентлик хорижий тилларни билиш рейтингини юритган ҳолда чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади.

    Чет тили сертификати учун имтиҳонларни топшириш — бу ҳам пул. Давлатимиз раҳбари агар ўқитувчи юқори даражадаги IELTS оладиган бўлса, бунинг ҳам харажати давлат томонидан қоплаб берилишини билдирди.

    Бир сўз билан айтганда, эндиликдан “боғча — мактаб — олий таълим — корхона” занжири бўлиши орқали аҳолининг барча қатламига мос бўлган методика, тавсия ва дарсликлар ишлаб чиқилади.

    Ўқитувчиларга муносиб шароитлар яратиш, малакасига қараб рағбатлантириш, халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олганлар ойлик маошига 40 фоиз, юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама берилиши билим ва таълим бериш сифат кўрсаткичлари ошишида ижобий натижа кўрсатади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир шаҳар, туман ҳокимларига ҳам чет тили ўқитувчиларига эътибор қаратиш, чет тилни ўрганиш муҳитини яратиш бўйича катта вазифа қўйилди. Қайси вилоят ёки туман ҳокими халқ таълими мутасаддиларини тушуниб, уларга кўмак бераётган бўлса, ўша туманда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўриб, кузатиб турибмиз. Туман, шаҳарлардаги инглиз ва бошқа чет тили ўқитувчиларидан энг яхши икки нафарини маҳаллий бюджет ҳисобидан хорижий стажировкага жўнатиш белгиланди. Мактаблар бўйича алоҳида танловлар ўтказилиши вазифаси қўйилди, улар туман, вилоят ва рес­публика даражасида ғолиб бўлса, ўша мактабга 500 миллион сўм берилади.

    Бундан буёғига давлат муассасаларида ҳаммага лавозимига қараб тил даражасини билиш талаблари қўйиладиган бўлди. Чунки таҳлил қиладиган бўлсак, дунёда аҳолиси чет тилни яхши биладиган давлатлар иқтисодиёт, инвестиция масалаларида етакчи эканини кўриш мумкин.

    Йиғилишда таҳлил қилинган муаммолар ва белгилаб берилган устувор вазифалар асосида келгуси 3 йил давомида мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг сифат кўрсаткичларини яхшилаш, кўрсаткичи яхши бўлган мактабларни рағбатлантириш ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

    Шерзод ШЕРМАТОВ,

    халқ таълими вазири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates