Чирчиқ давлат педагогика институтида педагогик таълим инновацион кластери фаолияти йўлга қўйилади

    Таълим 14 апрел 2021 2233

    Ҳукумат қарори (213-сон, 14.04.2021 й.) билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди

    Қуйидагилар Институтнинг 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) ҳисобланади:

    -таълим соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан тубдан такомиллаштириш;

    -илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш;

    -Институт педагог кадрларининг билим ва малака, касбий тайёргарлик даражасини ҳозирги кун талаблари асосида ошириш;

    -хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, Институтнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш;

    -Институт моддий-техника базасини ривожлантириш.

    2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтда:

    - ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тизими;

    - ҳамда Педагогик таълим инновацион кластери фаолияти йўлга қўйилади.

    Қарор билан, Институт қуйидагиларни мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди:

    -Институт ҳузуридаги техникумнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, унинг тузилмасини, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларини белгилаш;

    -иш берувчилар талабларини инобатга олган ҳолда ўқув режаларидаги амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш;

    -хорижий мутахассисларни консультант, маслаҳатчи ва ўқитувчилар сифатида жалб қилиш ва уларга Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош тўлаш.