Чирчиқда Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди

    Рақамлаштириш 29 март 2021 925

    Тошкент вилоятнинг Чирчиқ шаҳрида навбатдаги Рақамли технологиялар ўқув маркази очилиб, ўз иш фаолиятини бошлади. Ушбу марказ Тошкент вилоятида ташкил этилган ўн иккинчи ўқув маркази ҳисобланади.

    Рақамли технологиялар ўқув маркази очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси, кенг жамоа вакиллари ҳамда маҳаллий ёшлар иштирок этди.

    Мазкур марказ сўнги русумдаги замонавий компьютер техникалари ва мебель жиҳозлари билан жиҳозланган бўлиб, аҳоли ва ёшларнинг замонавий ахборот технологиялари соҳасида билим эгаллашлари ҳамда корхоналар, ҳукумат ва бошқарув органлари ходимларининг малакасини оширишлари учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилган.

    Келгусида туман ёшлари ушбу ўқув марказларида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, интернетдан фойдаланиш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ўз билимларини оширадилар. Шунингдек уларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида инновацион ишланмаларни яратиш, старт-тап лойиҳаларини ишлаб чиқишга жалб қилиш ҳам мўлжалланган, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.