Чўпон ҳаётининг мазмуни

    Фикр 1 май 2021 2923

    “Боботовни ютдим! Бойсунтовни ютдим! “Шу гапни уч марта айтсанг бўлди, ўзи яхши бўлиб кетади...”

    Саксон ёшли бобо кунчиқарга қараб туриб олти-етти ёшлардаги болакайга шу сўзларни гапираётир. Болакайнинг лабига мавсумий бир яра чиққан. Буни улар “эзувлик” дейишади. Лабнинг икки чети ачишиб, намланиб озор берувчи бу иллат кўпинча ўсмир болаларда, қишдан сўнг, илк баҳор ойларида кўпроқ чиқади. Қон суюлиб, илик узила бошлаган паллада пайдо бўлади у. Шунда тонг вақти, болани кунчиқиш томонга қаратиб ўтирғизишадида, оғзига отнинг юганининг сувлиғини солишади. Муздай металл сувлиқ ҳилвираб, оғриқ бериб турган ярага бирам ёқиб кетадики, буни ўша дардни бошдан кечирган киши билади. Бу — ирим!

    Халқнинг минг-минг йиллик тарихида Қуёш Худосига, Ой Худосига сиғиниб, отлиқ, пиёда дашт кезиб юрган паллаларида пайдо бўлгандир бу гап-сўзлар балки, ҳарнечук бу ажаб таомил асосида эътиқод ётади. Бўлмаса, муштдайгина бола жимитдай оғзи билан сувлуқ чайнаб туриб, “Боботовни ютдим, Бойсунтовни ютдим”, деб ваъда-даъво қила билармиди!?

    Боботоғ — тоғларнинг бобоси.

    Боботоғ — чўкаётган тоғ!

    Боботоғ — сувсиз тоғ!

    Боботоғ — Сурхондарёнинг шарқида. Маълумотларга кўра, тоғнинг узунлиги 125, эни 30-40 километр. Энг баланд чўққиси 2290 метр — Заркоса. Палеоген ва Юра даври оҳактошлари, гил, алевролит қум тошларидан таркиб топган. Қирлари адоғида чиғаноқлар кўп.

    Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси бу манзилларда ҳам чайқалиб сузиб ўтганига ишонгим келади. Неча миллион йиллар бурун дунёни тўфон эгаллаб, сув олганида бу азим қирлар ҳам сув остида қолган. Эҳтимол, сув чайқалишидан сўнг тўлқинлар авжи билан пайдо бўлгандир бу қирлар. Чиғаноқли қатлам Сурхондарёнинг Ҳисор тизмаси адоқларида (Бойсунтоғ, Чўлбойиртоғ), Кўҳитанг тизмаси (Зараут даралари)да ҳам учрайди. Боботоғ илмий далилларга кўра, Осиёдаги энг ёши улуғ тоғ. Айрим қатламларнинг ёши миллиард йиллардан хабар беради.

    Ана шу тоғнинг қўшни Тожикистон билан чегара ҳудудларида “Тебатнинг ҳавори” деган манзил бор экан. Бутун дунёга “қоракўл терининг макони” бўлиб танилган бу манзилга бордим.

    Ва башарият бино бўлиб, андиша ва ҳаёни англагандан бери бузилмай сақланиб келаётган одамлар ва қадриятларни кўзим билан кўрдим. Уч юздан зиёд хонадондан иборат бу кенгликда бир-биридан узоқда яшайдиган қишлоқлар бор экан. Ўзимга йўлдош қилиб маҳоратли фотографни олиб келмаганимга ёки Рўзи Чориевдай мусаввир эмаслигимга надомат ҳам қилдим. Бу манзилларда одамнинг ўз-ўзидан ҳайқиргиси, қўшиқлар айтгиси келадимией?! Одам аллатовур ҳисларнинг асири бўлиб қолади. “Ҳай ёрааа!” деб чўпон боболар айтган термаларни кўнгил тусайди. Одам асли эркинликнинг фарзанди экани томиримдаги қадим қоним гупуриб кетади.

    * * *

    Тебатнинг ҳавори дегани Қумқўрғон туманига қарашли табиатнинг бир кенгиш текислиги. Жарқўрғонга туташган. Боботоғнинг тугаш жойидан бошланган. Боботоғнинг азим чўққилари маёқда ўтирган қоровулдай қўр тўкиб ўтиради — кўриниб туради. Аммо унга етиб боргунча ман деган йигит ҳам бўларича бўлади.

    * * *

    Алқисса, шу азим даштда Йўлдош ҳожи Ғўччиев деган саксондан ошиб, кампири билан фарзандлару неваралар камолидан шукронага келиб турган оқсоқолнинг хонадонида меҳмон бўлдим. Энг яқин қўшнисининг уйи уч ярим чақирим, мактаб етти ярим чақиримда. Гап, чўпон бобонинг қизиқ қисмати, ҳаётда топган йўли, барака топган чўпон таёғи хусусида бўлди.

    — Эй, шоир улим, бу Тебатнинг ҳаворида менинг кўзимнинг ёши томмаган жой қолмади. Миннат бўлмасин! Берган давлатигаям, берган дардларигаям кўп шукр! Беш ёшимда отадан етим қолдим. Энам бечоранинг бир гапи-дуоси қулоғимда қўрғошиндай қотди: “Сен сағирнинг ҳам уйинг бўлса, уйингдан икки оввора манглай терлаб чиқса, шу кунларни кўрсам — армоним йўқ!” Худойимдан айланай! Ўн икки ёшимда уч юз эллик туяга туябоқар бўлдим. Какайдига обориб сувлаб келгич эдим...

    Ўн олти ёшимда Соат чўпонга чўлиқ бўлдим. Кейин ўзимга колхоз қўй санаб берди. Кимсан бош чўпон бўлдим. Шу даштдаги қўтонимга келмаган катта қолмади. Ҳар юз бош совлиқдан икки юз-икки юз ўттиз қўзи тўл олганимда кўкрагимга орден тақишди. Мукофотга “Урал” лўлка беришди. Кейин ишимни бутун Сурхонга кўз-кўз қилди, чўпонлар тажрибага келишди. Энам бечора айтгандай “уйимдан икки овворанинг манглайи терлаб чиқди.” Энам шу кунларни ҳам кўрди. Кўп шукр...

    Чўпон бобо гапиряптию кўзимга уруш етим қилган авлодларнинг заҳматли ҳаёти кўриниб кетди. Яна бугунги ёшлар ҳам. Ўн тўрт ёшли ўғлимга қоронғи тушгандан сўнг дўкондан нон олиб кел десам, “бир ўзимми?” деб онасига жовдирайди. Бир кўзи телевизорда...

    Мана бу қаршимда ўлтирган суяклари йирик, саксон ёшли оқсоқол 1953 йилда уч юз эллик бош туяга чўпон бўлган. Қарийб 50-60 километр жойга туяни ҳайдаб, кун ора сувлаб келган. Туя деган жонивор 7-8 минг йил бурун қўлга ўргатилган бир ўжар жонзодким, баҳорда оғзидан кўпик сочиб қутуриб кетади — катта одам олдига боришга юраги дов бермайди. Аммо Йўлдош бобо, ўша вақтдаги Йўлдош етим туяга, туя галасига зўрини ўтказган. Бу ҳақдаги иккиланишимни чол илғади, чоғи, изоҳ берди:

    — Элда шундай гап юради: илон қувса, жоналаб (ёналаб, деётир) қоч. Туя қувса сойга қоч. От қувса гўрга қоч! Илон ёна бетда ўзи думалаб кетиб, сенга зиён беролмайди. Туя тепадан пастга чополмайди. Лўкиллаб орқада қолиб кетади. От қувса гўрга қоч дегани, отдан қутулиб бўлмайди. Отнинг деви бор. Қўлимдаги чўқморли заранг билан туянинг уюрбошиси қора нортуяни ётган вақтида бесабаб тумшуғига урдим. Туянинг жони оғриди. Ўкириб туриб қочди. Бутун галадаги туялар буни кўрди. Ичида “бу баччағар жомон экан, айтган томонига жураберайик” деган бўлса керак-да. Шуйтиб туябоқар бўлдим. Энажоним кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирғич эди: “Келдингми, қўзим. Туя торпиб (ҳужум қилиб, жароҳатлаб) ташламадими, деб ўтирибман” дерди. Мен бўлса: “Эна, ўзингиз айтасизку, Хизрбобо йўлдошинг, деб. Хизр бобом қўрийди мени,” деб тасалли бераман. Энам: “Илойим, шундай бўлсин-да!” деб милдирабгина дуо қилади.

    Олти ёшда эдим. Оқмачит деган жойда лалми буғдой эккан эдик. Шу буғдой пишди, ўриб эшак билан галагов қилдик. Буғдойни шопириб, қопга солдик. Икки сентирдан кўп бўлди. Буни эшакка ортиб уйга оббориш керак. Энам: бориб ҳамсояни чақириб кел, ортишиб юборсин, деди. Ҳамсоямиз ичиқоралик қилдими, ё ўзи чини билан касалмикан, келмади. Укам эшакни нўхтасидан қимирлатмай ушлаб турибди. У тўрт яшар эди. Мен эшакнинг устида тикка турибман. Энам қопнинг учини менга ушлатди. Ўзи пастдан кўтарди. Қоп эшакнинг устига етайетай деб қолганда, энамнинг кучи етмай яна пастга тойиб тушиб кетди. Оғирда! Охири, энам аламидан йиғлаб юборди. Сўнг бўйним аралаш елкамга бир мушт урди: “Қачон катта бўласан, қачон одам бўласан?” Мен ҳам, укам ҳам йиғлаб қопга тармашдик. Энамга Худо куч берди. Қопни эшакка ортиб олдик. Сўнг хурсанд бўп уйга келдик.

    Бобонинг чўпонлик, қоракўл терисига ихтисослашган қоракўл зотли қўй турига чўпон бўлиб довруқ қозонган палласига эътибор қилсак, жуда қизиқ маълумотларга дуч келамиз.

    У киши 16 ёшида Соат деган аркар (бош чўпон)га ёрдамчи чўпон — чўлиқ бўлиб ишга ўтади. Соат бобо ёш шогирдига дашту тоғлар сирларини, ўти мўл ёки заҳарли ўтлар ўсадиган манзилларни, қўйнинг феъл-атворини тобига келтириб ўргатиб боради. Зийрак, интилувчан, шоир ибораси билан айтганда, ҳаётга ўтдай тармашган ёш йигит устознинг ҳар бир ибратидан хулоса чиқариб, ўзида татбиқ қила олади.

    Чўпонлик — чўнг илмдир! Чўпон билганни баъзан академик ҳам билмайди. Дўмбирачиликда “Чўпонча” деган куй бор. Халқ тилида “чўпон уйқу” деган ибора бор. Чўпон — дашт султони. Унинг ички сезимларида табиатга катта меҳр бор, инстинкт даражада улуғ бир қўрқув ҳам бор. Бу қўрқув Яратган Оллоҳдандир.

    — Райондан бир эшон келди, — дея навбатдаги ҳикоясини бошлади бобо. — Қорамошинда. Мошиннинг устида ўнта қўй бор экан. У кишини танимасдим. Ўзини танитди. Бекэшон деган киши экан. Авлоди саййидлардан экан. Менга: шу ўнта қўйни боқиб бер. Икки йилдан сўнг опкетгани келаман, деди. “Хўп”, деб опқолдим. Ҳаммаси ҳисори қўйлар экан. Икки йилда эшоннинг қўйлари ўттиз бешта бўлди. Ўша йили мен ўттиз беш ёшга тўлган эдим. Эшон келди. Яна шу мошинда. Икки муриди-шотири билан. Қўйини сурувдан айириб олдига олиб келдим. Эшонбобо: “Ўнтасини олиб қолинг. Бу сизнинг хизмат ҳақингиз”, деди. Йўқ, дедим. Кўнмадим. Сўнг эшонбобо дардини очди. Гапнинг бўлари шулки, эшонбобо мендан олдин бошқа чўпонларга қўй қўшиб кўрибди. Бир-икки йилда бор қўйиям соп бўлиб, йўқолиб “Бўри еди, зовга учди” деган баҳоналарни эшитиб, уйга қуруқ қайтар экан. Эшонбобо қиблага бурилиб менга дуо берди. Кўп хурсанд бўлдим. Ўша йили мен давлатнинг планини 250 фоизга бажардим. Ҳар юз бош қўйдан 240-250 қўзи-тўл олдим. Қўйларим қийдай қўзилади. Менга мукофотга "Москвич" беришди. Эшонми, қорами, ким бўлсаям одамни рози қилган яхши-да...

    Айни пайтда Йўлдош отанинг ўғли Абдулла ака Ғўччиев бир отар қоракўл қўйнинг бош чўпони. Тағин бир невараси Файзулла Йўлдошев ҳам бошқа бир отарга бош чўпонлик қилади. Ҳар бири икки мингга яқин қўй боқади. “Кўк каптар” деб ном олган Сурхон қоракўли мовий, туси билан товланиб Оврупо бозорларида ҳам ўз харидорини топган. Катта-катта шаҳарларда қоракўл теридан тикилган пўстин ёки телпакларни кийиб юрган жаноблару хонимларни кўрсам, “Тебатнинг ҳавори”да заранг таёғини манглайига тираб, заҳмат тортиб юрган азиз инсон — чорвадор чўпон кўз олдимга келади. Қарийб йўқолиб кетиш арафасига келиб қолган қоракўлчилик соҳасининг Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланиши Йўлдош ота каби кўплаб чўпонларни хурсанд қилди.

    — Президентимизга кўп раҳматларим бор. Қоракўлнинг қадрини билди. Чўпоннинг кимлигини билди. Бир замонда битта бизди колхознинг 78 минг қўйи бор эди. Қани у қўйлар? Энди қайтадан тикланяпти. Насиб, ундан ҳам кўп бўлади. Ҳамма шароитлар қилинаяпти. Илгари бу бизга эртакдай эшитиларди. Энди кўнглимиз кўтарилиб катта ишларга бел боғладик. Худога шукр!

    * * *

    Молнинг туёғидан қаттиқ одам молдор бўлади. Бу гап рост. Бу гапдаги қаттиқ сўзи, хасис маъносида эмас. Аксинча, қаттиқ, мустаҳкам иродали деган мазмундадир. Шунинг учун ҳам “Деҳқон ёққанда (ёмғир-қор), чўпон ўлганда тинади”, деган мақол пайдо бўлганки, чўпон тирик жон билан муомала қилади. Қўйнинг ҳам кўнгли борлигини, уни англаш, тушуниш лозимлигини чўпон билади. Чорвада “Олмас” деган тўмтоқ термин бор. “Олмас” терминининг давоми қуйидагича: “Олмас қўй”, “Олмас эчки”. Маъноси бундай: бирор ёш қўй қўзилаганда боласини бегона қилиб, танимай қоладиган одати бор. Онасини эмиш учун келган қўзичоқни она совлиқ тепади, сузади. Қўзичоқ майиб бўлади. Буни билган чўпон совлиқнинг бўйнидан қучоқлаганча, қўйнинг оёқларини ушлаб туриб бир қўшиқ айтади. Бу қўшиқ қўйни ийдиради. Боласига меҳр уйғотади.

    Тўрай-тўй, тўрай-тўй,

    Ол болангни, жонивор,

    Ол болангни, эсли қўй.

    Тўрай-тўй, тўрай-тўй...

    Бу қўшиқни баъзан чўпоннинг аёли айтади. Аёлнинг овозида мунг бор, меҳр бор, сеҳр бор.

    Саратоннинг сариқ кунида пешонадан кун ўтиб, қишнинг изиллаган қаҳратонида сурувни ёйиб юрадиган, қишда қўтондаги шотрага ботиб, ёзда чанг ютиб, кийган кийимининг ранги ўнгиб юрадиган чўпоннинг таёғида Хизр алайҳиссаломнинг қўл изи бор дейдилар. Мен бу гапга жуда қаттиқ ишонаман! Чўпоннинг таёғи халқ орасида қасам ўрни турадиган муқаддас матоҳдир. Яъни бировни иккинчи бир киши нимададир, дейлик ўғирликда айбласа, айбланаётган киши буни тан олмаса, эл йиғилади. Ва ўртага чўпоннинг таёғини ташлайдилар. Ва айбланувчи ҳам, айблаётган киши ҳам ўз сўзини айтиб, ёқасини ушлаб, таёқдан ҳатлайди. Бу — қасам! Агар айбланаётган киши чиндан ҳам ўғирлик қилган бўлса, унинг ҳаётида албатта, ўзгариш бўлади. Буни даҳо эл қалби дарров пайқайди. Хулосасини айтади: ана, Худо кўрсатди. Бировнинг молини урган экан, жазосини олди!

    Шу сабабдан ҳам нақл бор: “Чўпоннинг таёғидан, келиннинг оёғидан”. Ушбу тугалланмай қолгандек туюлувчи гапдаги мазмун қут-барака ҳақидадир. Чўпоннинг таёғи баракали келса, йил яхши бўлади, экин-тикин авж қилади. Чорва барор олади.

    Янги тушган келиннинг пойи-қадами хайрли келса, беморлар шифо топади, бефарзанд кишилар тирноқ кўради. Ана шу табаррук таёқ ерда қолмаслиги керак. Йўлдош оқсоқолнинг таёғи ҳам ерда қолмади. Фарзандлар бу таёқни кўзига суриб, ота бошлаган ишни давом эттирмоқда.

    ўлдош ҳожи бир мақол айтди. Бу мақолни айтишга сабаб у кишининг оилавий ҳаёти ҳақидаги мавзуга кўчганим бўлди.

    — Отадан беш ёшимда етим қолган бир сағир эдим. Оллоҳ ўнта фарзанд — тўрт ул, олти қиз берди. Ҳаммагинаси омон-эсон юрибди. Худога шукр! Ўғилларимнинг учтаси чорва соҳасида. Эшмўминбой чорва бўйича иқтисодчи, Абдуллабой аркар, Хайруллабой ферма мудир. Кенжа ўғлимиз ўқийман, катта одам бўламан деб, Тошканга кетди. Умри узоқ бўлсин, унинг кетганиям яхши бўлди. Шаҳардаги ишларнинг ҳаммаси шу кенжанинг бўйнида. Қизларим палохмон тошдай бўлиб ҳар қайсиси ҳар жойда, палак ёзиб яшаб юрибди. “Бир отар қўйни боқишдан кўра, бир қизни боқиш қийин!” Бу — мақол! Қизларим ҳам Худога шукр, бетимизни ерга қаратган йўқ..!

    * * *

    Республикамизда ягона бўлган, қоракўл зотли наслчиликка ихтисослашган “Сайҳон-Боботоғ сури” наслчилик ширкат хўжалигида бугун чорвадор чўпонларимиз қарийб 30 мингга яқин қўйни боқишяпти. Чори Сатторов раислик қиладиган ушбу хўжалик туманнинг, вилоятнинг ўзига хос иқтисодий таянчи, айни дамда фахри ҳамдир.

    Мени Боботоғ қуёшидай иссиқ меҳр билан кутиб олган мезбонлар худди ўшандай илиқ тафт билан кузатиб қолдилар. Хайрлашув чоғида ҳожи отанинг ўғлига ҳазиллашдим:

    — Хайрулла ака, келгуси йил баҳорда таътилга чиқиб олдингизга келаман. Мени бир ойга чўпонликка ишга оласиз. Мияларим би-ир дам олиб қайтаман!

    — Бўлди, гап йўқ! — деди у табассум билан. Аммо қани энди ундай қилолсам, қилолмайманда. Интернетсиз, телеграмдаги хабарларсиз беадоқ даштда бир кун ҳам туролмайман. Ана шундай — темир матоҳларнинг асири бўлиб қолаётган юрагим бу даштларда бир тўлди, тошди, тўкилгим келди. Тўкилдим...

    Шодмонқул САЛОМ,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates