Чорвачилик ҳам илм-фан туфайли ривожланади

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 27 октябрь сонида Ветеринария илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Муҳиддин Рўзимуродов ҳамда Самарқанд вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Нурмуҳаммад Мардоновнинг "Чорвачилик ҳам илм-фан туфайли ривожланади" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ҳозир юртимизда қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш тармоғи жадаллашаётган бир пайтда чорва моллари ва паррандалар саломатлигини муҳофаза этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда.

    Шу туфайли ҳайвонлар ва паррандаларни юқумли касалликларга қарши режали махсус эмлаш ва ташхислаш зарурати ортяпти. Ўз навбатида, мунтазам диагностика ва эмлаш тадбирлари қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига хос юқумли касалликларнинг олдини олиш учун етарлича сифатли вакциналар, диагностика ва бошқа воситаларнинг мавжудлигига боғлиқ.

    Айни пайтда ветеринария дори воситалари асосий ассортиментининг 90 фоизидан кўпроғини тижоратдаги дори-дармонлар ташкил этиб, уларсиз мамлакатнинг эпизоотик ва эпидемик барқарорлигини сақлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, карантин ҳудудига кирувчи ва ўта хавфли ҳайвонлар, паррандаларда профилактика тадбирларини ўтказиш, соғлиқни сақлашнинг бошқа чораларини ташхислаш мумкин эмас.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлик тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг мамлакатимизда соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот муассасаларининг роли сезиларли даражада ошди.

    Инновацион ривожланиш вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли туфайли иқтисодиётнинг турли тармоқларида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси таъминланиб, илғор биотехнологиялар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, Ветеринария илмий-тадқиқот институти фаолиятида ҳам давр талабига ҳамоҳанглик ўз ифодасини топмоқда.

    Институт ходимлари томонидан ишлаб чиқилган 45 дан ортиқ патентланган ихтиро, 200 дан ортиқ тавсия, йўриқнома, қўлланма, методик кўрсатма, ишлаб чиқариш регламенти, ташкилот стандартлари чорвачилик соҳасига изчил татбиқ этиляпти. Бой илмий тажриба ва салоҳиятга эга институт жамоаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таклиф этилган стартап лойиҳаларда мавжуд илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жадал жорий этиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватламоқда.

    Стартап лойиҳаларни жорий этиш шуниси билан ҳам фойдалики, бунда даромад манбаини топиш учун бизнесни илмий муҳитга жалб қилиш қисқа вақтда ўзини оқлайди. Чунки лойиҳаларнинг асосий вазифаси илгаридан маълум бўлган даромад олиш ва уни амалга ошириш усули билан бизнесни кенгайтириш ҳисобланади.

    Ветеринария илмий-тадқиқот институти 2019 йилда биринчи марта “BIBINOR” МЧЖ билан ҳамкорликда 930 миллион сўмлик стартап лойиҳасини амалга оширишда иштирок этди. Ишлаб чиқариш майдончаси яратилди. Вакциналар, ветеринария тиббиётида қўлланадиган классик усулларга оид диагностикумлар ишлаб чиқариш учун замонавий ускуналар келтирилди. Жумладан, стартап лойиҳалар ёрдамида учта ишлаб чиқариш ва учта эталон референт штамм селекция қилиниб, рўйхатга олинди ҳамда “Ҳайвонлар микроорганизмларининг миллий коллекцияси”га киритилди.

    Ҳамкорликни ривожлантириш учун 2021 йилда Ўзбекистон — Россия “UNIGEN” МЧЖ ҚК компанияси билан биргаликда Инновацион ривожланиш вазирлигига умумий қиймати 2 миллиард 170 миллион сўмлик учта ариза киритилди. Шу асосда иммунофермент таҳлил учун тўплам ва реагентлар ишлаб чиқариш учун майдонча ташкил этилиб, бу борада амалий ишлар бошланди. Бундан ташқари, ҳайвонлар касалликларини ташхислаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилишга оид иммунофермент таҳлил ва экспресс-тест тизимлари учун замонавий тўпламлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бугун ишлаб чиқариш майдончаси зарур қимматбаҳо ускуналар билан таъминланмоқда.

    Мамлакатимизда ўзбек ветеринария илм-фанини ривожлантириш, маҳаллий, жумладан, янги авлод иммунобиологик препаратларини ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу ўринда иқтисодий фойда олиш учун кучли истак, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишни келгусида ҳам давом эттириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосий омил ҳисобланади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, олимларни қўшимча моддий рағбатлантириш ҳамда илмий фаолиятга қизиққан ёш мутахассисларни жалб қилиш учун шароит яратади.

    Ветеринария илмий-тадқиқот институти Инновацион ривожланиш вазирлиги, жумладан, унинг Самарқанд вилоятидаги ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Шу мақсадда ветеринариянинг долзарб йўналишлари ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун яна учта стартап лойиҳа тайёрланмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates