Чорвачиликни қўллаб қувватлашда комплекс ёндашув: барқарор даромад ва унумдорлик кафолати

    Субсидиялаш чорвачилик хўжаликлари томонидан етиштирилаётган маҳсулот таннархи ошиб кетмаслиги, демакки уларнинг бозор шароитида рақобатга дош беришини таъминлайди.

    Қишлоқ хўжалиги, айниқса чорвачилик тармоғининг жадал ривожланишига тизимли ва узоқ муддатли ёндашувга асосланган давлат кўмагисиз эришиб бўлмайди. Айнан давлат томонидан қўллаб-қувватланишга қаратилган комплекс чоралар аграр соҳада товар ишлаб чиқарувчига рентабелликнинг зарур даражасини таъминлаш имконини беради. Бу айниқса қоракўлчилик учун муҳим. Чунки нисбатан камхарж ва шу билан бирга катта даромад келтирадиган бу тармоқнинг салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқиши учун тадбиркорларга молиявий ресурслардан тортиб, ташкилий ишларгача давлат томонидан кўмак берилиши соҳа ривожида муҳим омил бўлади.

    Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада соҳа учун шу пайтгача мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очди.

    Унга кўра,2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилади. Қоракўлчилик тармоғи учун бу жуда муҳим. Чунки кластер раҳбарлари бўлган тадбиркорларга майда шохли молларга доимий равишда ем етказиб бериш, ветеринария тадбирларни ўтказиш, шунингдек, жун ва гўштни қайта ишлаш корхоналарининг узлуксиз ишини таъминлашга айланма маблағлар доимий равишда керак бўлади. Қолаверса, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида пайдо бўлаётган имкониятларни ҳам қўлдан бой бериш ярамайди.

    Бундан ташқари, янги қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2-бандига мувофиқ берилган имтиёзлар чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча хўжалик субъектларига ва омихта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланди. Эндиликда улар озуқабоп экинлар етиштирувчилар қатори ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Уларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади. Бунда субсидия харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳисобидан қопланади.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан озуқабоп экинлар етиштирувчиларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга ажратиладиган кредитларнинг валюта туридан қатъи назар, бир гектарга эквиваленти 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ кредит ставкасининг 10 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қопланади. Бу эса тадбиркорлар олган кредитларини ойма-ой муаммосиз қоплаб боришига имкон беради. Демак, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча хўжалик субъектлари ва омихта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз ҳудудларида озуқабоп экинлар етиштириб, озуқа базасини доимий равишда мустаҳкамлаб боради. Бу эса айниқса қоракўлчиликда самарадорликни таъминлайди.

    2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади. Қоракўлчиликни ривожлантириш учун қарорнинг бу банди муҳим аҳамият касб этади. Чунки сўнгги йилларда қатор вилоятларда ташкил этилган қоракўл зотли қўйларнинг сур ранги, қора ва кўк ранги бўйича юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий-наслчилик тажриба станциялари фаолияти селекция мақсадида наслдор ҳайвонларни урчитиш, наслли маҳсулот (материал) етиштириш ва ундан фойдаланишда алоҳида ўрин тутмоқда. Уларнинг, шунингдек, наслчилик хўжаликлари мақомига эга субъектларнинг ушбу имтиёзлардан келгуси уч йил мобайнида фойдаланиши натижасида бўшаган ва ўз ёнларига қолган маблағлардан фойдаланган ҳолда асосий фаолиятни кенгайтиришларига хизмат қилади. Бунинг натижасида қоракўлчиликда наслчилик базасининг мустаҳкамланиши эса қоракўлчилик кластерларнинг рентабеллигини оширишни ва тармоқнинг тезкор ривожланишини таъминлайди.

    Шунингдек, қарорда қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича ҳам имтиёзлар белгиланди. Ҳужжатнинг 3-бандига кўра ўрнатиладиган тартибга мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади. Ушбу бандда назарда тутилган субсидиялар қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25- санасигача ажратилади. Бу жуда муҳим, чунки бу ўринда субсидиялаш чорвачилик хўжаликлари томонидан етиштирилаётган маҳсулот таннархи ошиб кетмаслиги, демакки уларнинг бозор шароитида рақобатга дош беришини таъминлайди. Бу чора ҳам чорвадорлар, айниқса қоракўлчилик билан шуғулланувчи субъектлар учун шу пайтгача мисли кўрилмаган кўмак бўлди.

    Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳам сўнгги йилларда шакллантирилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимига хос комплекс ёндашув билан ажралиб туради. Чунки унда чорвачиликнинг барча тармоқлари муваффақиятли ишлаши учун зарур шароитлар яратиш мақсад қилинган. Шу жиҳатдан чорвачилик, жумладан, қоракўлчиликнинг давлат томонидан қўллаб- қувватланиши нафақат тармоқда жамланган ишлаб чиқариш, молиявий, ижтимоий салоҳиятнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши, балки, аввало, камбағалликни қисқартириш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хафсизлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг барча стратегик мақсадларига эришишга хизмат қилади.

    Баҳром ШАРИПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни

    ривожлантириш қўмитаси раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates