Чуст тумани инновацион ҳудудга айлантирилади

    Бугун инновацияларга эҳтиёж ҳар жабҳада яққол сезилмоқда.

    Шунга монанд омманинг уларга қизиқиши ҳам тобора ортяпти. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, иқтисодиётнинг тараққиёти доимо мақбул инновацион стратегия, энг сўнгги илмий-техник ютуқлардан фойдаланиш, ахборот технологиялари имкониятларини кенг жорий этишга боғлиқ.

    Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи асносида ҳамда яқинда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари хусусида ўтказилган йиғилишда инновацияларни олис ҳудудлардаги аҳолига етказиш, маҳаллий олимлар яратган ишланмалар орқали одамларнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг янги технологияларга қизиқишини ошириш ва уларни инновацион фаолиятга жалб қилиш учун жорий йил давомида ҳар бир вилоятда биттадан иқтисодиёти жадал ривожланаётган туманни инновацион ҳудудга айлантириш вазифасини қўйди.

    Илк намуна ва тажриба сифатида ушбу ташаббус бўйича Чуст туманида эътибор қаратиладиган асосий йўналишлар, ҳамкор ва жавобгар ташкилотлар, иқтисодий асосларни аниқ белгилаб берди. Шунга мувофиқ, Чуст тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда туманни инновацион ҳудудга айлантириш бўйича таклифлар ва уларни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

    Хўш, туманни инновацион ҳудудга айлантиришда қандай устувор ишлар бажарилади?

    Муайян ҳудудни инновацион ривожлантиришнинг муҳим омили инновацион инфратузилмани яратишдан бошланади. Бундай инфратузилма ўзаро боғлиқ, бир-бирини тўлдирадиган объект ва субъектлар жамланмасидир. Илмий фаолият натижаларини жорий этиш учун, аввало, мақбул шароит яратилиши шарт. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетдан инновацион фаолиятга ажратиладиган 1,64 миллиард сўм маблағ туман ҳокимининг инновациялар бўйича ўринбосари ва туманни инновацион ривожлантириш сектори фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий инновацияларни жорий қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу жараёнда туман ҳокимининг инновациялар бўйича ўринбосари фаолияти бевосита Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

    Туман қишлоқ хўжалиги секторига инновацияларни жорий этиш — ўта муҳим масала. Жараёнда фермер хўжаликлари, кластерлар ва ердан фойдаланувчиларга ресурслардан рационал ва самарали фойдаланишга кўмак бериш талаб этилади. Камроқ вақт, маблағ, табиий ресурслар сарфлаб, кўпроқ ва сифатлироқ озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш кун тартибидаги муҳим вазифалардандир. Президентимизнинг “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ҳозир Чуст туманида 2 минг 135 нафар ёшга 20 сотихдан ер ажратилган. Мана шу ташаббус доирасида меҳнатга бел боғлаган иқтидорли, фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш учун улар орасидан инновацион ғояга эга 200 нафар йигитга танлов асосида 10 миллион сўмгача маблағ ажратилади. Бу пул сифатли уруғ, ўғитлар харид қилиш ёки бошқа зарур инновацияларни жорий этишга сарфланиши мумкин.

    Чуст туманида замонавий, инновацион “Chust textile” корхонаси ташкил қилингани ҳақиқатан тарихий воқелик ҳамда охирги йилларда пахтачилик соҳасида олиб борилган ислоҳотларнинг салмоқли натижаси бўлди. Навбатдаги вазифа корхонанинг миллий брендини яратишда инновациялар билан ёрдам беришдир.

    Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази билан ҳамкорликда келгуси йилдан бошлаб Чуст туманида биотехнологик усулда олинган юқори ҳосилдор ва эртапишар “Порлоқ-1” ва “Порлоқ-4” ғўза навлари 4 минг гектар майдонга экилади. Олинган пахта толаси қайта ишланиб, “Chust textile” корхонасида тайёр маҳсулотга айлантирилади. Бу келгусида экспортга йўналтирилган “Порлоқ Чуст” миллий брендини яратишга хизмат қилади. “Порлоқ-1” ва “Порлоқ-4” ғўза навларининг толаси узун бўлгани боис уни хорижий давлатларга экспорт қилиш истиқболли саналади. Янги ҳосил етиштирилгунига қадар Геномика ва биоинформатика маркази захирасидаги 4 тонна пахта толаси яқин кунларда “Chust textile” корхонасига етказиб берилади ва экспериментал маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

    Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи маҳаллий хомашё ва пробиотик бактериялар асосида озуқа тури ва қўшимчасини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш лойиҳаси давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга катта эътибор қаратилаётгани маҳсулидир. Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликка қизиқиш ортаётгани янги озуқа турларини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.

    Чуст туманида хориждан импорт қилинадиган озуқа қўшимчалари ўрнига маҳаллий пробиотик бактериялар асосида озуқа қўшимчаси ва озуқа турларини ишлаб чиқариш технологияларини яратиш қишлоқ хўжалиги ҳайвонларидан мўл ва сифатли маҳсулот олинишига хизмат қилади. Турли пробиотик асосли қўшимчалар билан ишлов бериш емнинг хавфсизлиги ва озуқавийлигини таъминлайди. Турли замбуруғ микотоксинларидан ҳимоялаб, озуқада оқсил, аминокислота, витаминлар миқдорини орттиради. Бундан ташқари, чорва молларининг ҳазм тизимини яхшилаб, сут ва гўшт маҳсулдорлигини оширади.

    Ҳозир технопарклар инновацион инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг муҳим механизмларидан бири вазифасини ўтамоқда. Технопаркларнинг мақсади инновацияларнинг ишлаб чиқариш ва истеъмол бозорига кириб бориш йўлини қисқартириш, инновацион лойиҳаларни мантиқий якунига етказиш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратишдан иборат.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопаркида 2018–2020 йиллар мобайнида 35 резидент фаолият юритиб, 337 та янги иш ўрни яратилди. Резидентлар томонидан 147,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товар экспорт қилинди. Мазкур технопарк резидентлари 4,6 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди. Ҳудудий инновацион зонани ривожлантириш мақсадида технопарк резидентлари экстерриториаллик асосида Чуст туманида жойлаштирилади. Бу туманда илғор технологиялар, илмга асосланган тадбиркорлик ривожига истиқболли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмак беради.

    Навоий шаҳрида амалга оширилган стартап лойиҳамиз тажрибаси асосида Чуст шаҳри Wi-Fi Hotspot дастури асосида бепул интернет билан таъминланади. Мазкур лойиҳа ҳозирча Навоий вилоятида амалга ошириляпти ва у юртимизда ягона ҳисобланади. Навоий шаҳрида 400 та Wi-Fi қурилмаси ўрнатилган бўлиб, 6–10 километр радиусда шаҳар бўйлаб Wi-FI тармоқлари ишга туширилган. Бундай тизимнинг Чуст шаҳрида ишга туширилиши ҳудудга тадбиркорларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, хавфсизликни таъминлаш, озодаликни сақлаш каби қатор масалаларни ҳал қилишда муҳим омил бўлади.

    Айни пайтда кутубхоналар катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу зиё масканларининг китобхонларга ўзгача ёндашув билан бир қаторда фаолиятига янги технологик имкониятларни олиб кириши билан ҳам ифодаланмоқда. Асосий мақсад одатий мутолаа залини коммуникациявий ва маданий марказга айлантиришдир. Зеро, рақамлаштириш жараёни жадал тараққий этаётган давримизда кутубхоналар технологик ва услубий жиҳатдан ўзгариши табиий. Бу аснода кутубхоналарнинг имижи ўзгаради, оммалашади, тарбиявий аҳамияти ошади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг мавжуд электрон базасидан фойдаланган ҳолда Чуст туманидаги ўнта қишлоқ мактабларида инновацион кутубхона ташкил этилади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган бу лойиҳада QR кодларни жойлаштириш орқали адабий пештахталар ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

    Тиббиёт соҳасига инновацияларни жалб этиш ҳам жуда муҳим. Бу касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва назоратини такомиллаштириш, шунингдек, янги препаратлар ва ускуналар билан боғлиқ. Ўз навбатида, тиббий инновациялар аҳолининг ўзгарувчан талаб ва истакларини самарали қондиришга қаратилган билимлар кўламини кенгайтириш ва мавжудларини бойитишга қаратилган. Чуст туманида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 907 миллион сўм маблағи ҳисобидан 1 минг 200 беморга хизмат кўрсатадиган онкологик касалликларни диагноз қилиш инновацион скрининг хизмати фаолияти йўлга қўйилади. Бундан мақсад саратон касаллигининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чораларини кўришга қаратилган. Мазкур хизмат вазирлигимиз ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида акселератордан ўтган стартап лойиҳа бўлиб, наманганлик ёш олима Шоҳиста Рустамова ғоясига асосланган.

    Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасига инновацияларни жорий этиш ва маҳаллий хомашёдан янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, бунёдкорлик жараёнига сарфланадиган вақт ва маблағни тежаш, экспорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби масалалар ҳал этилади. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан ҳамкорликда ҳудудий тадбиркорлик субъектлари инновацион қурилиш материаллари, жумладан, керамогранит, металлогранит ва қурилиш ойнаси ишлаб чиқарилади.

    Шаҳарни ободонлаштириш, кўчаларнинг кўркини очувчи замонавий транспорт бекатлари аҳолига қулайлик яратувчи маконга айланмоқда. Вазирликнинг Термиз шаҳри тажрибаси асосида Чуст туманида ҳам маҳаллий бюджетнинг тасдиқланган харажатлари ҳисобидан ўнта “ақлли бекат” ташкил этилади. Уларда ёзги-қишки кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, “Фуқаро-тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-Fi интернет тармоғи, видеокузатув ҳамда USB электр тармоғи нуқталари ўрнатилади. Ҳар бир бекат қуёш панеллари билан таъминланиб, улар бекатнинг ёритқичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр энергияси билан таъминлайди. Бундан ташқари, бекатдаги одамларнинг сони тўғрисида тезкор маълумот тўплаш имконияти ҳам пайдо бўлади. Бу эса йўналишдаги транспорт ҳаракатини режалаштириш имконини беради. Шунингдек, бекатлар ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш ҳам мумкин. Бекатларда банк тўлов терминаллари ўрнатилиши аҳолига яна бир қулайлик бўлади. Учта бўлмали чиқинди қутилари аҳолининг экологик маданиятини оширишга ҳисса қўшади. Бекатларда ўрнатиладиган пойабзалларни тозаловчи ускуналар йўловчиларнинг саранжом-саришта юриши, жамоат транспортини тоза-озода сақланишига хизмат қилади.

    Мавсумий иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда бекатлар очиқ ва ёпиқ кутиш залларидан иборат бўлади. Шунингдек, ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида “ақлли бекат”нинг ички томонида ҳароратни назорат қилувчи мосламалар жойлаштирилади. Кеч тушганида бекатларнинг ойналари катта экран вазифасини ўтай бошлайди. Уларда турли ижтимоий ва тижорий реклама роликлари намойиш этилади. Бу роликларни бекат ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам туриб томоша қилиш мумкин.

    Инновацияларнинг бошида тадқиқотлар, олимлар, илм-фан ютуқлари туради. Наманганлик олимлар яратган олтита янги ишланмани тижорийлаштириш учун 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилади. Булардан ташқари, годжи (дереза) доривор ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда микроорганизмлар асосида органик-минерал ўғитлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

    Жорий йил якунига қадар эса бекор юрган ёшларни Сирдарё тажрибаси асосида иш билан таъминлаш, тадбиркорликка қизиқтириш, кичик бизнес ва касаначиликни ривожлантириш, касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида Чуст шаҳрида кичик инновацион технологияларга ўқитиш ва улардан фойдаланишга ўргатувчи Инновацион бизнес-акселератор ташкил этилади. У ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга қизиқиш уйғотишга, йигит-қизларнинг ахборот технологиялари бўйича билим олиши ва иш билан таъминланиши, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

    Бу йил Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича тажриба келгусида барча вилоятлардаги биттадан туманда амалиётга татбиқ этилади. Зеро, бу ташаббусни амалга ошириш учун зарур шарт-шароит, ишланма ва илмий салоҳият, энг муҳими, ҳалқимиз ва ёшларимизда хоҳиш-истак мавжуд.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    инновацион ривожланиш вазири, академик

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates