Cўнгги 5 йилда курьерлик жўнатмалари салкам 11 баробарга ошган

    2019 йилда Ўзбекистонга олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмалари 541 минг донани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич салкам 11 баробарга ошиб, 5 млн 736 минг донани ташкил қилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида” 55-сон қарори билан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлик учун (божсиз олиб кириш меъёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда) БҲМнинг 2 фоиз миқдорида (хар бир килограмми учун) йиғим ундирилиши белгиланди.

    Бироқ бу жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжлари учун ҳар чоракда курьерлик жўнатмалари орқали 1000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божсиз олиб кириш нормаси бекор бўлганини англатмайди!

    Таъкидлаш жоизки, ушбу йиғим курьерлик жўнатмаларини қабул қилиб олаётган жисмоний шахслар томонидан эмас, балки курьерлик хизматини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан тўланади.

    Сўнгги йилларда Интернет орқали электрон харидлар салмоғи сезилари равишда ўсиб бормоқда. Бу Ўзбекистонга олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмаларининг сони ошаётганидан ҳам яққол намоён бўлмоқда.

    Аҳамият беринг, 2019 йилда Ўзбекистонга олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмалари 541 минг донани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич салкам 11 баробарга ошиб, 5 млн 736 минг донани ташкил қилди.

    Табиийки, бу божхона органлари зиммасидаги иш юкламасини янада оширмоқда. Ҳар бир жўнатманинг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш давомида божхона органлари томонидан қатор ҳаракатлар ва тартиб-таомиллар бажарилади.

    Бунинг учун зарурий инфратузилма, божхона иншоотлари ва омборларининг узлуксиз фаолияти, божхона назоратининг техник воситалари, дастурий таъминот, инсон ресурслари, коммунал хизматлар, электр энергияси, кинология хизмати ва бошқа муҳим воситалар талаб этилади.

    Курьерлик жўнатмаларининг божхона расмийлаштируви учун жорий қилинган йиғим айни шу мақсадларга сафарбар қилиниши назарда тутилмоқда.

    Таҳлилларга кўра, 2024 йилда олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмаларининг 70 фоизини оғирлиги 1 килограммгача ва 22 фоизини оғирлиги 5 килограммгача бўлган жўнатмалар ташкил этганини инобатга олсак, ушбу йиғим миқдори курьерлик ташкилотларининг молиявий харажатларига жиддий таъсир этмайди.

    Мазкур норма халқаро курьерлик жўнатмаларининг тезкор ва сифатли божхона расмийлаштирувини таъминлаш билан бир қаторда курьерлик жўнатмаларида шахсий эҳтиёж ниқоби остида тижорат товарларининг кириб келиши ва ички бозордаги соғлом рақобат муҳити бузилишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

    Шунингдек, божхона органлари томонидан 2025 йилда халқаро курьерлик жўнатмаларининг тез ва сифатли божхона назоратидан ўтказилишини таъминлаш мақсадида янги ахборот дастурларини ишлаб чиқиш, тегишли божхона постларини замонавий назорат техник воситалари билан жиҳозлаш ва янги инфратузилма яратиш ҳамда фуқаролар учун жўнатмаларни кузатиш ва хавфсиз қабул қилиш тизимини жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates