COVID-19 пандемияси нуқтаи назаридан гендер тенглик ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

    Жорий йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева «COVID-19 пандемияси нуқтаи назаридан гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш акселераторлари» мавзусидаги халқаро давра суҳбати ишида онлайн форматда иштирок этди. Тадбир «БМТ-аёллар» тузилмаси томонидан ташкил этилди.

    Олий Мажлис Сенати Раиси ўз маърузасида иштирокчилар эътиборини COVID-19 пандемиясидан кейин тикланиш доирасида янги авлодга доир сиёсат, тенгсизлик ва зўравонликни бартараф этиш учун ҳаракатлар ва инвестициялар масалаларига қаратди.

    Хусусан, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ҳолатини яхшилашга, уларнинг мавқеи ва ижтимоий интеграциясини оширишга қаратилган жадал ислоҳотлар амалга оширияпти.

    Қабул қилинадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш татбиқ этилди. 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши сифатида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш масалалари белгилаб берилган. Хотин-қизлар таълим олишини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларни эҳтиёжи бўлган касбларга ўқитиш, соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилишига қаратилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур амалга ошириляпти.

    Хотин-қизлар ҳуқуқларини тарғиб қилиш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш, шунингдек хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича давлат органи сифатида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.

    Бу чора-тадбирларнинг барчаси мамлакатимизнинг гендер тенглик, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига содиқлигини тасдиқлайди.

    Давра суҳбати доирасида қатор хорижий давлатларнинг гендер тенглик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари, экспертлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг нутқлари ва маърузалари ҳам эшитилди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates