Лого Лого-пв-уз

    Даромадни қандай қилиб 8 миллиард доллардан ошириш мумкин?

    Энергетика 19 сентябр 2023 290

    Стратегия – юнонча “strategos” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “генералнинг санъати” маъносини билдиради. XXI асрга келиб бу атаманинг моҳияти анча кенгайиб кетди.

    У дунё миқёсида ва давлат ички ҳаётидаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳамда бошқа соҳаларда вужудга келадиган вазиятларни прогнозлаштириш ва бартараф этишга қаратилган бошқарувни ташкил этиш масалаларига доир тушунчаларни ҳам қамраб олди.

    Олимларнинг қайд этишича, сиёсат, стратегия ва тактика – устувор раҳбарлик ва бошқарув жиҳатлари билан боғлиқ учта мустақил категориядир. Уларнинг фарқи шундаки, стратегия тасдиқланган ва амалга ошириш учун қабул қилинган бўлса, унинг жорий қилиниши стратегиялаштирилаётган объектнинг маёғига айланади. Тактика эса стратегик вазифаларни амалга ошириш бўйича кундалик, жорий режаларни ва уларнинг ечими бўйича тадбирларни тақозо этади. Сиёсат эса, стратегия ва тактикани ягона самарали амал қилувчи тизимга агрегация ва интеграция қилинишидир.

    Ана шу муҳим тамойиллар Президентимизнинг жорий йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида, уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг чора-тадбирлари белгиланган қарорида ўз инъкосини топган. Стратегиянинг асосий ғояларидан бири бу барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олишдир.

    Шу мақсадда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар кўпайтириб, 160 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш белгиланган. Айни чоғда мазкур муддатда тоғ-кон саноатида ҳам юқори технологияларга асосланганган ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали юқори даромадли маҳсулотлар учун зарур бўлган мис ишлаб чиқаришни 3,5 баробар, олтинни 1,5 карра, кумушни 3 марта ошириш учун бор имкониятлар ишга солинади.

    Шунингдек, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун 250 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш, жумладан, 110 миллиард доллар хорижий ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва 45 миллиард долларга етказиш, илғор муҳандислар мактабларининг фаолиятини йўлга қўйиш, йирик корхоналарда ўзларининг касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ҳудудий корхоналар билан саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш, саноатда “яшил сертификат”лар бозорини ривожлантириш ва “экологик маркировкалаш” амалиётини жорий қилиш каби вазифалар ҳам қўйилган.

    Ушбу мақсадлар “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ фаолияти билан узвий боғлиқ ва корхонамиз уларнинг бажарилишига салмоқли ҳисса қўшиш учун барча асосларга эга. Мисол учун жорий йилда 4 та йирик инвестиция лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича лойиҳанинг жорий этилиши маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватини сезиларли даражада оширади. Биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна руда ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган карьер, 60 миллион тонна мисни қайта ишловчи 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилади, янги металлургия мажмуасини қуриш ишлари бошланади. Натижада комбинат қуввати – 300 минг тонна мис катоди, 25 тонна олтин, 176 тонна кумуш ишлаб чиқаришга ошади.

    Бугунги кунгача лойиҳа доирасида 500 дан ортиқ юқори самарали кон-транспорт техникаси харид қилинди, 100 миллион куб метрдан ортиқ кон юзасини очиш ишлари бажарилди. Бу йил ишлаб чиқариш объектлари: кон-тоғ ишлари учун портловчи моддалар заводи, ташқи сув, газ ва электр таъминоти иншоотлари, техникаларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими, маъданни қайта ишлаш ва жойига етказиб бериш конвейер тизими фойдаланишга топширилади.

    3-ва 4-мис бойитиш фабрикаларининг фойдаланишга топширилиши натижасида ОКМКнинг маъданни қайта ишлаш бўйича умумий қуввати 160 миллион тоннага етказилади. Бу – Чили, Перу, Мексика ва АҚШдаги энг йирик корхоналарнинг қувватидан юқори. Яна бир муҳим кўрсаткич – 11 минг иш ўрни яратилади.

    Мазкур мегалойиҳани амалга ошириш эвазига ОКМК жаҳонда тоғ-жинслари массасини қазиш бўйича 16-ўриндан 1-ўринга, маъданни қайта ишлаш ҳажми бўйича 25-ўриндан 1-ўринга кўтарилади. Мис ишлаб чиқариш бўйича эса энг йирик ишлаб чиқарувчиларнинг кучли ўнлигига киради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, 2030 йилга бориб, комбинатда мис ишлаб чиқариш ҳажми 500 минг тоннага, олтин 52 тоннага, кумуш 343 тоннага олиб чиқилади. Агар буни пулга чақсак, унинг йиллик даромади 8 миллиард доллардан ошади.

    Мис саноат кластерини ривожлантириш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш туфайли бу борада олинадиган даромадлар миқдорининг яна бир неча баробарга ўсиши таъминланади. Минтақа, қолаверса, вилоят инфратузилмаси ривожланади.

    Ушбу даврга келиб ташқи бозорларда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган мис катодларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни олиш заруратини юзага келтиради. Ҳозирги кунда Мис сотишдан тушган даромадлар тахминан 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Агар уни ишлаб чиқариш 400 минг тоннагача оширилса, яқин беш йил ичида ушбу кўрсаткич, ўзаро боғлиқ тармоқларни ҳисобга олган ҳолда, 7-8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин.

    Ушбу даврга келиб ташқи бозорларда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган мис катодларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни олиш заруратини юзага келтиради. Мис сотишдан тушган даромадлар ҳозирги кунда тахминан 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Агар мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннагача оширилса, яқин беш йил ичида ушбу кўрсаткич, ўзаро боғлиқ тармоқларни ҳисобга олган ҳолда, 7-8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин.

    Бундан ташқари, Стратегияда рақамлаштириш технологияларини жорий қилиш мақсадларига эришишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аслида олганда, бугунги тезкор замонда рақамлаштриш, IT технологияларсиз келажакни тасавввур этиб бўлмайди. Комбинатда ҳам рақамлаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича кейинги икки йилда 80 дан ортиқ лойиҳа ва вазифаларни амалга ошириш белгиланган эди. Ҳозирда шундан 66 таси жорий этилди. Ушбу йўналишда ишлар жадал суръатда давом эттирилади ва 2025 йилга келиб комбинатдаги барча соҳалар тўлиқ рақамлаштирилади.

    Шу билан бирга, комбинатда маҳаллийлаштириш жараёнлари орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Бунда “шатакка олиш” механизмидан ҳам самарали фойдаланяпмиз. Ушбу тизим орқали “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖ ташкил этилиб, 40 турдаги қуйма маҳсулотларни ўзлаштириш ишлари бошланган.

    Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 2024 йилдан бошлаб кимёвий чидамкор шиша толали маҳсулотлар, янги турдаги саноат электр двигателлари, мисни чуқур қайта ишлаш ва кукун саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

    Президентимиз таъкидлаганидек, ҳозирги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти шароитида юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли, рақобатбардош кадрларни камол топтириш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланган. Ҳар қандай корхонанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида юксак малакали кадрлар муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас.

    Комбинатда юқори малакали кадрлар тайёрлашни самарали бошқариш ва давр талабларига мувофиқ рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида бир қатор хорижий давлатларнинг муҳандислар тайёрлаш марказлари фаолиятини ўрганган ҳолда, замонавий муҳандислик мактаби ташкил этилмоқда. Бу мактаб Германиянинг “Aurubis AG” компанияси тренинг маркази намунаси асосида фаолият олиб боради. Мактабида геология, маркшейдерлик, кончилик иши, бойитиш, металлургия, механика, энергетика, кон саноати транспортлари, автоматлаштириш каби таълим йўналишлари бўйича тингловчилар ўқитилади.

    Машғулотларда давомида тингловчилар “Serpo Mineral Systems”, “Thyssenkrupp”, “Metso Outotec”, “УЗТМ-Картэкс”, “БелАЗ” каби дунёнинг етакчи компаниялари технологияларини ўрганишади.Назарий таълим янги педагогик технологиялар асосида ташкил этилади. Муҳандислик мактабида мутахассислар 6-10 ой муддатда қайта тайёрланади. Бир ўқув курсига 160 нафар тингловчини қабул қилиш режалаштирилган.

    Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу мактабда тингловчиларга дарсларни дунёнинг саноати ривожланган давлатлари олим-мутахассислари ва ўқитувчилари ўтишади.

    Ишонч билан айтиш мумкинки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган барча вазифаларни муваффақият билан бажарилиши натижасида яқин келажакда мамлакатимиз даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлардан бирига айланади.

    Давлатимиз раҳбари инсон манфаати устувор бўлишини юртимизнинг асосий сиёсати деб қарайди. Ана шу устувор сиёсатга ҳамоҳанг ҳолда, комбинатимиз аҳли ҳам янги-янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиб, иш ўринларини шакллантириб, аҳоли фаровонлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади.

    Абдулла ХУРСАНОВ,

    “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”

    АЖ бошқаруви раиси, сенатор

    No date selected
    сентябр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates