Давлат активларини хусусийлаштириш: янги иш ўринлари яратилади, туризм ва савдо ривожланади

    Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 февралдаги «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этди. Мазкур фармон билан давлатнинг бир қатор йирик активларини хусусийлаштириш белгиланди.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида савдога чиқарилиши белгиланган айрим давлат активларини янгича, замонавий усуллар орқали сотиш бўйича савдолар бошланганини эълон қилди. Бунда объектларни очиқ ва шаффоф сотиш тизимини таъминлашга жиддий эътибор қаратиляпти.

    Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан объектларни очиқ ва шаффоф сотиш тизими билан таништириш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташкил этилган пресс-турда маҳаллий ва хорижлик журналистлар, блогерлар давлатга тегишли учта йирик актив билан танишди.

    Тян-Шан тизмаси этагида, Бўстонлиқнинг Белдирсой трактида жойлашган «Белдирсой» оромгоҳи денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган бўлиб, бетакрор гўзаллиги билан йилнинг тўрт фаслида ҳам меҳмонларни ўзига чорлайди. Тоза ҳаво, ям-яшил арчалар, мовий осмон, зилол сувли чашмалар инсон руҳига ором бахш этади.

    46,1 гектар майдондан иборат мажмуа ҳудудида 19 коттеж, 38 хонадан иборат меҳмонхона, 80 ўринли 2 та ресторан, 3 та бар, ёзги ва қишки бассейнлар, 2 та анжуманлар зали мавжуд. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ меҳмонни қабул қила олади. Ҳудудда, шунингдек, биринчи тиббий ёрдам шохобчаси, бадминтон ва 2 та теннис корти ҳам бор.

    «Кумбел» чанғи йўлагининг «Белдирсой» мажмуасига яқин жойлашуви унинг қийматини янада оширади. Буюк Британиянинг The Observer нашри Белдирсой тоғ-чанғи курортини дунёдаги экстремал чанғи ва ҳели-чанғи учун энг яхши жойлар рўйхатига киритган.

    Бўстонлиқнинг ноёб ҳудудларидан яна бири – Сижжак дам олиш маскани. Денгиз сатҳидан 959 метр баландликдаги мазкур мажмуа пурвиқор тоғлар қўйнида жойлашган. Ям-яшил водий ҳамда йирик Пском дарёси ҳудуднинг жозибадорлигини янада оширган. Ҳудуднинг табиий ландшафти туризмнинг барча йўналишини ривожлантириш учун айни муддао.

    Мажмуа умумий майдони 5,4 гектар. Ҳудудда меҳмонхона, ресторан, кинотеатр, барлар, дискотека майдони, бир нечта очиқ ва ёпиқ бассейнлар, сауна ва массаж хонаси, спорт зали, коттеж ҳамда сув минораси мавжуд. Ойнаванд меҳмонхонадан ташқарига қарасангиз, водий ҳамда дарё ястаниб ётибди. Муҳташам роялдан янграган оҳанг табиатнинг сеҳр ва сирга тўла жозибаси билан уйғунлашади. Айлана атроф оқ қайинлар, декоратив дарахтлар, арча, турли-туман лола ва тоғ гуллари билан қопланган.

    Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Бўстонлиқнинг яна бир туризм салоҳияти юксак гўшаларидан – Қизил сув қишлоғида жойлашган «Қизил сув» спорт-соғломлаштириш мажмуасида ҳам бўлди. Умумий майдони 5,9 гектардан иборат мазкур мажмуа бир вақтнинг ўзида 110 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда 2 та ётоқхона, 8 та коттеж, овқатланиш хонаси, анжуманлар зали, бильярд хонаси, мини-футбол майдони, иккита сузиш ҳавзаси, автотураргоҳлар ва биринчи тиббий ёрдам пункти мавжуд. Айни пайтда мазкур мажмуа аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

    Булардан ташқари яна 5 та объект — «Пойтахт» бизнес мажмуаси, собиқ «Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси» биноси, «Маъмурий бино» (собиқ Республика биржаси маркази), Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бўш турган бино, «Малика» савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳамда Ичан-Қалъа меҳмонхонаси сотувга қўйилган.

    – Тошкент вилоятида 2021 йил ичида 80 та давлат активи сотилиши режалаштирилган, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Камолиддин Тоирбеков. — Жорий йилнинг дастлабки 3 ойида “E-AUKSION” веб-сайти орқали 38 та актив сотилди, шу жумладан, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан хусусийлаштирилди. Уларни ишга тушириш натижасида 51 миллиард сўмлик инвестиция киритилиши ва 320 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди. Давлат активларини бошқариш агентлиги оммавий савдоларда иштирок этиш учун қулай ва жозибадор таклифларни 2021 йил 30 апрелгача қабул қилади. Сўнг объектларни тадбиркорларга бериш масаласи кўрилади.

    Объектлар сотилиши янги иш ўринларини яратади. Мамлакат туризм ва савдо салоҳияти ошади. Бу эса мамлакат иқтисоди ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates