2023 йилнинг 1 ярим йиллигида Давлат бюджетига 25,5 трлн сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди:
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,5 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 24,7 трлн сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилди. Шунингдек, ушбу давр мобайнида тадбиркорларга 4 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Тизимда рақамли божхона тамойилини кенг жорий қилиш ҳамда тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб тўлаш”, “Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг пул маблағларини қайтариш” интерактив хизматлари, божхона кўриги самарадорлигини ошириш мақсадида “Божхона кўриги” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, Божхона органларига халқаро курьерлик жўнатмаларига оид электрон маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш мақсадида “Е-транзит” дастури доирасида “Е-тижорат” модули ишлаб чиқилиб, божхона экспертизасидан ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида, “Е-эксперт” ахборот тизими амалиётга жорий этилди.