Белгиланган тартибга кўра, “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси муҳокама учун порталга қўйилди.
Мазкур Низом “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига асосан ишлаб чиқилди. Низом давлат фуқаролик хизмати тизимида "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунга риоя этилишини таъминлаш мақсадида мониторинг ўтказиш тартибини белгилайди.
Низом билан режали мониторинг Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланган Иш режа асосида ўтказилиши белгиланмоқда.
Режадан ташқари мониторинг эса:
▪️Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириқлари;
▪️ давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
▪️давлат органи томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотлар натижалари;
▪️оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги қонунбузилишлар содир этилаётганлиги ёки соҳага оид қонунчилик ижроси таъминланмаётганлиги тўғрисида берилган ахборотлар;
▪️давлат органида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этилмаслиги каби асослар мавжуд бўлганда ўтказилиши белгиланмоқда.
Лойиҳада мониторингни ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби, мониторинг иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, мониторинг натижаларини расмийлаштириш, таъсир чораларини қўллаш, ўтказилган мониторинг натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таҳлилий маълумотлар киритиб борилиши билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмоқда.



