Давлат таълимнинг барча турига бирдек эътибор қаратади

    Конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида кўзга ташланаётган ўзгаришларнинг бош омили бўлиб, улар пойдеворини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди ҳамда жамиятдаги бугунги реал воқелик ва айни пайтда кечаётган янгиланишлар самарадорлигини таъминлайди.

    Бугун юртимизда Учинчи Ренессанс воқелиги стратегик вазифа ва миллий ғоя даражасига кўтарилмоқда. Унинг муҳим омили саналган олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусий олий ўқув юртлари, хорижий университетлар филиаллари сони ортяпти, улар олис ҳудудларимизда ҳам очилмоқда.

    2022-2023 ўқув йилида олий таълим олиш истагидаги абитуриентлар сони 1 миллион 200 мингдан ортиқни ташкил этди, ОТМларга қабул сўнгги олти йилда 5 баробар ортиб, талабалар сони 1 миллионга етди. Қамров эса 9 фоиздан 38 фоизга кўтарилди. Мисол учун, 2016 йилда 77 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2023 йилга келиб 200 дан ошди, шундан 40 таси нодавлат олий таълим ташкилотидир.

    Олий таълим тизими юқори стандартлар асосида фаолият юритиши учун унда маъмурий бошқарувдан тортиб, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот жараёнини ташкил этишгача академик эркинлик бўлиши лозим. Дунёнинг манаман деган университетлари муваффақияти ва рақобатбардошлигининг асоси ҳам уларнинг академик эркинликка эгалигидадир.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизда илк маротаба “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”, деган норма белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини таъминлаш олий таълимдаги асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган эди.

    Академик эркинлик ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлиб, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот ташкилотларида таълим бериш ва илмий тадқиқот ўтказиш эркинлиги дегани. Бу ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, илмий тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр қилиш, тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий ходимлар академик эркинлиги чекланмаслиги каби қатор жиҳатларда намоён бўлади. Ўзини ўзи бошқариш эса олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда илмий тадқиқотлар ўтказиш, ташкилий-бошқарув, молиявий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилишдаги мустақиллиги ва жавобгарлиги демакдир.

    Конституциямизнинг янги таҳририга ушбу норма киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг таълим, илмий тадқиқот жараёнида давлат иштирокини чеклаш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга олиб келади. Ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам ёшларнинг илмий салоҳиятини ошириш, қолаверса, мустақил ҳаётда муваффақиятларни қўлга киритиш имконини янада кенгайтиришдан иборат.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди”, деган норма мавжуд. Амалдаги Конституцияда ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган бўлса-да, ушбу ҳуқуқни амалга оширишнинг асосий механизмларидан бири бўлган узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш борасида давлатнинг мажбуриятлари акс эттирилмаган эди.

    Шу боис, давлат зиммасига фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган таълим тизими, узлуксиз таълимнинг турлари ва шаклларини ривожлантириш вазифаси юкланмоқда. Оддий айтадиган бўлсак, энди давлат таълим соҳасини ривожлантиришда эътиборни фақатгина умумтаълимга эмас, балки таълимнинг барча турига қаратиб, фуқаролар бутун ҳаёти давомида сифатли таълим олишига шароитлар яратади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки таълимнинг нодавлат шакли ривожида ҳам масъул бўлади. Бу сифатли таълим учун рақобатли танлов имкониятини вужудга келтиради.

    Биз илғор фикрлайдиган, қатъиятли, ўз мақсади сари ҳаракат қиладиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, муаммони илмий ёндашувларга асосланиб ижобий ечадиган малакали кадрлар тайёрлашни мақсад қилганмиз. Янги таҳрирдаги Конституцияга таълим йўналишида киритилган қоидалар эса бунинг учун имконият ва шароит яратиб беради.

    Сарвар ОТАМУРОТОВ,

    Тошкент молия институти профессори,

    социология фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates