Давлат тиббий суғуртаси тизими кенг кўламдаги масалаларни қамраб олади

    Саломатлик 22 апрел 2021 641

    Маълумки, 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида тажриба-синов лойиҳаси доирасида апробациядан ўтказиладиган янги тизим, яъни давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши кўзда тутилган.

    Сирдарёда жорий этилаётган янги тизим биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада ошишига ёрдам берса, иккинчидан, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайишига, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имконини беради. Учинчидан, юртимизда тиббий хизмат кўрсатишда соғлом рақобат муҳитини яратишга имкон беради. Қолаверса, янги тизим сабаб тез тиббий ёрдам тизими янада яхшиланади. Тез тиббий хизмат кўрсатишига ихтисослашган тез ёрдам машиналари сони ҳамда тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланиши даражаси ошади. Бу эса кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошишига, кўламини кенгайишига сабаб бўлади.

    Шу мақсадда жорий йил 8-13 февраль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида манфаатдор вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида семинар ҳам ташкил этилган. Семинарда Сирдарёда, янгитдан жорий этилаётган «Давлат тиббий суғуртаси тизими бўйича концепция» лойиҳаси ишлаб чиқилган.

    3 мартда эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, АҚШнинг USAID ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Сирдарё вилоятида уни жорий қилиш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

    — Сирдарёда жорий қилинаётган давлат тиббий суғуртаси тизими, тиббиёт соҳасини молиялаштиришдан тортиб, замонавий бошқарув тизимигача, ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг кластер моделидан тортиб, соҳани рақамлаштириш, электрон тиббий карталар, электрон поликлиника тизимигача бўлган кенг кўламдаги масалаларни қамраб олади, — дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Рустам Юлдашев. — Бирламчи тиббий санитария муассасаларини рақамлаштириш, Интернет ва локал тармоқларга улаш, ходимларни малакасини ошириш, аҳолини хатловдан ўтказиш, хавф гуруҳларига ажратиш, электрон тиббий карталарни жорий қилиш борасидаги ишлар Сирдарёда бошлаб юборилган.

    — Жорий этилаётган янги тизим нафақат биз шифокорлар учун, қолаверса аҳоли учун жуда фойдали, — дейди Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Олим Бекмуродов. — Бундан бир ярим йил муқаддам электрон поликлиника тизимини ишга туширгандик. Бу жуда фойдали ва самарали бўлди. Чақирувлар, врач қабулига кириш, лаборатория текшируви натижалари электрон тарзда амалга ошириш имконини берибгина қолмай, турли оворагарчиликни олдини оляпти. Тизим ишга тушгач, врачларимиз кўрсатилган хизмати ҳисобига ҳақ олади. Демак, шундай бўлгач, улар ўз устида ишлаб, беморларга муносиб хизмат кўрсатишга ҳаракат қилади. Хизмат кўрсатмаган, ўз устида ишламаган врачнинг эса ойлик маоши камайиб боради.

    — Бўлимимиз ходимлари томонидан оилавий шифокор йўлланмаси асосида келган фуқаролардан 5 турдаги, туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларида даволанаётган беморлардан 20 турдаги таҳлил намуналарини олиниб, текшириш ишларини йўлга қуйганмиз, — дейди лаборатория мудири Турдиқул Бурхонов. —Таҳлил натижаларини эса электрон базага киритиб, онлайн тарзида даволовчи ёки йўлланма берган шифокорга юборяпмиз. Бу ҳам ўзимиз учун, ҳам даволовчи шифокор учун ниҳоятда фойдали. Бемор ёки фуқаро таҳлил натижасини кутиб овора-ю, сарсон бўлиб бўлим эшиги олдида сарғайиб ўтирмайди. У белгиланган вақтда ўз шифокори ҳузурига борганда, таҳлил натижалари унинг ўзини қўлида эмас, даволовчи шифокорда бўлади. Қарабсизки, шунга қараб даволаш муолажалари буюрилади. Бу ҳам туманимиз аҳолиси, қолаверса врачларимиз учун катта янгилик бўлиб, улар ишини самарасини оширади.

    Маълумки, Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизими 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи босқич Давлат дастурида белгилангандек тажриба тариқасида Сирдарё вилоят тиббиёт муассасаларида, иккинчи босқич 2023 йилда Қорақалпоғистонда, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, учинчи босқич 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

    — Бепул тиббий хизмат аслида нисбий тушунча. Давлат тиббий муассасасида бепул даволанаётган бемор харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Аксарият давлатларда эса бунинг акси. Улар тиббий хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш учун тиббий суғурта тизимидан фойдаланилади, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов. — Юртимизда жорий қилинаётган давлат тиббий суғуртаси тизими аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада ошишига, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимолини пасайишига, одамларни ўртача умр кўриш давомийлигин янада ортишига сабаб бўлади.

    Бир сўз билан айтганда, юртимизда жорий қилинаётган давлат тиббий суғуртаси тизими тиббиёт муассасалари ўртасида ҳар бир мижоз учун рақобатни кучайишига хизмат қилади. Сабаби, беморни тиббий муассаса ва даволовчи шифокорни танлаш имконига эга бўлади. Хасталик бўйича қайси шифо масканига мурожаат қилиш, врач қабулига ёзилиш, мутахассис ёзиб берган дориларни топиш каби масалаларга осон ечим топиш имконини беради.

    Ғулом ПРИМОВ,

    Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш

    бошқармаси матбуот хизмати ходими.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates