Давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам кўприк

    Қонуннинг асосий жиҳатларидан яна бири – унда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилгани.

    Умумбашарий қадриятлар билан бирга виждон эркинлиги инсониятнинг маънавий юксалишида муҳим ўрин тутадиган эзгу омиллардан саналади. Шу боис, жамиятда бундай қадриятларнинг ҳар томонлама кафолатланиши фаровонлик, тинчлик ва барқарор ривожланишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни айнан жамиятимиз равнақига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Шуниси эътиборлики, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда Ўзбекистонда ҳуқуқнинг ушбу соҳасида шу пайтгача маълум даражада мавҳум бўлиб келган кўплаб тушунчаларга аниқлик киритилди. Қолаверса, унда виждон эркинлиги меъёрлари аниқ кўрсатилиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи белгиланди. Қонуннинг асосий жиҳатларидан яна бири – унда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилгани. Хусусан қонуннинг тегишли моддасида маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробарга камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди.

    Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди. Бу бежиз эмас. Чунки бугунги кунда диний ташкилотлар ҳар қандай мамлакат ижтимоий тузилмасида ўзига хос ўрин тутади. Уларнинг давлат билан муносабати ўша давлатдаги фуқаролар эътиқодига нисбатан ҳурмат даражаси, давлатнинг кучли мафкурага эга нодавлат тузилмаларига муносабати ва бошқа кўплаб жиҳатлар ҳақида фикр юритиш имконини беради. Ўз эътиқодига содиқ инсонларни, ўзи танлаган дин амалларига эмин эркин риоя қилган ҳолда яшаши учун муносиб шароит яратиш ҳам аслида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда таъминланганлигини кўрсатади.

    Айтиш жоизки, баъзи ҳолларда диний озчиликлар ҳуқуқлари бузилиши, бир қатор демократик конституциявий тамойилларга путур етиши, дунёқарашга асосланган танлов эркинлиги чекланиши, айрим давлатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашув имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва унинг чақириқларига муносиб жавоб бериш имконияти қўлдан бой берилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу жиҳатдан мазкур қонун билан бундай тузилмаларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилиши, аввало жамиятда умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш, ҳуқуқ ва давлат ривожини жадаллаштиришга хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши белгиланди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

    Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган сиёсат давлатнинг дунёвий хусусияти ва унинг бағрикенглиги тамойилларига асосланади. Барча динларга нисбатан бағрикенг муносабат, давлатнинг дин билан соғлом ва конструктив ҳамкорлиги шулар жумласидан. Бунинг натижасида мамлакатимизда кўпконфессияли жамият ривожланмоқда, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар тинчлик ва тотувликда истиқомат қилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар диний таълимда ҳам туб ўзгаришлар ясади, натижада тизимни такомиллаштиришга оид кўплаб масалалар ечим топмоқда. Шу жиҳатдан янги қонунда ҳам диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъий назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

    Шу ўринда яқин тарихимизга назар ташласак. ХХ аср охирида синчков кузатувчилар диннинг дунё миқёсида сиёсат, маданият ва иқтисодиёт ривожланиш жараёнида ҳам акс этганини ажабланиб қайд этган. Яъни, асосан маънавият соҳаси, ижтимоий ва оилавий ҳаёт меъёрларида кўпроқ сезиладиган бу омилнинг барча жараёнларга таъсири ошди. Ҳозирда ҳам биз бу тенденциянинг давом этаётганини кўрмоқдамиз.

    Бундай шароитда диний таълимнинг аҳамияти орта бошлади. Чунки ҳар бир динда инсонни тараққиётга рағбатлантирувчи куч топиш мумкин ва шу жиҳатдан дин аҳкомларини тўғри тарғиб қилиш, уларнинг моҳиятини асл ҳолатда оммага етказишда айнан диний таълимнинг ўрни беқиёс экани аён бўлди. Айрим ғаразгўй кучлар барча динлардан ниқоб сифатида фойдаланиб, ёт ғоялар воситасида одамларни манипуляция қилишларига йўл қўймаслик ҳам айнан диний таълимнинг профессионал мақоми билан боғлиқ. Демак, диний таълим билан фақат мутахассислар шуғулланиши лозим.

    Ҳар кимнинг аҳолини “ўқитиши” дин тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалишига, одамларда динга хос муҳим масалалар борасида бирёқлама тушунчалар шаклланишига олиб келади. Бунинг оқибатида юртдошларимиз орасида диний масалаларда зиддиятлар пайдо бўлиши, фуқаролар, айниқса ёшлар ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушиши мумкин. Шу боис, қонунда диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди. Қолаверса, қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

    Хулоса ўрнида айтиш керакки, жамиятлар алоҳида тамаддунлар, яъни цивилизациялар негизида, муайян қадриятлар тизими пойдеворида ташкил топди. Уларнинг барчасида умумий фойда учун ҳаракат қилиш, ота-онани улуғлаш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш каби башарият учун умумий ҳисобланган қадриятлар мавжуд. Шу тариқа, динлар маънавият ва ахлоқ меъёрларини белгилайди.

    Мазкур қонун давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар такомиллашувига, ижтимоий тараққиётимиз жадаллашувига ва пировардида динлараро тотувликка хизмат қилади. Зеро, инсонга хос ҳалоллик, адолатпарварлик, бошқаларга озор бермаслик, қонунларга итоаткорлик каби энг олий қадриятлар айнан диний манбалардан озуқа олиб, ривожланган. Демак, ушбу пойдевор тўлақонли фуқаролик жамиятининг ривожланиши, ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

    Феруза ЭШМАТОВА,

    Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари

    бўйича вакили (Омбудсман).

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates