Давлат хизматлари кўрсатилишида 13 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди

    Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ваколатли ташкилот ва корхоналарнинг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолияти ўрганилганда айрим ташкилотлар фаолиятида тизимли муаммолар ва қонун бузилишлар аниқланди.

    Хусусан, 2022 йил давомида хизмат кўрсатувчи ташкилотларда 87 маротаба ўрганиш, жумладан, 25 таси мурожаатлар асосида ва 62 маротаба мониторинг тадбирлари ўтказилди. Унда ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида 13 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

    Буларнинг 10 минг 164 тасида муддат бузилган бўлса, 375 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. 3 минг 26 та давлат хизматлари кўрсатилишига оид бошқа қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, масъул шахсларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган.

    Қонун бузилиш ҳолатлари идоралар кесимида таҳлил қилинганда ҳокимликлар томонидан 3 минг 785 та, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан 3 минг 991 та, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий тузилмалари ва Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий тузилмалари томонидан 2 минг 941 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.

    Шунингдек, 210 та соғлиқни сақлаш соҳасида, 411 тасида солиқ органлари тизимида, 2 минг 227 тасида эса бошқа хизмат кўрсатувчи идоралар томонидан қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилди.

    Бошқарма томонидан ваколатли идораларга 504 та огоҳнома, 75 та тақдимнома киритилди. 111 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 260 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди, деб хабар беради Тошкент вилояти адлия бошқармаси матбуот хизмати.