Депутатлар 2020 йил давлат дастурининг ижросини кўриб чиқди

    2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат — 100,7 фоизни, хизматлар — 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — 103,0 фоизни ташкил қилган.

    2021 йил 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурининг 2020 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

    Тадбирда таъкидланганидек, бутун дунё бошига тушган синов, коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди, аввалдан тузилган қатор истиқбол режаларини ўзгартиришга мажбур қилди. Бундай вазиятда мамлакатимизда Президентимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг жиддий йўқотишларсиз ишлашини таъминлаш, бунинг учун аввало тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатларининг кескин пасайиб кетишининг олдини олишга имкон яратди.

    Парламентга Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботда келтириб ўтилганидек, мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат — 100,7 фоизни, хизматлар — 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — 103,0 фоизни ташкил қилган.

    Ҳисобот даврида 9,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар, шу жумладан, 7,0 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг 2,8 миллиард доллар маблағлари ўзлаштирилган.

    2020 йилда ялпи экспорт ҳажми 15,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Экспортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз ҳудудларида 2,7 мингга яқин янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилинган, 210 та янги турдаги маҳсулотлар ҳамда айрим товар позициялари бўйича 40 та янги давлатнинг бозорларига чиқишга эришилган.

    Мажлисда тақдим этилган ҳисоботда Давлат дастури ижросини таъминлашда ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига устуворлик берилгани қайд этилди. Хусусан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, даромадларни ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизлар, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, фаровонлигини ошириш ва туризм соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар рўёбга чиқарилган.

    Биргина аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида 2020 йилда республика бўйича жами 378,1 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш ва вақтинча тўхтатилган иш ўринларини тиклаш мақсадида имтиёз ва преференциялар берилган. Натижада ўтган йилда 66 мингта янги юридик мақомга эга бўлган кичик бизнес субъектларида 168,9 мингта янги иш ўринлари яратилган.

    2020 йилги Давлат дастурида 284 та банд белгиланган бўлиб, шундан 206 та банд тўлиқ бажарилган, 20 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган, 58 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

    Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисобот, унда келтирилган рақам, кўрсаткич ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, сиёсий партиялар фракцияларининг аввалроқ бўлиб ўтган йиғилишларида Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати жонли, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

    Ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашларига шароит яратиш, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида 5,8 мингта субъектларга 9 триллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилгани, карантин даврида тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 26,5 трлн. сўмлик кредитлар бўйича тўловларининг муддатлари 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилганини эътироф этилди.

    Шу билан бир қаторда, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиялаштирилишида муаммолар борлиги, инвесторлар ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммоларга дуч келаётгани, бу эса тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида зарур чоралар кўришни тақозо этишини таъкидланди.

    2020 йил бутун дунё ҳамжамияти учун синовли йил бўлишига қарамасдан Давлат дастурининг халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг амалга оширилишига оид бандларининг ўз вақтида бажарилиши ҳам ижобий натижадир. Аммо бу каби ижобий ҳолатлар билан бирга, 2020 йилги Давлат дастурининг айрим бандлари ўз вақтида бажарилмай қолганига ҳам эътибор қаратилди. Хусан, бугунги кунда мамлакатимизда камбағаллик борасида аниқ рақамлар эълон қилинган, шундай экан, фуқароларимизни камбағалликдан чиқаришнинг Давлат дастурида назарда тутилган аниқ механизмлари ишлаб чиқилиши лозим.

    Депутатлар, шунингдек, пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакат миқёсида тизимли ислоҳотлар амалга оширилганини алоҳида эътироф этди. Хусусан, “темир дафтар”лар жорий этилгани кам даромадли, вақтинча ишсиз фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётгани, уларни ишга жойлаштириш, доимий даромад манбаларини яратиш бўйича кенг қамровли чоралар кўрилаётгани реал самара бераётганига эътибор қаратилди.

    Шунинг билан бирга, Давлат дастурида белгиланган айрим меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш муддати кечиккани, хусусан, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепцияси ишлаб чиқилмагани кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжат қабул қилиниши ижтимоий нафақа тўлашнинг мукаммал тизимини жорий этиш, кам даромадли оилаларга кўмак кўрсатиш қамровини кенгайтириш ҳамда нафақа тайинлашда очиқ ва адолатли тизимни яратиш имконини бериши таъкидланди.

    2020 йилги Давлат дастури доирасида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш йўналишларидаги ишлар пандемия туфайли жорий этилган карантинга қарамасдан ўз вақтида амалга оширилгани ҳам эътироф сазовор ишдир. Биргина аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 73 фоизга етгани бунга яққол мисолдир. Ўз навбатида, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тоза ичимлик суви етиб бормаган чекка ҳудудларда сув таъминотини йўлга қўйиш чораларини кўриш, бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ролини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

    Қизғин муҳокамалардан сўнг депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқулладилар ҳамда Ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates