Диққат, янги танлов! Китобхон оилага “Spark” насиб этади

    Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жуфтликлар ҳам қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишади.

    Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида янги лойиҳа — “Ёш китобхон оила” танлови эълон қилинди.

    Танловда иштирок этишни истаган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш оилалар 30 май санасига қадар @kitobxonoila_bot Телеграм манзили орқали ариза юборишлари мумкин. Аризалар қабули тугагач, ёш оилалар тест синовларида иштирок этишади. Танлов Низомига мувофиқ, тест натижаларига кўра туман (шаҳар)лар миқёсида энг кўп балл тўплаган 2 та оила кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритади.

    Иккинчи босқич — ҳудудий босқич бўлиб, 2 та шарт асосида ўтказилади. “Тезкор савол-жавоб” шарти орқали иштирокчиларга тавсия этилган адабиётларни қай даражада мутолаа қилганликлари текширилади. “Бадиий асарлар билимдони” шартида эса танланган билетда бирор асардаги сюжетига оид эпизод ўқиб эшиттирилади. Жуфтлик ушбу парча қайси асардан олинганлигини топишлари ҳамда асарнинг ғоявий мазмун-моҳиятини очиб беришлари керак бўлади. Энг юқори балл тўплган ёш оила танловнинг якуний босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

    Учинчи босқичда эса шартлар ҳудудий босқичдаги шартларга қўшимча тарзда “Эркин мавзу” билан бойитилган. Мазкур шартда иштирокчилар ихтиёрий билет тортишади ва унда ёзилган мавзуни монолог ёки маъруза тарзда баён этиб беришади.

    Шуни қайд этиш керакки, танлов жараёнида фойдаланилган саволлар ва тестлар мажмуаси Экспертлар комиссияси томонидан танловнинг барча босқичлари учун алоҳида тузилади ҳамда махсус конвертларга солиниб, муҳрланади.

    Танловнинг якуний босқичида ғолибликни қўлга киритган ёш оилага Президент совғаси — “Spark” автомашинаси туҳфа қилинади. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жуфтликлар ҳам қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишади. Бундан ташқари, барча иштирокчиларга китоблар тўплами, махсус дипломлар берилади.

    Тадқиқотчилар фикрича, китоб ўқиш фақатгина маънавий озуқа бўлибгина қолмай, балки инсоннинг ақлий қобилиятини ҳам ўстиради. Мутолаадан олинган таассуротларни бошқалар билан бўлиши эса кишига завқ бериш билан бирга ўзгаларни ҳам китоб ўқишга даъват этади. Айниқса, оила даврасида китоб ўқиш ва уни муҳокама қилиш ўзаро муносабатларнинг янада яхшиланишига, оила аъзоларининг жипслашишга олиб келади. Бу каби танловлар эса оиладаги китобхонликни янги босқичга олиб чиқишига, эзгуликка ошно диллар кўпайишига хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates