баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Дисплей қаршисидаги ўйлар

    Ўзлари кўрмаган, билмаган, таҳлилига ақллари ноқис бирор воқеани кўпиртириб, атрофдагиларни чалғитишда уларга етадигани йўқ. Бир кишининг ютуғини эмас, хатосини кутиб яшаш уларнинг севимли машғулоти.

    XX аср якунида XXI аср ҳақида илмий башоратлар қилинган эди. Янги юзйилликда нималар бўлади? Тараққиёт ўзани қайси томонга кетади? Дунё сиёсатдону файласуфлари, тарихчи, жамиятшунослари турфа фикрларни билдирган эдилар. Улардан аксарияти XXI аср бошида ахборот коммуникацияси жадал ривожланиши, глобаллашувнинг кескинлик чўққисига чиқишини башорат қилдилар. Башоратлар юз кўрсатиб, дунёда ажаб воқеалар юз бермоқдаки, улар инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юбормоқда.

    Тараққиёт ўзани қаёққа бурилди? Ижобий томонгами ёки салбий? Ҳар икки томонга ҳам. Бир томондан, амалга ошиши қийин, бир вақтлар муболаға қилинган воқеалар бугун оддий ҳодисага айланди. Одамлар ерни томоша қилиш учун ердан 90-100 километр баландликка саёҳат қилиб, энди коинотни-да сайр қилиш майдонига айлантирмоқда. Иккинчи томондан, глобаллашув фонида айрим иллатлар дунёга тарқалмоқда. Ахлоқсизлик, дангасалик, боқимандалик, лоқайдлик, индивидуализм, ҳаётга енгил қараш, инсонни қадрсизлантириш, жамиятни менсимаслик – эгоцентризм, ваҳшийлик, экстремизм ва терроризм одатий ҳолга айланаётир.

    Ахборот-коммуникация технологиялари яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилмоқда. Шундай вазиятда жаҳон мамлакатлари орасида тенглар ичра тенг бўлиб, барқарор туриш қийин. Тараққиётнинг янги-янги босқичларига қадам қўйиб, 35 миллионли халқни бирлаштириб, халқаро сиёсий майдонда ўз ўрнига эга бўлиш ундан ҳам қийин. Сезганингиз, гап янги Ўзбекистон — узоқни кўзлаб, шарафли йўлга чиққан Ватанимиз ҳақида кетмоқда.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўз тарихининг янги даврига қадам босди. Юртимиз ҳар жабҳада янгиланиб, инсонлар ҳаётида кескин ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Кўз тегмасин. Юртимизда юритилаётган одилона сиёсат Президентимиз атрофига бирлашаётган адолатли, ватанпарвар ва фидойи давлат хизматчилари билан янада мустаҳкамланиб бормоқда.

    Мамлакатни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, ҳар бир шахсда фаол фуқаролик позицияси ва мустақил фикрлаш кўникмасини қарор топтириш, порахўрлик ва коррупция каби иллатларни илдизи билан суғуриб ташлашга енг шимариб киришдик. Ёшларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаб, таълим бериб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратяпмиз.

    Албатта, бу ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ўзбекистоннинг ана шундай тинч кунини, фаровонлигию янги тараққиёт – дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаётганини кўра олмайдиган, унга душманона қараб, оёғига чил беришни ният қилган ғаламис “дўст”ларимиз ҳам йўқ эмас.

    Бугунги глобаллашув даври ҳар бир фуқарони виртуал муносабатлар фаолига айлантириб қўйди. Ҳар қандай шахс ижтимоий тармоқдаги баҳсу мунозараларда қатнашиш имконига эга.

    Бу яхши, албатта. Аммо уларнинг билими қай даражада талабга жавоб беради? Улар ижтимоий тармоқдан фойдаланиш маданиятига эгами? Бу борада уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, билим, кўникма ва малакаси етяптими? Ўзгаларнинг мажбуриятини билиш баробарида ўзининг ҳам бурчли эканини, ҳар қандай бахту саодатга, тинчлик, фаровонликка вақт ва меҳнат орқали эришилишини англашяптими?

    Агар бу саволларга “Йўқ!” жавобини оладиган бўлсак, демакки, муаммо бор. Тинчлигимизга ахборот технологияларига “миниб” кириб келаётган таҳдидлар бор. Афсуски, уларни йўқотиш учун қиладиган ишларимиз анча.

    Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида халқимиз бир тану бир жон бўлиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларини бирдек ривожлантириш йўлида янада жипслашиб, барча кучу имкониятини миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ўтиш йўлида сарф қилишини талаб этади. Айниқса, бунда ёшларнинг ўрни ва роли беқиёс бўлиб, улар шу мақсадга эришишда бошқалардан кўра кўпроқ бурчли эканликларини англаб етмоқлари, ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори ва фаол ижрочиси бўлмоқлари керак.

    Хўш, ҳақиқатан ҳам шундай бўлмоқдами?

    Минг афсуски, бу саволга тўлақонли ижобий жавоб бериш қийин. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Орамизда, яъни шу юртнинг фарзандиман деган одамлар ичида, юқорида таъкидлаганимиздек, “дўст”ларимизга қўшилиб, ташқаридан туриб тош отиб қочадиган, кимнингдир бошини ёриб, ҳузурланадиган кимсалар борлиги ҳам ҳақиқат.

    Улар нима каромат кўрсатяпти? Нимаси билан “дўст”лик қиляпти?

    Улар дўстнинг эмас, душман йўлини танламоқдалар. Ёш боланинг ишини тутмоқдалар. Болаларда бир одат бор: бироз йўл берсангиз, бошингизга чиқишади. Эркаласангиз, суиистеъмол қилиб, сизни бошқармоқчи бўлади. Ўзи сизни аямасдан уради, сиз ўзингизни ҳимоя қилиб, қўлини қайтарсангиз, айюҳаннос солади. Ишламайди, бироқ еб-ичиб, яна таомни исроф қилиб, сочиб ташлайди. Танбеҳ берсангиз, додлаб йиғлайди, атрофдагиларни безовта қилади.

    Биз айтаётган “дўст”ларимиз хатти-ҳаракатлари ҳам худди шу ҳолатни эслатиб юборпти. Жамиятнинг ривожига зиғирча ҳиссаси йўқ, миллат, давлатнинг юксалиши йўлида бир чўпни бир жойдан бошқа жойга олиб қўйишга ярамайдилар. Минг ишидан бири тўғри бўлса бордир, бўлмаса у ҳам йўқ. Аммо Ватан равнақи йўлида куну тун тиним билмай, жон куйдириб, фидойиларча меҳнат қилаётган давлат хизматчиларининг мингта ишидан биттасида кичик бир камчилик сезиб қолсалар (бу камчиликни ўз қаричлари билан ўлчаб аниқлашади), қолган тўқсон тўққизта ишини ҳам йўққа чиқариб, устидан мағзава ағдарадилар.

    Ўзлари кўрмаган, билмаган, таҳлилига ақллари ноқис бирор воқеани кўпиртириб, атрофдагиларни чалғитишда уларга етадигани йўқ. Бир кишининг ютуғини эмас, хатосини кутиб яшаш уларнинг севимли машғулоти.

    Улар бутун жамият номидан гапиришни яхши кўрадилар. Ўзларида йўқ нарсани бутун бир халқда йўқ, деб ўзларининг кичик бир муаммосини бутун бир мамлакатнинг муаммоси, деб бақирадилар. Уларнинг кўзига ажабтовур линза ўрнатилган ёки ғаройиб кўзойнак тақиб олганлар. Бу линза ва кўзойнак – яхши, ижобий нарсаларни кўрсатмайди. Кичик-кичик муаммо ва камчиликларни катта-катта қилиб кўрсатади.

    Бу мослама минг-минглаб қурилаётган уйларни, катта-катта шаҳару шаҳарчалар, қишлоғу маҳаллаларни, заводу фабрикалар, йўллару майдонларни, боғу бўстонлар ва саройу гулистонларни кўрсатмайди. Аммо қайсидир бир чеккада ҳали навбат етмагани учун уй ололмай турган оилалар ва “берсанг – ейман, урсанг – ўламан” деб турган боқимандаларни кўради. Бир халта гуруч ичидаги бир гуручни – ор-номусини унутиб, мўмай даромад илинжида қўлини ҳаромга ураётган айрим коррупционерлар ва ўзи ишини эплай олмаган баъзи нотавонларни қўша-қўшалаб кўрcатади.

    Муаммо нимада? Муаммо шундаки, бундай мосламани тақиб олган кимсаларнинг ҳаракати маълумотни ўзи ва атрофидаги бир-икки кишига етказиш билан тўхтамайди, балки замонавий ахборот технологиялари орқали бутун дунёга ёйиб, уйдирма маълумотлар билан одамларни чалғитади. Нохолис хабарлар билан давлат хизматчиларига, давлат ва жамоат ташкилотларига туҳмат қилишаётганини билишади.

    Лекин биз уларнинг ахборот ва сўз эркинлиги баҳонасида гўёки мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммоларни санаш ва уларга ечим топишга уриниб, аслида ёшларнинг ўз Ватанига, давлатига салбий муносабатини шакллантиришга интилаётганларини яхши биламиз.

    Масалан, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўзини сиёсий билимдон кўрсатиб, мамлакатимиздаги ижобий ишларга кўз юмиб, хусусий муаммоларни умумий қилиб кўрсатишга уринаётган “донолар” кўпайиб бораётганини сиз ҳам сезиб турган бўлсангиз керак.

    Азиз ватандош! Огоҳлантириб қўйиш бизнинг бурчимиз: уларнинг мақсади ҳаргиз сизу бизга яхшилик эмас. Аксинча, раҳбарларни ҳақоратлаш, давлат хизматчиларига, сизу бизнинг тинчлигимиз, хотиржамлигимиз посбонларига туҳмат тошларини отиш. Шу орқали сизни, айниқса, ғўр ёшларимизни ўз Ватани, 30 ёшга кираётган ўз давлатига қарши гиж-гижлашдан иборат. Уларни ҳаракатга келтираётган нарса виждон, жонкуярлик эмас, жиғилдон. Буни унутмайлик.

     Бундан уларга қанча моддий, қанча маънавий манфаат борлигини аниқ билмаймиз. Аммо уларнинг ҳомийларига жуда катта фойда бор. Ҳомийларнинг мақсади – фуқаро билан давлат орасига пона қоқиш. Одамларни давлат сиёсий тизимига қарши чиқишга ундаш ва бунда сопини ўзидан чиқариш.

    Шу мақсадда улар халқнинг тинчлигини бузадилар, ички низоларни бошлаб берадилар. Рангли (қонли) инқилоб остонасига етаклайдилар. Кейин-чи, кейин нима бўлади? Энди бу ёғи алоҳида масала. Тушундингиз-а?! 

    Шундай экан, биз мафкуравий майдонда “Ит ҳурар, карвон ўтар” деб, ҳимоя позициясидан чиқиб, ҳужум позициясини эгаллашимиз керак. Акс ҳолда кеч қолишимиз мумкин. Чунки қаршимизда турган рақибларимиз аллақачон орамиздаги ғоявий заиф инсонларни мажозий маънода асир қилиб олишга ҳам улгурмоқдалар. Ғоявий заиф шахсларда сиёсий билим етарли эмас, ҳаётий тажриба кам. Улар ҳатто бажараётган ишларини нотўғри эканини ҳам англаб етмайдилар, аксинча, тўғри йўлдаман, деб ўйлайдилар.

    Нима қилмоқ керак?

    Биринчидан, фуқаролар, айниқса, ёш авлодга ахборотни қабул қилиш маданиятини ўргатишимиз, уларда мустақил, танқидий фикрлаш кўникмасини қарор топтиришимиз керак. Зеро, ҳар бир шахс ахборотни қабул қилишдан аввал унга нисбатан: “Бу маълумотни ким тарқатмоқда?”, “Нега тарқатмоқда?”, “Унга индамай қўйсам, ё дўстларимга юборсам, тарқатувчи қандай наф кўради?”, “Унга индамай қўйсам, ё дўстларимга юборсам, ватандошларим қандай наф кўради?” деган саволлар фильтридан ўтказиб, муносабат билдирайлик.

    Ҳеч бир маълумот ўз-ўзидан ёзилиб қолмайди. Уни кимдир, бирор мақсад билан тайёрлайди. Шундай экан, кўз олдимизда турган ахборотнинг кимга фойда, кимга зарарлигини аниқлаб олайлик. Агар узатилаётган маълумот давлат ва жамият манфаатларига зид бўлса, у ҳолда уни инкор қилиш ва қабул қилмаслик билан чекланмайлик. Унга қарши ўз муносабатимизни дадил билдиришга киришайлик. Акс ҳолда лоқайдлик бўлади. Лоқайдлик эса балоларни болалатади. Тинчимизни ўйлаб, ё эриниб, балоларнинг болалашига ҳисса қўшмайлик.

    Иккинчидан, замонавий ахборот технологиялари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан ўзимизга фойда олишни ўрганишимиз керак. Масалан, қаердаки қайсидир соҳада янги натижаларга эришилса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш билан бир вақтда дарров ижтимоий тармоқларда ҳам кенг оммалаштирилишини таъминлашимиз керак. Шу мақсадда ватанпарвар тарғиботчилар бўлиб уюшишдан қўрқмаслигимиз керак. Нима учун ёв уюшган, ялоғи бир троллар тўдаларини тузади-ю, биз уларга қарши бирлашишдан, уларнинг танқидидан чўчишимиз керак!? Тушунарсиз ҳолат эмасми бу?!

    Учинчидан, фуқароларни ўз давлатига қарши қайрайдиган ғояларни тўхтатайлик. Ислоҳотларга туҳмат қилаётган ҳар қандай канал, гуруҳ, бот ва бошқаларни тақиқлаш фурсати етмадими? Билиб-билмай уларнинг тегирмонига сув қуяётган шахсларга оммавий изза, интизомий чора кўриш амалиётини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур. Бугун профилактика, терапияни қўлламасак, эртага хирургия орқали ҳал қилишимизга тўғри келиши мумкин. Кичик бир ўсимта томир ёйиб, газак олиб, бедаво дардга айланиб кетиши мумкин.

    Мазкур масалада барчани дахлдорликка чорлаган ҳолда, сўзимизни Президентимизнинг қалам аҳлига қарата айтган қуйидаги фикрларини келтирамиз: “Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим”.

    Отабек БОЗОРОВ,

    фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    September 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates