Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида биттадан тўгарак бўлиши шартлигини устувор вазифалар қаторида белгилаган эди.
Ушбу муҳим топшириқ ижросини таъминлаш, мамлакатда дзюдони янада оммалаштириш ва бу орқали ушбу спорт тури бўйича ёш иқтидор эгаларини камолга етказиш мақсадида ўзбекистонлик спортчи-қизлар орасида биринчи Олимпиада чемпиони, ўзбек дзюдосига Олимпия ўйинларидаги илк олтин медални тақдим этган Диёра Келдиёрова номидаги замонавий, халқаро талабларга жавоб берувчи дзюдо клуби фойдаланишга топширилди.
Диёра Келдиёрова номидаги дзюдо клуби тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
Мазкур дзюдо клуби залига 4 та татами тўшалган. Унда жисмоний машқлар бажариш имконини берувчи спорт инвентарлари, кийиниш, ювиниш ва тиббиёт хоналари мавжуд. Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берувчи ушбу марказда шуғулланувчилар учун барча имкониятлар яратилган.
Ҳаким Тоҳир олган суратлар