Доим ватан эътиборида

    Хориждаги ёшларимизни қўллаб-қувватлашга масъул ташкилот фаолиятига бир назар

    Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида бундай деганди: “Ёшлар ҳақида гап кетганда, мен доим бир нарсани ўйлайман. Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур.

    Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак. Ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этишлари учун катта имконият яратади”.

    Шундан сўнг 2019 йил 5 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мамлакатимиз ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз йўналиши бўйича юртимизда фаолият бошлашига кўмаклашиш, чет элда меҳнат қилаётган йигит-қизларни ўша давлатнинг ички қонун-қоидалари ва тартиблари билан таништириш, муаммо ва интилишларини тегишли ташкилотлар билан биргаликда умумлаштириш ва таҳлил қилиш ассоциация фаолиятининг энг асосий йўналиши этиб белгиланди. Шу тариқа ўтган вақтда ассоциация хорижий мамлакатларга таълим олиш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган ҳамда чиқишни режалаштирган ўзбекистонлик ёшларнинг яқин кўмакчиси ва таянчига айланди.

    Ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлашга қаратилган лойиҳалар

    Ҳозир Германия, Япония, Туркия, Қирғизистон, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг 15 нафар вакили ва 40 дан ортиқ координатори фаолият юритмоқда. Кўнгиллилар сафи кундан-кунга кенгайиб, айни пайтда беш юз нафардан ошди.

    Ассоциация вакиллари хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ёшлар ҳамда ўзбек диаспоралари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Ўзбекистон фуқароларини меҳнат қилиш ва таълим олиш учун хорижга кетиш жараёни билан таништириш, чет элдаги муҳитга интеграциялашувига кўмаклашиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлар (фирибгарлик, товламачилик ва ҳоказо) дан огоҳ этишга қаратилган бир неча лойиҳаларни амалга оширади.

    Ўтган йилдан бошлаб “Хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида ёшларга тўғри ва қонуний йўл билан чет элга чиқиш ўргатиб келинмоқда. Хорижга таҳсил олиш ёки ишлаш истагида кетаётган йигит-қизларни ўқитишга қаратилган ушбу лойиҳа доирасида 37 та туман ва 10 та шаҳардаги 3 мингдан ортиқ маҳалла ёшлари етакчиси ва фаол ёшлар ташкилотнинг “4 модуль” дастурига мувофиқ хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тартиб-таомиллари бўйича малака оширди. Шу тариқа ҳар бир вилоятдаги ёшлар етакчилари, маҳалла фаоллари билан биргаликда чет элга чиқиш истагидаги йигит-қизларга қонуний ва хавфсиз миграция хусусидаги маълумотлар етказиляпти. Бу билан ёшларнинг билиб-билмай турли ноқонуний консалтинг фирмалар кўмагидан фойдаланиши, ўзлари яхши танимаганбилмаган кишилар таклифига асосан ишга кетиши ва нохуш вазиятларга учраши каби кўнгилсизликларнинг олди олинмоқда.

    Лойиҳа доирасида чет элга қонуний чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, чет элга боргандан кейин ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби ўргатилди. — Лойиҳа доирасида ўтган йил 3 мингдан ортиқ ёшлар етакчиси билан иш олиб борилган бўлса, улар орқали 3 миллионга яқин йигит-қиз билан суҳбат ўтказилди, — дейди Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Нилуфар Қиёмова. — Йигит-қизлар ассоциация фаолияти ва муаммо юзага келганда мурожаат қилиш тартибқоидаларидан хабардор қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар натижа берди. Яқинда Навоий вилояти Кармана туманидан ёшлар етакчиси қўнғироқ қилиб, Россияда меҳнат қилаётган Севара Йўлдошева шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотиб қўйгани сабабли юртимизга қайта олмаётганини маълум қилди. Муайян саъй-ҳаракатлардан кейин ватандошимиз Санкт-Петербургдаги вакилимиз Темур Юсупов кўмагида уйига қайтди.

    Самарали мулоқотлар

    Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан биргаликда хориждаги ўзбекистонлик ёшлар учун сайёр қабуллар ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Сайёр қабул” лойиҳаси йўлга қўйилди.

    Ҳар бир давлатга миграциянинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Масалан, Германияда, асосан, таълим олиш учун кетганлар салмоғи меҳнат мигрантлариникидан кўп. Туркия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистонга ёшларимиз ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун боради. Қайси давлатга мигрантлар оқими кўп бўлса, ўша йўналиш бўйича муайян лойиҳалар ташкил этилмоқда.

    Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб “Хавфсиз миграция”нинг иккинчи босқичи сифатида ёшларни ўзлари бўлиб турган давлатда ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда Корея Республикасида ўзбек ёшлари корейс тили бўйича ўқитиляпти. Қирғизистон ва Қозоғистонда рус тилини ўргатиш тўгараклари йўлга қўйилган. Туркияда турк тили ва инглиз тилини ўргатиш марказлари ташкил этилиб, ўша давлатнинг қонун-қоидалари, тартиблари ўргатиляпти.

    “Musofir” лойиҳаси

    Хориждаги ўзбекистонликларни бирлаштириш, нетворкинг учун қулай шароит яратиб бериш ҳамда чет элда муаммоли вазиятга тушган ватандошларга моддий кўмак бериш учун “Musofir” мобиль иловаси ишга туширилди. Унда диаспора ва этник ўзбекларнинг манзили, уларнинг фаолияти ёритилган алоҳида бўлим мавжуд. Бу нима учун керак? Дейлик, хорижга йўл олган йигит-қиз ўзи бормоқчи бўлган мамлакатнинг тартиб-қоидалари ҳақида ҳеч нарса билмайди. Бундай пайтда “Musofir” мобиль иловаси унга яқин кўмакчи бўлиши мумкин. Иловага ўша давлатдаги ўзбек диаспораси ҳақидаги барча маълумотлар киритилган бўлади. Шу орқали улар билан боғланиш мумкин. Мобиль иловада рўйхатдан ўтган ёшларга махсус QR-код берилади. Бу уларга ўзбек ошхонаси, кутубхонасидан фойдаланиш, ўзбек корхонасида стажировка ўташ ёки фаолият бошлаш имтиёзини беради.

    Бундан ташқари, хориждаги ёшлар ушбу мобиль илова орқали турли масалаларда ассоциацияга мурожаат қилиши мумкин. Агар молиявий масала бўлса, бир марталик ёрдам пули берилади. Қийналиб қолган ёки дори-дармонга муҳтож, ватанга қайтиш истагидаги йигит-қизларга тегишлича кўмак кўрсатилмоқда. Бу жараённи нафақат чет элда юрган, балки Ўзбекистон ҳудудидаги ватандошларимиз ҳам кузатиб бориши мумкин.

    — Ўтган йили “Musofir” хайрия лойиҳаси доирасида хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган, ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган 8 нафар ёшнинг Ватанимизга қайтиши учун моддий кўмак кўрсатилди, — дейди Нилуфар Қиёмова. — Масалан, ўтган йили Хорватиянинг Вараздин шаҳрида меҳнат қилиб,

    иш берувчиси томонидан алдангани сабабли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ватандошимиздан ташкилотга мурожаат келиб тушди. Унга зарурҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда юртимизга қайтарилди.

    “Истеъдодли ватандош”

    Бугун дунёнинг энг яхши олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, нуфузли халқаро ташкилот ва компанияларда фаолият юритаётган, фан, тиббиёт, санъат ва бизнесда катта ютуқларга эришаётган ёшларимиз кўп. “Истеъдодли ватандош” ана шундай ёшларни моддий қўллабқувватлаш, фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган стипендия лойиҳасидир. Ўтган йили пилот тарзида ишга туширилган бу лойиҳа орқали 35 нафар йигит-қиз стипендия билан таъминланди.

    — Бу лойиҳа ёшларда катта қизиқиш уйғотди, — дейди Нилуфар Қиёмова. — Шу орқали жуда кўп иқтидорли йигит-қизларимизни топдик. Ваҳоланки, илгари уларнинг ўқиши ва фаолиятидан бехабар эдик. Лойиҳамизнинг асосий мезонларидан бири жамоатчилик фаолиятидир. Бу борада кўнгилли ёшларнинг кўплиги бизни қувонтирди. 2023 йилда бу лойиҳани янада кенгроқ ташкил этмоқчимиз. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 20 та элчихонаси билан ҳамкорликда 100 нафар йигит-қизга стипендия бериш кўзда тутилмоқда. Мақсадимиз “Истеъдодли ватандош”ни ёшларнинг энг севимли лойиҳасига айлантиришдир. Ёшларимиз қаерда бўлмасин, Ватаннинг доим қўллаб-қувватловини ҳис этиши лозим. Уларни руҳлантириш, рағбатлантириш — асосий вазифамиз.

    Ассоциация вакиллари қандай танланади?

    Магистрлар ёки илмий изланиш қилаётган фан докторлари, профессорлар, талабалардан ташкил топган вакил ва координаторларнинг ҳаммаси жамоатчилик асосида ишлайди. Мисол учун, Германиядаги вакил Камолиддин Бедиев ҳам ўқитувчи, ҳам Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг шу мамлакатдаги вакили.

    Илм-фан соҳасида ўтказиладиган йирик тадбирларда унинг алоҳида ҳиссаси бор. Яқинда Берлин шаҳрида Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилиш учун Германиядаги ватандошларимиз, соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирокида “Ўзбекистонда табиий ресурсларни барқарор бошқариш: халқаро тажриба ва миллий яшил иқтисодиётга ўтиш истиқболлари” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

    Тадбирда “яшил” иқтисодиётнинг моҳияти, роли, афзалликлари, табиий ресурслардан самарали фойдаланишда Германия ва Европа давлатларида эришилган натижалар, экологик барқарорлик ва инсон ҳаёти фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ривожланишда “яшил” иқтисодиётдан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар муҳокама қилинди. Анжуманда ёшларимиз фаол иштирок этди.

    Ассоциациянинг Туркиядаги вакили Эргаш Жумаев фан доктори, Жанубий Кореядаги вакили Елена Чўянова эса докторантурада таҳсил олмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Улар хориждаги юртдошларимизга ҳар жиҳатдан эътибор ва кўмак кўрсатиб келмоқда. Шу мамлакатлардаги ўзбек ёшларининг муаммоси баъзида ассоциацияга етиб келмасидан ўша ернинг ўзида ҳал этилаётгани вакилларнинг Ватанимизга муҳаббати, ватандошларига кўмак бериш каби гўзал инсоний фазилатларидан дарак беради.

    Ўзбекистонда туриб бошқа м амлакатдаги вазиятни ўрганиш қийин. Ўша жараённинг ичида юрган одамгина асл ҳолат қандай эканини тушунтириб бериши мумкин. Агар муаммо кўлами мутасадди ваколати доирасидан кенгроқ бўлса, йиғилган ҳужжатлар, асосларни жамлаган ҳолда юқори турувчи вазирлик ва идораларга мурожаатнома юборилади. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, ҳар бир мурожаат ижобий ечим топган.

    Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг қўнғироқ марказига 2022 йилда 2868 та мурожаат қабул қилинган. Аксарияти хориждан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш, қонунчилик билан боғлиқ муаммолар, фирибгарлик ва консалтинг фирмалари алдаган ёшлар томонидан келиб тушган. Бу муаммолар ассоциациянинг яқин ҳамкорлари — Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги каби бир неча ташкилотлар кўмагида ҳал этиб келинмоқда.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates