Дунё аҳолиси таркибий ўзгаришни бошдан кечирмоқда

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 7 июль сонида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори Мамаюнус Пардаевнинг “Глобаллашув жараёни: дунё аҳолиси таркибий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугун жаҳоннинг турли ҳудудларида мураккаб жараёнлар кечмоқда. Ушбу умумбашарий муаммолар глобаллашув палласида дунё аҳолисининг таркибий тузилиши ва ўзгариши билан ҳам боғлиқ. Шу туфайли Ер юзи аҳолисининг таркибий тузилиши ва унинг мамлакатимиз аҳолиси билан қиёсий таҳлилини қилиш бугун ўта долзарбдир. Президентимизнинг шу йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида бу борадаги аниқ вазифалар белгилаб берилган.

    Дунё аҳолиси ва унинг ўзгариш тенденцияларини олимлар тизимли равишда кам тадқиқ қилган. Буларни инобатга олиб, интернет ва жаҳон статистикаси маълумотларидан фойдаланган ҳолда, мазкур жиҳатлар бир қанча йўналишларда, хусусан, жаҳон аҳолисининг иқтисодиёт соҳаларидаги бандлиги, қитъалар бўйича тақсимланиши, яшаш шароити, овқатланиши, тоза ичимлик сув истеъмол қилиш даражаси ва бошқалар таҳлил қилинган.

    Чунки ушбу маълумотлар мамлакатимиз аҳолисининг жаҳондаги ўрни қандайлигига баҳо бериш учун асос бўлади. Жумладан, бугун жаҳонда аҳоли сони ўсмоқда. БМТнинг сайёра аҳолиси сони бўйича берган маълумотига қараганда, 2022 йил бошида дунё аҳолиси 7,8 миллиард кишини ташкил қилган. Сайёрамиз аҳолиси ҳар йили 82 миллион кишига ёки 1,05 фоиз кўпаймоқда. Ўзбекистонда эса йиллик ўртача ўсиш 1,7 фоизни ташкил қилмоқда.

    Кўриниб турибдики, мамлакатимиз аҳолисининг ўсиш суръати анча юқори. Ҳар сонияда ўртача 2,6 бола дунёга келмоқда. 2050 йил охирига бориб, жаҳонда аҳоли сони 9,7 миллиард кишига етади, яъни 124,4 фоиз кўпаяди. Ўзбекистон аҳолиси эса 41 миллионга етади ва ўсиш суръати 128,1 фоизни ташкил қилади. Бу ҳақда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Аҳоли ва тараққиёт комиссиясининг 52-сессиясида маълум қилинди.

    Хусусан, дунё аҳолиси сони жорий аср охирида 11 миллиард кишигача етиши, мамлакатимиз аҳолиси эса камайиб, 38,1 миллион кишини ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Аҳолининг камайишига Ўзбекистонда ҳар бир аёлга тўғри келадиган туғилиш сони тобора пасайиб бориши сабаб бўлади. Жумладан, 1990-1995 йилларда бир аёлга 3,95 нафар бола тўғри келган бўлса, 2010-2015 йилларда бу кўрсаткич 2,38 нафарни ташкил этган.

    Бугунги кунда эса бир аёлга 2,24 нафар чақалоқ тўғри келмоқда. Туғиш коэффициенти тобора пасайиб, аср охирида 1,79 нафаргача камайиши тахмин қилинмоқда. Жаҳон миқёсида глобаллашув жараёни давом этмоқда ва бу йилдан-йилга кенгая боради. Айни пайтда жаҳон миқёсида аҳолининг қариш кўрсаткичи ошиши туғиш даражаси пасайиши ҳамда жадал урбанизация билан бирга кечмоқда.

    БМТ маълумотларига кўра, дунёда ўртача туғиш даражаси бир аёлга 2,5 болани кўрсатган бўлса, 2030 йилда 2,4 болани ташкил қилади. 65 ёш ва ундан катта одамлар улуши умумий аҳоли сонидан ошиб бормоқда. Ҳозир Европада уларнинг улуши умумий аҳоли сонининг 19 фоизини, Шимолий Америкада эса 16 фоизини ташкил қилмоқда. 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич мос равишда 28 ва 23 фоизгача ўсади. Келгусида Ўзбекистонда ҳам қариш кўрсаткичи ошиб боради.

    2022 йил 1 январь ҳолатига аҳолининг ўртача умр кўриши 73,8 ёшни ташкил қилмоқда. Бу эса 1990 йилги кўрсаткичдан кўпдир. Аср сўнгигача ўртача умр 82 йилга тенг бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда болалар ўлими тобора камаяётганини кузатиш мумкин. Жумладан, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими коэффициенти ҳар минг нафарга 32,5 нафарни ташкил қилмоқда. 1990 йилда бу кўрсаткич 74,2 нафар бўлган.

    Яна бир муҳим тенденция. Иқтисодиёт соҳаларига инновацион омилларни жалб қилиш натижасида дунё аҳолисининг соҳалар бўйича бандлиги ҳам шаклланиб, йилдан-йилга ижобий ўзгариш тенденциясига эга бўлмоқда. Тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, дунё аҳолисининг 26,3 фоизи ёшлардан иборат. Мамлакатимизда эса бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни ташкил қилади. Дунё миқёсида хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли сони энг юқори бўлиб, 2022 йил бошида 23,5 фоизга етган.

    Мамлакатимизда бу кўрсаткич 35 фоизга тенг. Иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг ривожланиши ва такомиллашуви натижасида аста-секинлик билан мазкур соҳанинг улуши янада ўсиб бориши мумкин. Чунки алоҳида бандлик бўйича иккинчи ўринда қишлоқ хўжалиги бўлиб, унинг улуши шу йил 19,4 фоизни ташкил қилади. Бу соҳа Ўзбекистонда ҳам иккинчи ўринда бўлиб, бандликдаги ҳиссаси 32,3 фоиздир. Жаҳонда аҳолининг озиқ-овқат билан таъминланиши, айрим саноат корхоналарининг фаолияти ҳам бевосита қишлоқ хўжалигига боғлиқ.

    Бунинг натижасида ушбу соҳа билан банд ходимлар сони сақланиб қолади. Бироқ мазкур йўналишга инновацион технологияларни жалб қилиш натижасида камроқ иш кучи билан ҳозирги ҳажмдан ҳам кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етказиб бериш мумкин. Бугун дунё миқёсида ишсизлар сони 6 фоизни ташкил қилаётган бўлса, мамлакатимизда меҳнатга қобилиятли аҳолига нисбатан 7,5 ва умумий аҳолига нисбатан эса 3,2 фоизга тенг.

    Ушбу даража узоқ йиллардан буён сақланиб келмоқда. Аммо охирги пайтларда камайиш тенденцияси кузатилмоқда. Дунё аҳолисининг бандлигини таъминлайдиган қатлам, асосан, тадбиркорлар бўлиши лозим. Аммо ҳозирги кунда уларнинг улуши барча банд аҳоли таркибида атиги 5,5 фоизни ташкил этади. Бизнинг юртимизда 8,8 фоизга тенг. Жамият ривожланиши билан мутаносиб тарзда ушбу кўрсаткич ҳам ошиб бориши керак. Ҳозир глобал миқёсда шаҳарларда яшовчи аҳоли кўпайиб бормоқда.

    Йигирманчи асрда аҳолининг асосий қисми тарихан қишлоқларда яшаган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг улуши бирмунча камайди. Бугун шаҳар аҳолиси 51, қишлоқ аҳолиси эса 49 фоизни ташкил қилмоқда. Ривожланган мамлакатларда шаҳар аҳолисининг улуши катта. БМТнинг ҳисоботига кўра, келгусида аҳоли ўсиши шаҳар аҳолиси сони ошиши ҳисобига юз беради. 2030 йилда шаҳарлар аҳолиси умумий аҳолининг 60 фоизини, 2050 йилда 68 фоизини ташкил қилади.

    Бу кўрсаткич мамлакатимизда ҳам худди шундай ҳолатда ўсиб бориши кўзда тутилган. Жаҳон миқёсидаги глобал муаммолардан бири аҳолининг овқатланиш даражаси билан боғлиқ. БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммаднинг маълум қилишича, охирги 25 йилда ўта ночор шароитда яшовчи одамлар сони анча қисқарган. Оналар ўлими 40 фоиз камайган, одамларнинг умр кўриши давомийлиги анча ошган.

    Дунё аҳолисининг 21 фоизи кўп овқат ейдиганлар тоифасига кириб, бу 1,6 миллиард кишини ташкил қилади. Шунингдек, аҳолининг 63 фоизи (4,9 миллиарди) қанча хоҳласа, шунча ейиш имкониятига эга қатламдир. Бироқ ночор аҳоли қатлами барча муаммолар билан биргаликда тўйиб овқатланиш имкониятига ҳам тўлиқ эга эмас. Бундай шароитда айрим мамлакатларда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари исроф бўлмоқда. Жаҳон миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун унинг истеъмолини меъёрлаштиришга, тежамкорликка амал қилишга киришиш ва бу масалага катта аҳамият бериш лозим.

    Дунё аҳолисининг 48 фоизи ёки 3,7 миллиарди озиқ-овқатдан қийналмаса-да, камбағаллик даражасида яшайди. Агар халқаро меъёрлар асосида қарайдиган бўлсак, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг бир суткада истеъмол даражаси бўйича иқтисодий ҳолати буни яққол кўрсатиб турибди. Яъни бир суткада яшаш даражаси 2 АҚШ долларидан кам бўлган камбағаллик чегарасидаги аҳолининг сони 3,7 миллиард кишини ташкил қилади.

    Айни пайтда экологик муаммолар кундан-кунга кўпаймоқда. Булардан бири ичимлик сув танқислиги билан боғлиқ. Жаҳонда тоза ичимлик сувга эга аҳоли сони 6,8 миллиард кишини ёки 87 фоизни ташкил қилади. Бу юртимизда 73 фоизга тенг. Кўриниб турибдики, 1 миллиард кишининг тоза ичимлик сув истеъмол қилиш имконияти чекланган. Бундан англанадики, тоза ичимлик сув масаласи энг катта ва мураккаб муаммолардан биридир.

    Дунёда аҳолининг фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ айрим масалалар ҳамон сақланиб қолмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳоли ўсишининг жадал давом этаётгани сабабларидан бири исталмаган ҳомиладорлик ҳолати кўплигидир. Чунки кўплаб ҳудудларда, айниқса, “учинчи дунё” давлатларида аёллар ва қизлар эрки ўзида эмас. Таъкидланишича, Ер юзидаги ҳар бешинчи ҳомиладорликдан иккитаси исталмаган ҳисобланади.

    Маълумотларга кўра, бу борада оғир вазият Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги ҳудудида юзага келган. Бу ерда охирги йилларда туғуруқ даражаси камайганига қарамай, ҳамон бир аёлга ўртача 4,4 бола тўғри келади. Ваҳоланки, жаҳон бўйича бу кўрсаткич 2,4 болани ташкил қилади. БМТ маълумотларига кўра, бунинг натижасида ушбу минтақа аҳолиси сони 2050 йилга бориб, ҳозирги 1,3 миллиард кишидан 2,5 миллиард кишига етади.

    Бундай кескин ва асоссиз кўпайишлар бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Жумладан, дунё аҳолисининг бир қисми ҳамон ўз бошпанасига эга эмас. Ўз уйида яшайдиган аҳоли сони 6 миллиард кишини ёки аҳолининг 77 фоизини ташкил қилса, ўз уйига эга бўлмаган аҳоли сони 1,8 миллиард кишига ёки дунё аҳолисининг 23 фоизига тенг. Бу борада мамлакатимиз дунёга андаза бўладиган даражада. Деярли барча аҳоли ўзининг уйига, ишончли бошпанасига эга.

    Даврлар ўтиши, замонлар алмашиши натижасида дунё, коинот, табиат, инсоният ва бутун башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда давом этиб келмоқда. Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида ҳар куни қандайдир янгиликлар юзага келмоқда, жаҳоннинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида жадал ривожланиш босқичи рўй бермоқда. Шу билан бирга, интеграция ва глобаллашув жараёни ҳам ўзининг ижобий ва салбий омиллари билан тезлашиб бормоқда.

    Бундай шароитда ҳар бир мамлакат дунё майдонида ўзининг эзгу мақсадларига эришмоқ учун муттасил олдинга интилиши, ҳаётни ва тафаккурни ислоҳ қилиши, янгиланиш, яратувчанлик руҳи билан яшашга одатланиши лозим. Айнан янги Ўзбекистонни барпо қилиш, учинчи Уйғониш даврига кириш жаҳон миқёсида оламшумул ютуқларни қўлга киритишни тақозо қилади. Бу борада мамлакатимизда улкан вазифаларни бажариш устида қизғин ишлар амалга оширилмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates