Дунё узра таралган мағрур садо

    Дунёда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнларни кўриб-кузатиб баъзан ўйланиб қоламиз: ўз чегараси, ўз давлат рамзларига эга бўлишнинг ўзигина чинакам мустақилликка кифоя қилармикан?

    Жаҳон харитасида номи қайд этилган кўпгина мамлакатларнинг ҳол-аҳволига боқиб эса кескин бош чайқаймиз: йўқ, асло. Бундай муқаддас мақомга эришиш учун дунё жамоатчилиги олдида ўз сўзинг, ўз фикринг ҳам бўлиши шарт. Уни ўз она тилингда, ўз давлатинг тилида ифодалай олишинг ҳам зарур.

    Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқини ўқирканман, юқорида баён этилган ўйлар хаёлимдан ўтди. Барчамиз кузатганимиздек, нутқ ўзбек тилида, буюк жаҳонгир аждодларимиз, боболаримизга хос мағрур оҳангда жаранглади. Назаримда, бу нутқ маъно-мазмунини бошқа миллат вакиллари ҳам бирор-бир таржимонсиз, электрон қулоқчинларсиз англаб олди. Чунки давлатимиз раҳбари нафақат халқимизнинг, балки дунё ҳамжамиятининг дилида, онг-шуурида кезиниб турган ўйларни, дард-изтиробларни, қувончу ташвишларни теран ифодалади. Чин ўзбекона маданият, мулоҳазакорлик, юксак дид, савия билан ёрқин баён этди. Энг муҳими, энг аҳамиятлиси, бутун нутқ давомида янги Ўзбекистоннинг, янги даврнинг нафаси сезилиб турди. Улуғвор ўзгаришлар, ислоҳотлар ичидаги мамлакатнинг нафақат сўзини, балки юрак зарбини, кўнгил кечинмаларини ҳам бутун дунё аҳли сезди, англади. ­Президентимиз ўз чиқишида қатор муаммоларни рўй-рост тилга олиб, уларнинг ечими борасида жиддий мулоҳазалар, таклифлар берди. Бу таклифлар чорлов, даъват оҳангида жаранглади, янги Ўзбекистоннинг қатъий, аниқ ­тутумидан, танлаган йўлида собитқадамлигидан дарак берди, ўзбек халқи ўз манфаати, ўз доираси нуқтаи назаридангина фикр юритмаслигини, балки жаҳон халқларига хайрихоҳлигини, курраи замин дардига ҳамдардлигини кўрсатди. Жумладан, давлатимиз раҳбари БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақириши, барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилишни таклиф этиши фикримизнинг ёрқин далилидир.

    Йиллар давомида кўрсатилган ҳарбий зўравонлик афғон халқининг кулфатига-кулфат қўшди, холос. Бу жафокаш заминда тинчлик, барқарорлик ўрнатилишидан нафақат биз, балки бутун дунё аҳли манфаатдордир. ­Президентимиз ўз фаолиятининг илк палласидаёқ бу глобал муаммога жиддий эътибор қаратганди. Афғонистондаги мухолиф томонларни юртимизга чорлаб, уларни бир даврага ўтқазиб, очиқ мулоқот-мунозара ўтказишлари таъминлангани, жафокаш афғон халқига доимий равишда чинакам дўстлик қўли чўзилиб, унинг ривожланиши учун имкон қадар ҳисса қўшиб келинаётгани фикримизнинг яққол тасдиғидир. Жумладан, бизнинг электр, бизнинг темир йўл Афғонистонга аллақачон етиб боргани,
    халқимизнинг бундай саховати, инсонпарварлиги дунё жамоатчилиги томонидан қизғин ­эътироф этилаётгани ҳақида мамнуният билан сўз юритишимиз мумкин. Давлатимиз ­раҳбари БМТда жарангдор ўзбек тилида халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир карра афғон муаммосига қаратаркан, барча каттаю кичик давлатларни бу заминда тинчлик, барқарорлик ўрнатиш учун ҳамкорликка, ҳамнафасликка чорлади. “Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир. Шу боис, БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур”, дея таъкидлаб ўтди Президентимиз.

    Сир эмас, Орол денгизининг қуриши, бу ҳудуддаги қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳақида ўттиз-қирқ йилдан бери бонг уриб келамиз. Лекин шу пайтгача бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий тадбирларга деярли қўл урилмади. Шиорбозлик, баландпарвоз чақириқлардан нарига ўтилмади. Мана, сўнгги уч йил ичида бу шўрхок замин улкан ислоҳотлар ичида қолди. Денгиз суви қочган, қумлоққа айланган минг-минг гектар ерга чўлбоп, шўрхокка мос ўсимлик кўчатлари қадалди, Мўйноқ ҳудудида корхоналар ташкил этилди. Ҳукуматимиз томонидан Оролбўйини ўзлаштиришга халқаро ҳамжамият эътибори тортилди. Натижада БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди. Эндиликда ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси сифатида хизмат қилса, нур устига нур бўларди. Шу боис, давлатимиз раҳбари Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини ўртага ташлади. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш халқаро куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўлишини алоҳида таъкидлади.

    Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида, бунёдкор аждодларга хос оҳангда сўзлаган нутқи улкан маънавий-маърифий ҳодисадир. Ўзбек тили дунёнинг энг нуфузли минбарларидан бирида мағрур жаранглади. Бу янги Ўзбекистоннинг, янги даврнинг ўзига хос улкан ютуғидир. Зеро, мустақиллик, юқорида таъкидлаганимиздек, дунёга ўз сўзини, ўз фикрини ўз тилида айта олган мамлакатгагина хосдир. Ўзбекистон шундай мамлакатлар сирасига кира олганидан беҳад фахрланамиз. Бугун баралла айта оламизки, БМТ бош қароргоҳи қаршисида шунчаки байроғимиз эмас, бизнинг сўзимиз, фикримиз, мавқеимиз мағрур ҳилпираб турибди.

    Луқмон БЎРИХОН,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates