Дунёда мисли кўрилмаган ишлар

    Оролнинг суви қуриган 706 минг 401 гектар майдонида ўрмонлаштириш ишлари олиб борилди.

    “Олимларимиз берган маълумотларга кўра, 10-12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантиришимиз мумкин. Бундан ташқари, янги унумдор яйловлар яратишга қурбимиз етади, бу чорвачиликни изчил ривожлантириш ва ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконини беради.”

    Президентимиз 2018 йилнинг 24 августида Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида ушбу фикрни илгари сурган эди. Энди эса, Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг яқинда тақдим этилган ушбу маълумотига эътиборингизни қаратсак.

    “Сўнгги уч йил ичида Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича дунёда муқобили бўлмаган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида қарийб, 2 миллион гектар майдонда ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилиб, саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар уруғлари сепилди. Орол денгизининг суви қуриган майдонида тажриба учун “Орол-Оазис” ташкил этилиб, ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишлари олиб бориляпти.”

    Кейинги пайтда Оролқумда амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ишлар инсоннинг яратувчанлик имкониятини намоён этаётган бўлса, собиқ иттифоқ давридан қолган фожеалар, хусусан, режа-ҳажм кетидан қувиш тизими нечоғлик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан сўзлайди.

    Денгиз ўрнида “оролқум” саҳроси

    Ўтган асрнинг иккинчи ярмига қадар дунё қитъалари ичидаги сув ҳавзалари орасида Орол денгизи ўзининг катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринни эгаллаган. Шундан кейин қуйиладиган сувнинг кескин камайиб бориши оқибатида унинг майдони 8, ҳажми 13 баробарга қисқарди ва 90-йилларга келиб, Кичик ҳамда Катта Оролга бўлинди. Бундан ярим аср аввал денгиз сув таркибидаги туз миқдори ҳар литрига 11-12 граммни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич айрим жойларида 300 граммгача етган. Орол эндиликда жаҳоннинг энг йирик шўр сув ҳавзаси саналади.

    Бир пайтлари бу ерда балиқнинг 60 дан зиёд тури учрагани, ўтган асрнинг 60-йилларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган айтилади. Лекин эндиликда унинг сувида артемиядан бошқа бирон-бир жонзот яшамайди. Умуман, ўтган даврда Оролбўйи ҳайвонот дунёсининг 50 фоиздан ортиғи бой берилди. Оролбўйи ҳудудидаги туқайзорлар майдони деярли 90 фоизга қисқарди.

    Оролбўйи ҳудудида вужудга келган экологик танглик аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Одамларда юрак-қонтомир, ошқозон-ичак, нафас олиш органлари касалликлари (ўпка сили, астма, бронхит) кўпайди. Ҳудудда кам қонлик касаллиги 60 йилларга нисбатан деярли 20 марта ошганлиги кузатилган.

    Мазкур сув ҳавзаси Ўрта Осиё ҳудудида иқлим ҳолатини назорат қилиш, об-ҳаводаги кескин ўзгаришларни юмшатиш вазифасини ҳам бажарган. Ҳудудга кириб келган шамол массалари Орол денгизи акваторийси таъсирида қишда илиқлашган, ёзда эса салқинлашган. Айни кезга келиб, унинг ушбу терморегуляторлик вазифаси тескарисига ишлаяпти. Яъни, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, совуқ ва изғиринли қиш кунларини узайтириб юборди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2035-2050 йилларга бориб минтақадаги ҳаво даражаси ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5-3 даражага кўтарилиши мумкин.

    — Оролнинг ўлик денгизга айланиши наинки Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқарди, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов. — Афсуски, бугунги кунга келиб денгиз ўрнида “Қизилқум” ва “Қорақум” ўртасида майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган чўл, янги “Оролқўм” саҳроси пайдо бўлди. Ҳудуддан ҳар йили бир неча минг километр масофагача таркибида нафақат атроф муҳит, балки инсон саломатлиги учун ўта зарарли бўлган 100 миллион тоннадан ортиқ қум, туз зарралари ва кимёвий бирикма қолдиқлари тарқалмоқда. Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер сайёрасининг кўплаб бошқа нуқталарида топилмоқда.

    Айни кезда технологик жиҳатдан Оролни аввалги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўқ. Уни бундан 60 йил аввалги ҳолатига қайтариш учун Волга дарёси 5 йил, Дунай дарёси 7 йил давомида тинимсиз қуйилиши керак.

    Президентимиз қайд этганидек, Орол денгизини тўлиқ равишда қайта тиклашнинг имкони йўқ, шунинг учун ҳам Орол инқирозининг атроф-муҳитга ва минтақадаги миллионлаб кишининг турмуш тарзига салбий таъсирини камайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.

    Инқироз оқибатларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар

    Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича олиб борилган тадбирлар кўламига назар ташласак, энг аввало, кейинги тўрт йилда бу борада амалга оширилаётган ишлар жадаллашиб, мисли кўрилмаган даражада кенг кўлам ва халқаро аҳамият касб этаётгани эътиборни тортади. Оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ва эспертлар қайд этган ушбу маълумотларнинг асосий жиҳатлари ҳам буни тасдиқлаб турибди.

    Президентимизнинг 2017 йил 18 январдаги қарори билан Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланди. Унда турли хил молиялаштириш манбаларидан, бюджет маблағлари, шу жумладан, халқаро молия институтларининг мақсадли ҳамда грант маблағлари, кредитларни жалб қилиш ва ўзлаштириш ҳисобига 67 та лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилган.

    2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТнинг 72-cессияси ҳали-ҳануз ёдимизда. Президентимиз тарихда биринчи бор, БМТ олий минбарида денгизнинг харитасини бутун жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиб, муаммонинг нечоғли чуқур ва нақадар мураккаблигини куюнчаклик билан очиб берган, денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришга даъват этган эди.

    Давлатимиз раҳбари 2018 йил 16 октябрда "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Орол денгизи халқаро инновацион марказини шакллантириш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ушбу марказ Орол денгизи қуриган тубидаги шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳудуддаги турли хил муаммоларнинг ечимларини ва инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш масалалари билан шуғулланади. Айни кезда “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдонларида шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар генофонди шакллантирилиш, ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказиш ишлари олиб бориляпти. Шу билан бир қаторда “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси ҳам амалга ошириляпти.

    2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан ҳамда БМТ Бош котиби шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст жамғармаси ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар жамғарма фаолияти учун донор мамлакатларнинг жами 26,1 миллион АҚШ долларига тенг маблағи жалб қилинган ва 47 та лойиҳа шакллантирилган. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур жамғарма фаолияти бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Чунки, бу молиявий муассаса оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТнинг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини илгари сурди. Шу ўринда Барқарор инвестициялар бўйича Катта Париж альянси президенти Никола Бушунинг сўзларини келтириш мақсадга мувофиқ келади:

    “2019 йилнинг октябрь ойида БМТ шафелигида ўтказилган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” мавзусидаги халқаро конференциядан сўнг Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблея 75-сессиясидаги ташаббусига биноан янги ривожланиш босқичига гувоҳ бўлдик. Ишончим комилки, келгуси ўн йиллик Ўзбекистон ва Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун атроф-муҳитни тиклаш йили бўлади”.

    БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ жойларида бизнес лойиҳалар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Қатор вазирлик ва идоралар билан имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида 2020 йил “Яшил Орол денгизи” ташаббусига старт берилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 100 гектар қуруқ денгиз тубида саксовул кўчатлари экилади.

    2021 йил 25 март куни Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилаётганлиги билдирилди. Унинг умумий қиймати 5,65 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Асосий мақсад Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш, ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашга қаратилган. Бундан ташқари, яқин кунларда юқорида баён этилган институтнинг Марказий Осиёда ягона бўлган ваколатхонаси очилиши кутилмоқда.

    Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди

    Президентимиз томонидан илгари сурилган қуриган денгиз ўрнида яшил қопламалар, яъни ўрмонзорлар барпо этиш лойиҳаси энг самарали усул ҳисобланади. Бу тажриба — олимлар ва ўрмон хўжаликлари мутахассислари томонидан ҳам амалда исботланган. 2018 йил декабрь ойидан бошлаб бу мазкур йўналишдаги дунёда мисли кўрилмаган ғояни амалга оширишга кенг миқёсда киришилди. Хусусан, 2019-2020 йилнинг ўзида 1,2 миллион гектар майдонга саксовул, қандим ҳамда чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди..

    — Ўрмонлаштириш тадбирлари денгиз чекингандан кейин, яъни ўтган асрнинг 80 йилларида бошланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Қурбонов. — Қарийб 40 йил давомида атиги 400 минг гектар майдон ўрмонлаштирилган. 2018 йилгача, яъни унинг янги даври бошлангунга қадар, Мўйноқда ўрмонлаштириш тадбирларига атиги иккита трактор (Т-28 маркали) ва 10-15 ишчи жалб қилинган бўлса, кейинги уч йил мобайнида улар сони бир неча юз баробарга ошган.

    Хусусан, 2018-2019 йилларнинг қиш-баҳор ойларида Орол денгизининг қуриган майдонларида 1500 га яқин ишчи, шу жумладан, маҳаллий аҳоли кучи ёрдамида 1532 тонна чўл ўсимликлари, асосан саксовул уруғи тайёрланди. 2 та самолёт (АН-2) ва 500 га яқин махсус техниклардан фойдаланилди.

    2019-2020 йилларда Возрождение ва Ақпеткей ҳудудларига 700 минг гектар майдонда “яшил қоплама” — ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш учун чўл ўсимликларини экиш белгиланган эди. Ўтган йил март ойи охирларида бу режа ортиғи билан бажарилди. Оролнинг суви қуриган 706 минг 401 гектар майдонида ўрмонлаштириш ишлари олиб борилди. Жамғарилган 4,3 минг тонна чўл ўсимликлари уруғларини экишга 1000 та техника ва механизм, 6 та самолёт ва 2 та дельтаплан жалб этилди.

    — Кейинги икки йилда ўрмон-мелиоратив тадбирлари учун ўрмон хўжаликлари ишчилари ва аҳоли томонидан 4,3 минг тонна чўл ўсимликлари бўлган саксовул, қорабуроқ, қандим, черкез ва чўл яйлов ўсимликлари уруғлари жамғарилди, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Зафар Эшонқулов. 2021 йилда ҳам Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида 547 минг гектар “яшил қопламалар” барпо этиш ишлари давом этяпти.Эндиликда бундай тадбирлар нафақат Қорақалпоғистон Республикасидаги Орол денгизининг қуриган тубида, балки Оролбўйи минтақаси бўлган Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўл ҳудудларида ҳам амалга оширилади.

    Табиийки, ҳосил қилинаётган “Яшил қоплама” майдонларининг кўпчилик қисмини саксовулзорлар ташкил этяпти.

    — Саксовул шундай ўсимликки, агар уни етти қатор қилиб эксангиз, у 5-7 йилда 90 фоиз қумни ушлаб қола оладиган даражада катта бўлади ва у ўзидан кўпайиш хусусиятига эга, — дейди Борий Алихонов. – Оролнинг тубидаги каби саксовулзорлаштиришнинг дунёда муқобили йўқ. Албатта, Австралия, Қозоғистонда экилган, лекин Ўзбекистонда қилинаётган ишлар қамрови билан уларни умуман таққослаб бўлмайди.

    Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Ушбу ҳудудда ўнлаб артезиан қудуғи қазиляпти. Улардан чучук сув чиқяпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш учун шароит яратади.

    Орол бежиз ииновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб аталмаётганига доир қатор мисолларни келтириш мумкин. Денгизнинг ғарбий қисмида жуда катта ҳажмда литий мавжудлиги аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, уни сувдан ажратиб олиб, қувват ҳосил қилувчи турли хилдаги батерейкаларни ишлаб чиқариш мумкин. Дунёда литийнинг бармоқ билан санарли конлари мавжудлиги инобатга олинса, бу борада инвестициялар киритишнинг манфаатли ва жозибадор экани намоён бўлади. Шунингдек, ҳудуд газ конларига эгалиги, денгизнинг қолган қисми артемия цисталарига бойлиги билан ҳам эътиборни тортади.

    — Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонлаштириш, аввало, атроф муҳит ҳолатини юмшатиш, табиий ресурсларнинг деградацияси олдини олишга шароит яратади,– дейди Борий Алихонов. — Иккинчидан, денгизнинг қуриган тубидан қум ва чанг кўтарилишини максимал даражада олдини олинишини таъминлайди. Учинчидан, фауна олами турли вакилларининг кўпайиши ва тарқалиши учун қулай экотизим шаклланади, тўртинчидан эса, чўл ўрмонлари майдонларининг ва биохилма-хилликнинг кенгайииши минтақада иқлим ўзгаришини юмшашига шароит яратади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи