Дунёвий давлатда ҳар бир шахснинг тенглиги ҳамда эркин фикрлаши таъминланади

    Фикр 3 феврал 2025 138

    Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлиб жаҳон давлатлари ўртасида ўзининг муносиб ўрни ва овозига эга.

    Мамлакатимизда ўтказилаётган жамият ва давлатнинг демократик асосларини, инсон ҳуқуқлари таъминланишини, аҳолининг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган чуқур сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар натижаси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

    Бугунги кунда жамиятимиз ривожидаги ўзгаришлар, айниқса инсон ҳуқуқларини таъминлаш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги саъй ҳаракатлар давлатимизнинг бош қомуси бўлган янгиланган Конституциянинг нормалари асосида кечмоқда.

    Конституцияга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар ўта муҳим нормалар бўлиб, улар Ўзбекистон жамияти ҳаётининг турли жабҳаларидаги туб ўзгаришларнинг конституциявий – ҳуқуқий ифодаси ҳисобланади. Шу билан бирга янгиланган Конституциянинг 1-моддаси биринчи қисми мазмуни ўзгача бир маъно ва моҳиятни ўзида акс эттиради: “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”.

    Ушбу норма давлатимизнинг бошқарув шаклини аниқ – тиниқ белгилаб қўйиш баробарида, Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида ва халқаро майдонда мутлоқ мустақил, ҳеч кимга тобе эмаслиги, демократик ривожланиш йўлини узил-кесил танлаганлигини, бу жараён орқага қайтмас тусига эгалигини, мамлакатда нафақат фуқаролар, балки барча давлат органлари, барча бўғиндаги мансабдор шахслар ва бошқа ҳуқуқ субъектлари фақат ва фақат ҳуқуққа асосланиб фаолият олиб боришини, давлатимиз моҳиятан аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя - давлат фаолиятининг устувор йўналиши эканлигини, Ўзбекистон дунёвий давлатлигини конституциявий мақомда мустаҳкамлаб қўйди.

    Асосий Қонунимизда Ўзбекистоннинг дунёвий характерининг конституциявий мақомда мустаҳкамланиши, айниқса ўта мантиқан бўлиб, бу борада амалга оширилиб келинаётган кўп қамровли ва тизимли саъй ҳаракатларнинг муносиб ҳуқуқий ифодасига айланди.

    Бинобарин, мамлакатимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик муҳити жуда катта ижтимоий қадрият бўлиб, уни ҳар бир Ўзбекистонлик қадрлаши, эъзозлаб авайлаши зарур. Давлат раҳбари куйиниб таъкидлаганларидек, кейинги пайтларда, “... бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали, асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатимизнинг ўзида ҳам конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилмоқда”. Бундай ҳолатларга бефарқ қараб бўлмайди, чунки бу жойда гап мамлакатимиздаги мавжуд миллий ва диний бағрикенгликнинг тақдири ҳақида кетаяпти, десак муболаға бўлмайди.

    Айтиш жоизки, “дунёвий давлат” атамасининг мазмун-моҳияти сермазмун бўлиб, ҳозирги замонда у муҳим ижтимоий-маънавий қадрият сифатида ўзини намоён этади.

    Дунёвий давлат бу шундай давлатки, унда дунёвий ишлар диний ишлардан алоҳида ҳолда кечиши, таълим ҳам дунёвий билимлар беришга асосланиши ва одил судлов диний нормаларга эмас, амалдаги фуқаровий қонунларга асосланиши баробарида фуқароларга дин ва виждон эркинлиги, яъни истаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳамда мамлакатда мавжуд барча конфессияларга ўз диний эътиқоди, ибодат ва расм-русумларини амалга ошириши учун шароит яратиб берилиши билан тавсифланади.

    Таъкидлаш ўринлики, фуқароларнинг бундай ҳуқуқлари нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасига кўра, “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”.

    Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига мос ҳолда шакллантирилган Ўзбекистон қонунчилиги ҳам фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини олий конституциявий мақомда эътироф этади.

    Конституциямизнинг 35-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб мустаҳкамлаб қўйилган.

    Бинобарин, дунёвий давлатда ўрнатилган ва ҳамма эътиқод этиши керак бўлган дин бўлмайди, диний ташкилотлар давлатдан алоҳида, ажралган тарзда фаолият олиб боради, барча диний ташкилотлар давлат, қонун ва суд олдида тенг бўлади, виждон эркинлиги – дини ва эътиқодидан қатьи назар барча фуқаролар тенглиги таъминланади.

    Тан олиб айтиш керакки, жамиятимизда қонунчилик билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларнинг ҳаммаси ҳам доимо бир хилда тушунилмайди, ҳатто ўзгача талқин этиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

    Малайзия бош вазири Махатхир Муҳаммад таъкидлаганидек, ислом дунёси илм ва технология бир четда қолиб, асосий эътиборни юзаки масалалар, ташқи либосдан тортиб, "Масжидни электр чироғи билан ёритиш жоизми?" қабилидаги майда масалаларга қаратиб, саноат инқилобидан, технологик янгиликлардан, шунингдек, инсон капиталини яратиш сиёсатидан бир четда қолиб кетган.

    Бугун ҳам Ўзбекистонда кечаётган баҳсу-мунозараларга қарасак, уларнинг асосий қисми кўпхотинлик, соқол қўйиш-қўймаслик, қизларнинг қандай кийиниши масалалари билан ўралашиб қолгандек гўё. Мутаассиблик қайта бўй кўрсатаётгандек туюлади.

    Мавжуд тор дунёқараш, "ҳамма жойда фитнанинг иси келяпти" деб бонг уриш, аёлларнинг кийинишига осилишлар давом этса, ҳеч қандай модернизация ва технологик юксалиш бўлмайди, энг асосийси, одамларимизнинг онгу-тафаккури ва билим савиясининг ошиши кечикиб бораверади.

    Модомики, Конституциямизнинг 19-моддаси иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир” деб мустаҳкамлаб қўйилган экан, мамлакатимизда ҳеч кимнинг дини ва эътиқоди сабабли бирон-бир ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди. Дунёвийлик тамойиллари устувор бўлган муҳитда кучли фуқаролик жамияти ҳам, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий қудратга эга давлат ҳам прогрессив ислоҳотларни самарали амалга ошира олади.

    Шу билан бирга, дунёвий давлатда диний ташкилотлар билан давлат бутун жамият учун муҳим бўлган ижтимоий вазифаларни бажаришда ўзаро ҳамкорлик қилади. Таъкидлаш жоизки, дин ҳар бир кишининг шахсий иши бўлмоғи шарт, динга мажбурлаш йўқлиги принципига ҳар бир киши қатъий риоя этмоғи зарур.

    Дин давлатдан ажратилган бўлса-да, давлат ўз вазифаларини бажариши жараёнида, зарур бўлган ҳолларда диний жараёнлар устидан назоратни амалга ошириши мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, давлат томонидан назорат мантиқли, асосли, ўринли бўлишлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Агарки, дунёвий давлатга раҳна солувчи салбий ҳолатлар кузатиладиган бўлса, яъни, биринчидан, мамлакатда динга эътиқод қилмайдиган айрим атеист, даҳрийларга босим ўтказилса ёхуд мусулмонлар динсизлар томонидан камситилса, иккинчидан, ўзга дин вакилларига нисбатан салбий муносабатлар юзага келса, учинчидан, баъзилар томонидан мамлакатда ислом давлати ўрнатиш ёки халифаликни жорий этиш ҳақида ёки динсизларга қарши ҳаракатлар хусусида чақириқлар қилинса, тўртинчидан, экстремистик ғоялар ўртага ташланса, бешинчидан, шариат қонунларини жорий этиш баёнотлари билан чиқилса, олтинчидан, оқимлараро, мазҳаблараро жанжаллар содир этилса бундай ҳолатларда давлат шунчаки томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ.

    Бинобарин, давлат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид бўлмаса, давлатнинг ҳам ҳеч кимнинг диний эътиқодига, шахсий ҳаётига аралашмаслиги кафолатланади. Эътиборлиси, мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлиб, давлат ўз навбатида ижтимоий-сиёсий бошқарувда одамларимизнинг диний эътиқодини, унинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-аҳлоқий асосларидан бири эканлиги, халқимизни бирлаштирувчи ва якдиллигига хизмат қилувчи асрий қадрият сифатида ҳурмат этилишини таъминлайди.

    Давлат ва жамият қурилишида дунёвийликка асосланишилиши қуйидаги устувор йўналишларга ижобий таъсир кўрсатади:

    давлат органлари томонидан давлат бошқарувига оид қарорлар қабул қилишда ҳамда уларнинг ижросини таъминлашда асосан умуминсоний ва умуммиллий қадриятларга, бутун жамият эҳтиёж ва манфаатларини амалга оширишга, ва бошқарувнинг илм ва фан томонидан асосланган ечим ва хулосаларга таяниб, фаолият олиб боришига замин яратади;

    давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, барча меҳнат жамоаларида ўзаро муносабатлар дунёвий қадриятлар асосида амалга оширилади. Уларининг фаолияти диний маросим ва расм-русумлар билан қўшиб олиб борилмайди. Давлат органларига ишга киришда дини ва эътиқоди билан боғлиқ бирон-бир тўсиқ қўйилиши маън этилади;

    давлат ва диний ишлар бир-биридан айро ҳолда олиб борилади. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. Шу билан бирга, давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди. Давлат диний ташкилотлар фаолиятини молиялаштирмаса-да, уларнинг маданий-маърифий, хайрия каби ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятлари қўллаб-қувватланади;

    дунёвий давлатда бирорта мафкура расмий ўрнатилмайди. Давлат эътиқод эркинлигини таъминлаш билан бир қаторда, биронта динни ёки нодиний, хусусан, атеистик мафкурани мажбурий тарзда ўрнатмайди, шунингдек, давлат ғайридин ғоялар ва таълимотлар тарғиботини қўллаб-қувватламайди ҳам;

    одил судлов қонунда белгиланган тартиб ва асосларда шакллантирилган судлар тизими томонидан, миллий, ирқий ёки сиёсий ва диний таъсирлардан мустақил ҳолда амалга оширилади. Судлар тизимида бирон-бир диний тусдаги судлар ташкил этилиши мумкин эмас. Ҳуқуқ манбалари тизимида диний нормалар ҳуқуқ манбалари сифатида эътироф этилмайди;

    ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ўз фаолиятида амалдаги қонунчилик нормаларига тўла ва оғишмай амал қилишига эришиш учун дунёвийлик тамойилларига риоя этилиши алоҳида касбий талаб сифатида ҳам ўзини намоён этади.

    Мамлакатимизда шаклланган диний бағрикенглик муҳити катта ижтимоий бойлик ҳисобланади. Бу борада қилинаётган саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. АҚШнинг “Халқаро диний эркинлик” тўғрисидаги қонунига биноан давлат департаменти дунё мамлакатларининг диний эркинликка қай даражада амал қилиб бораётганини мониторинг қилиб, бу масалада ижобий ўзгаришлар амалга оширмаган давлатларни “Махсус кузатувдаги мамлакатлар” рўйхатига киритиб борадиган тузилма Ўзбекистонни мазкур рўйхатдан 2020 йилдан буён чиқарган ва бошқа киритмаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Хулоса сифатида айтиш мумкинки, дунёвий давлатда ҳар ким учун виждон эркинлиги кафолатланади, ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳар бир шахснинг тенглиги ва ҳуқуқлари таъминланади, уларга эркин фикрлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг шарт-шароитлар яратилади, барча конфессияларга бирдек, фақат амалдаги қонунлар асосида муносабатда бўлинади.

    М.А.Ахмедшаева,

    Тошкент давлат юридик университети профессори, ю.ф.д.