ДХХ: 22 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди

    Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 22 кг 585 гр гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

    Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

    Натижада машинада йўловчи сифатида кетаётган – Денов туманида яшовчи 1987 йилда туғилган (муқаддам судланган) шахснинг ёнида 9 кг «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

    Терговга қадар текширув давомида ушбу гиёҳвандлик воситаси келгусида сотиш мақсадида тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилгани маълум бўлган.

    Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Фарғона вилоятида ҳам тезкор тадбир ўтказилди. Жумладан, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1994 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро кетаётган автотранспорт воситаси шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 5 кг 862 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланган.

    Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан ушбу гиёҳвандлик воситасининг ҳар бир килограммини 89 млн сўмдан келишган ҳолда сотиб олмоқчи бўлган вақтида – Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинган.

    Бундан ташқари, ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам Қирғиз Республикасининг Баткен вилояти Қадамжой туманида наркосавдогардан олиб, мамлакатимизга контрабанда йўли билан келтирган жиноий гуруҳ етакчиси — Сўх туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс ҳам процессуал тартибда ушланган.

    Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган муқаддам судланган шахс 3 кг 950 гр «гашиш» моддасини харидорга 38 минг долларга сотган вақтида қўлга олинган.

    Шунингдек, у билан бирга келган, жиноий шериги – Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган.

    Тезкор тадбир давом эттирилиб, 1992 йилда туғилган шахснинг Фарғона туманидаги яшаш хонадонидан муқаддам Қирғиз Республикасидан келтирилган 868 гр «гашиш» моддаси ҳам олинган.

    Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1969 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ва унинг Денов туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган жиноий шериги ўзаро келишган ҳолда, Тожикистон Республикасидан олиб келинган 1 кг 962 гр «опий» моддасини харидорга 200 млн сўмга сотган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилояти бўйича бошқармалари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

    Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Фарғона вилоятида яшовчи, 1988 йилда туғилган ҳамда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 1969 йилда туғилган муқаддам судланган икки нафар фуқаро Тожикистон Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 943 гр «опий» моддасини сотмоқчи бўлган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

    Аниқлик киритилишича, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 22 кг 585 гр гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

    ДХХга кўра, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates