Экспорт ва инвестициявий фаолиятни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди

    Инвестициялар 8 ноябр 2021 615

    Жорий йил 6 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция шаклида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг йиғилиши ўтказилди. Унда инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятининг жорий кўрсаткичлари, шунингдек, инвестицияларни жалб этишни янада рағбатлантириш, саноатни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

    Йиғилишда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

    Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестиция дастурларини амалга ошириш ва инвестиция лойиҳаларининг жорий этилиши кўриб чиқилди. Шу йилнинг дастлабки 10 ойида 6,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани маълум қилинди. Умумий қиймати 75,5 триллион сўм бўлган 10 112 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди ва натижада 142,8 мингта янги иш ўринлари яратилди. Йил охиригача яна 3 145 та янги инвестиция лойиҳасини фойдаланишга топшириш ҳамда жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдорини 8,1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига вазирликлар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари бириктирилди. Мутасаддилар лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан кунлик мониторинг олиб борадилар ва юзага келаётган муаммоли масалаларни ҳал этишда барча имкониятларни ишга соладилар.

    Мавжуд муаммолар таҳлили ва уларнинг ечимини назарда тутган ҳолда тўла қувват билан ишламаётган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш муҳимлиги қайд этилди. Масъул раҳбарларга ишлаб чиқарувчиларни лойиҳа қувватларига олиб чиқиш бўйича аниқ тадбирларни мужассам этган манзилли «Йўл хариталарини» шакллантириш ва тасдиқлаш топширилди.

    Худди шу тартибда экспорт фаолиятининг кўрсаткичлари ўрганилди. Жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, экспорт ҳажмининг кўрсаткичи ўтган йилдагисига нисбатан 30% га ошганлиги қайд этилди. Тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг экспорт ҳажмини жорий йил охиригача режалаштирилган кўрсаткичларга етказиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. Ҳар бир экспорт қилувчи корхона учун аниқ муддатлар, ҳажмлар ва маҳсулот харидорлари кўрсатилган экспортга етказиб бериш жадвалларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, шунингдек, юзага келаётган муаммоли масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида экспортчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш механизмини йўлга қўйишга оид кўрсатмалар берилди.

    Ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни газ ва энергия билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Тижорат банклари раҳбарларига корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ аниқ топшириқлар берилди. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда маҳаллий маҳсулотларга буюртмачиларни топиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий ишбилармонлар вакиллари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатишга кўмаклашиш, шунингдек, экспортга етказиб беришни амалга ошириш билан боғлиқ юзага келаётган масалаларга тезкор жавоб беришга урғу берилди.

    Йиғилишда вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият органлари ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари кўриб чиқилган йўналишлар бўйича ўзларининг келгусидаги режалари ҳақида ҳисобот бериб, белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан қўшимча топшириқлар олди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates