Эл корига яраётган тадбиркор

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 26 октябрь сонида журналист Холниса Раҳмонқулованинг "Эл корига яраётган тадбиркор" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Раҳматулла Нарзиев Фориш туманидаги илғор тадбиркорлардан. 9-синфда ўқиётганида отаси вафот этгач, рўзғор ташвиши акаcи қатори унинг ҳам зиммасига тушди.

    У техникумни битиргач, аввал нон, кейин лимонад цехида ишлади. Қандолатчилик маҳсулотлари цехида меҳнат қилган кезлари соҳанинг сир-асрорини пухта ўрганди. Шу аснода унда ўз тадбиркорлигини очиш ғояси туғилди. Хонадонида қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил қилди. Маҳаллий бозор учун новвот, парварда, нишолда, ҳолва каби ширинликларни тайёрлаб, етказиб берарди. 2004 йилда илк корхонасини ташкил этди. Айни пайтда “Лаззат-кафолат” хусусий корхонасининг раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

    — 2019 йилда узумчилик кластерларини ташкил этиш тўғрисидаги Президент фармони эълон қилингач, туманда биринчилардан бўлиб, 10 минг гектар узумзор барпо этишни режа қилдик. Ҳозирга қадар 3,5 минг гектар ерга узум экканмиз. Эгат ораларига турли полиз экинлари экдик, яхши ҳосил берди. Қовун-тарвузни Хитойга экспорт қилдик, помидор, дуккакли экинлар ҳам маҳаллий бозорда харидоргир бўлди. Бундан ташқари, томат, балиқ-консерва заводи ташкил қилганмиз, — дейди тадбиркор. — Яқинда Наманган вилоятидан 300 оилани кўчириб келиб, иш билан таъминладик. Бугунги кунда 80 нафар доимий, 2 минг нафар мавсумий ишчимиз бор, уларни транспорт, иссиқ овқат билан таъминлаймиз. Ишчиларнинг 65 фоизи ёшлар.

    Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йил тадбиркорга тегишли ер майдонидан “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”даги оилаларнинг 600 нафар фарзандига 50 сотихдан ер ажратилди. Уларнинг ҳар бири 3 ойда 12 миллион сўмдан даромад қилди.

    Тадбиркорнинг айтишича, кластерларнинг ташкил этилиши анча афзалликларни юзага келтирди. Ўтган йили ҳар бир ишчиси камида 20 миллион сўмдан даромад олди. Тадбиркор бу йил узумчиликни янада кенгайтириб, Форишда ишсизликни қисқартиришни режа қилган. Асосий мақсади — аҳолини иш билан банд қилиш, чет элга кетиш ниятидагиларни иш билан таъминлаш.

    — Қишда ишчилар ток экади, қаламчаларини ўзим тайёрлайман. Ҳозир 5 миллионта кўчатимиз бор. Айни пайтда томчилатиб суғориш ишлари кетяпти, ортидан ток экилади. Куз-қишдан 1 майгача экин-тикин ишлари давом этади, ерни тайёрлаймиз, — дейди Раҳматулла Нарзиев. — Бугунги кунда саноатбоп узум навларини экяпмиз, 3-4 йилда ҳосилга киради. Узумчиликдан гектаридан камида 15 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. Экспорт учун қайта ишланган узум маҳсулотлари тайёрлайдиган мини завод қуришни режалаштиряпмиз. Унда камида 20 нафар ишчи ишлайди. Келгусида 10 минг гектар ерда 10 мингдан кам одам ишламайди. Ўз устимда ишлашни, янгича иш услуби, инновацион технологияларни ўрганишни ва буларни тадбиркорликка татбиқ этишни яхши кўраман. 2019 йилда тажриба алмашиш учун Хитойга бориб келган бўлсам, 2020-2021 йилларда Россиядаги завод ва фабрикалар фаолиятини ўрганиб қайтдим. Тез орада Италияга борамиз. Мамлакатимизда кўплаб имкониятлар яратилган, янада фаол ҳаракат қилиш вақти етди.

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида аграр соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун Раҳматулла Нарзиев “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

    — 1993 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келамиз. Тўғри, ўрни келганда роса қийналганмиз, аммо мушкулликлардан бўйин товламай, ҳалол меҳнат қилиб келдик. Шундай юксак мукофот билан тақдирландик. Бунинг ортида, албатта, ҳалол меҳнат ётибди. Тақдирланган куним мукофотни “Она, бу мукофот меники эмас, сизники”, деб у кишига бердим. Ишласангиз, шу ерда ҳам иш кўп, четга чиқиш шарт эмас. Меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Чеккан заҳматимизу меҳнатимизни ҳамма кўриб турибди. Бу эътироф менга катта куч берди.

    Тадбиркор 2017 йилда 200 миллион, 2019 йилда кўчат учун 2,5 миллиард сўмлик кредит олди ва бундан унумли фойдаланиб, ўз вақтида тўлашга ҳам улгурди. Бу йил маҳаллий аҳолидан йиғилган 14,5 тонна майизни экспорт қилди. Келажакда боғдорчилик, хусусан, узумчиликни янада ривожл антириш, маҳаллий аҳоли ишсизлигини қисқартириш каби режалари бор. Келаси йилдан Хитой билан майиз экспорти бўйича 10 йиллик шартнома тузишни мўлжаллаб турибди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates