Элчи Абдужаббор Раҳмонзода:

    Суҳбат 10 июн 2021 1568

    Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш учун мислсиз имкониятлар эшиги очилмоқда

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи арафасида ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода “Дунё” ахборот агентлигига эксклюзив интервью берар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг замонавий тарққиёти тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.

    — Элчи жаноблари, Сиз Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида ўз миссиянгизни бажаришга киришдингиз. Икки томонлама муносабатларимиз учун муҳим воқеа бўладиган мазкур ташрифдан Тожикистон томони нималарни кутаётгани хусусидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз…

    — Энг аввало, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият кўрсатиш мен учун катта шараф эканини айтишни истар эдим. Мамлакатингиз билан муносабатлар биз учун, шубҳасиз, устувор аҳамиятга эга.

    Дарҳақиқат, менинг бу масъулиятли лавозимга тайинланишим Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Тожикистонга расмий ташрифидек муҳим тадбир арафасига тўғри келди.

    Менинг биринчи галдаги вазифам, табиийки, бизнинг икки томонлама муносабатларимиз учун муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташрифнинг олий даражада ўтказилиши билан боғлиқдир. Биласизки, ушбу ташриф арафасида қатор йирик тадбирлар, жумладан, Тошкентда икки мамлакат Бош вазирлари раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Яна бир тадбир – 9 июнь куни мамлакатларимиз ишбилармон доиралари иштирокида биринчи Тожикистон – Ўзбекистон Минтақалараро сармоявий форумнинг ўтказилиши бўлди. Бундай анжуманларнинг ташкил этилиши нафақат ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш имконини ҳам беради. Ушбу форум доирасида Бохтарда 730 миллион АҚШ доллари миқдоридаги битимлар имзоланди, 50 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги устав капитали билан қўшма инвестиция жамғармаси тузиш тўғрисидаги келишувга эришилди. Мазкур жамғарма иқтисодиётнинг турли жабҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилишига кўмаклашади.

    Шу билан бирга, “Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг янги ўсиш нуқталари” мавзусига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, муносабатларни янада кенгайтириш йўллари муҳокама этилди.

    Биз ушбу ташрифни ўзаро ҳамкорлигимизга янги туртки берадиган ҳамда Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг мазмунан бой устуворликларини белгилаб берадиган имконият сифатида кўрмоқдамиз. Тожик-ўзбек муносабатларини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга имкон берувчи кенг доирадаги масалаларни қамраб олган салмоқли ҳужжатлар тахлами имзолаш учун тайёрланди.

    — Барчамизга яхши маълумки, кейинги йиллар давомида мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатларида туб ижобий силжишлар рўй берди, кўпгина мураккаб масалалар бўйича ўзаро мақбул қарорларга эришилди, савдо ва маданий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Бизларнинг яхши қўшничилигимиз мустаҳкамланиши, ҳамкорлигимиз фаоллашувига кўмаклашган асосий омиллар ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз…

    — Ҳа, дарҳақиқат халқларимиз давлатлараро муносабатларнинг турли даврларини бошдан кечирди, бироқ шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида бирон-бир соҳада ҳал этилмаган муаммолар қолмаган.

    Биз тожик-ўзбек стратегик шериклиги йўлида тобора кенгайиб бораётган самимий яхши қўшничилик муносабатларини қадрлаймиз. Бундай алоқаларимиз кўп асрлар давомида халқларимиз ўртасида мавжуд бўлган жуда бой дўстлик ришталари ҳамда ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган.

    Айтиш мумкинки, тожик-ўзбек муносабатлари бугунги кунда ўта юқори маррада, икки мамлакатнинг ҳар томонлама стратегик шериклиги ривожланишида эса мисли кўрилмаган имкониятларнинг эшиклари очилмоқда.

    Икки давлат етакчилари — Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундай яратувчилик жараёнига сабаб бўлишаётир. Биз барча даражаларда ўзаро ҳамкорликни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш ва кенгайтириш қарорида қатъиймиз.

    Савдо-иқтисодий муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим қирраларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда эътиборга молик муваффақиятларга эришилдики, улар мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ошишидаги барқарорлик тамойили юзага келишига кўмаклашди.

    Коронавирус пандемиясига қарамасдан ўтган йили савдо алоқаларимизда пасайиш кузатилгани йўқ. Кўрсаткичларимизда ўсиш тамойилига эришилди. Бу анъана жорий йилда ҳам давом этмоқда. Амалий ҳамкорлик даражасини янада ошириш мақсадида икки мамлакат яқин вақт оралиғида ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишни стратегик мақсад сифатида белгилаб олди.

    Бу мақсадни амалга ошириш, албатта, ҳар икки томоннинг қўша саъй-ҳаракатларини талаб этади. Биз ўзаро манфаатли тамойиллар асосида ишлашда давом этишимиз, ҳамкорликнинг жозибали ўсувчанлигини сақлаб қолишимиз ва қишлоқ хўжалиги, транспорт, юқори технологиялар, телекоммуникация ва кимё саноати каби соҳаларда ҳамкорлигимиз салоҳиятини оширишимиз керак.

    Шунингдек, гуманитар ва минтақалараро алмашувларни ҳамда ҳамкорликни фаоллаштириш лозим. Ҳамкорликнинг шундай тизимини шакллантириш керакки, токи у бир пайтнинг ўзида аниқ белгилаб олинган устуворликлар бўйича барча йўналишларни қамраб олсин ва олдинга қараб ҳаракатлансин. Ишончим комилки, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг кўпқиррали ва ҳар томонлама амалий ҳамкорлиги муштарак саъй-ҳаракатлар туфайли янги ва янги марраларга кўтарилгани ҳолда икки мамлакат халқларига салмоқли, аниқ равшан ва сезиларли манфаатлар келтиради.

    — Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг ҳозирги ўсувчанлиги юзасидан билдирган фикрларингиз учун раҳмат. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва яқин муддатларга мўлжалланган режалари ҳақида нима деган бўлардингиз?

    — Икки томонлама ҳамкорликнинг катта истиқболлари икки мамлакат Президентларининг ташриф чоғида имзоланадиган Қўшма баёнот матнида баён этилади.

    Тожикистон ва Ўзбекистон ўзининг жуғрофий ўрни, иқтисодий жиҳатдан бири-бирини тўлдириши, яқин тарихий маданий-гуманитар алоқалари ва бошқа жиҳатларидан фойдаланиб, қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириши мумкин.

    Биринчиси, бу ягона транспорт йўлакларини барпо этишдир. Тожикистон томони Ўзбекистон билан темир йўллар, автомобиль ва авиа қатновлар соҳасида, шунингдек, транзит ташувлар бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир.

    Иккинчи йўналиш савдо ва сармоялар кўламини ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Тожикистон ҳукумати ўзбек компанияларининг иш фаолиятини ва мамлакатингизда бизнес учун яратилган имкониятларни олқишлайди.

    Учинчи йўналиш гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳлар оқимини ошириш бўйича ҳамкорлик, илмий алмашувларни фаоллаштириш, делегациялар алмашуви ва бадиий жамоаларнинг ижодий сафарларини ташкил этишдан иборат.

    — Ўзбек ва тожик халқлари азалдан бир-бири билан ёнма-ён яшаб келган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, улар худди бир дарахтнинг икки шохига ўхшайди. Ўзбекистонда тожик диаспораси, Тожикистонда эса ўзбек диаспораси истиқомат қилади. Сўнгги ўзгаришлар шароитида халқ дипломатияси икки қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка қандай таъсир кўрсатмоқда?

    — Халқларимиз ўртасидаги яқин дўстлик, ўзаро ишонч давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим омили бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

    Бугунги кунда, кўп қутблилик ва глобаллашув жараёни жадал ривожланмоқда, халқаро муносабатлар мазмуни кун сайин бойимоқда, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорлик доимий равишда кенгайиб бормоқда. Дипломатия ҳукуматлар ўртасидаги алоқалар билан чекланмаяпти, у ўзининг хилма-хиллигини, кенг қамровлари ва ирмоқларини намоён этаётгани ҳолда халқаро муносабатларнинг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. Халқ дипломатияси расмий дипломатияга қўшимча қувват берадиган муҳим йўналиш бўлиб қолди.

    Бизнинг кўп асрлик ўзаро яқин тарихий-маданий алоқаларимизни ҳисобга олган ҳолда айтишим мумкинки, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик бугунги кунда ҳам алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари иштирокида ўзаро маданий тадбирлар ўтказиш яхши анъанага айланиб бораяпти. Бу, албатта, бир-бирларини ўзаро тушунишни яхшилаш ва икки мамлакат халқларини янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг илмий-ижодий доиралари вакиллари, жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни алоҳида қайд этиш лозим.

    Сўнгги йилларда томонлар «Маданият кунлари», «Кино кунлари», бошқа турли конференциялар ҳамда учрашувлар каби ўзаро ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказилмоқда. Улар икки халқни янада бирлаштириш учун кўприк вазифасини бажараётир, десак сира муболаға бўлмайди.

    Ўзбекистон Президентининг Душанбега расмий ташрифи давомида ўзбек ва тожик санъат усталари иштирокида «Дўстлик кечаси» концерт дастури бўлиб ўтади. Айтишим мумкинки, бир саҳнада ўзбек ва тожик санъаткорларини кўриш кишига мамнуният бағишлайди. Биз янги маданий алоқаларни ўрнатамиз, маданий жамоаларнинг ташрифлари ва бадиий асарлар таржималари алмашувини кучайтирамиз, биргаликда маданий дастурларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ишларини давом эттирамиз.

    Бир сўз билан айтганда, бугун Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида кўптомонлама стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Бунга икки давлат раҳбарларининг ўзаро яқин шахсий алоқаларисиз ва икки халқнинг фаол иштирокисиз эришиб бўлмас эди.

    — Ҳурматли элчи, батафсил жавобларингиз учун ташаккур!

    Наргис Саидалиева суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates