Электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотлар Туркияда қандай натижа берди?

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари Туркияда электр энергетикаси тизимида амалга оширилган ислоҳотлар қандай натижа бергани ва бунинг омилларини ўрганди.

    Электр энергетикаси тизимини ислоҳ қилишнинг зарурати:
    – Ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида Туркияда давлат бюджети кўрсаткичлари ёмонлашди;
    – Электр энергияси учун субсидия ажратиш давлат учун молиявий жиҳатдан қийинчиликларни юзага келтирди;
    –2002-2007 йилларда электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари сезиларли даражада ошди, бироқ тарифлар ўзгармади. Оқибатда мавжуд инфратузилмани таъмирлаш ва янгисини қуриш имконияти чекланди.

    Ислоҳотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад:
    – Электр энергияси учун ошиб бораётган талабни қондириш;
    – Электр энергетикаси тизими самарадорлигини ошириш;
    – Давлат бюджети кўрсаткичларини яхшилаш;
    – Хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва тизимдаги монополияни тугатиш;
    – Европа Иттифоқига аъзо бўлишнинг дастлабки талабларини бажариш.

    Ислоҳотлар доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар:
    1. Институционал ислоҳотлар борасида:
    – Электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш, улгуржи ва чакана савдосини йўлга қўйиш бўйича давлат корхоналари хусусийлаштирилди.
    2. Тарифларни қайта кўриб чиқиш бўйича:
    – 2008 йил январ ойида электр энергияси учун тарифлар 20 фоизга оширилди;
    – Бозордаги таклифга мувофиқ ҳар чоракда электр энергияси учун тарифларнинг ўзгариш механизми жорий қилинди;
    – 2008 йил охирига келиб, тарифлар 50 фоизгача оширилди.

    Ислоҳотларнинг асосий натижалари:
    – Электр энергияси учун ошиб бораётган талабни қондириш имконияти пайдо бўлди;
    – Рақобат муҳити шаклланди, ишлаб чиқариш ва тақсимлаш самарадорлиги ошишига эришилди;
    – Бюджет ҳисобидан ажратилувчи субсидияларни камайтириш ҳисобига давлат харажатлари қисқарди ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш давом эттирилди.

    Хулосалар:
    – Иқтисодиётни эркинлаштириш электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларга бевосита ижобий таъсир кўрсатади;
    – Жадал иқтисодий ўсиш аҳоли турмуш даражасининг ошишига олиб келганлиги сабабли аҳоли тизимдаги ислоҳотларни ижобий қабул қилди. 2008 йилда тарифларнинг 50 фоизга ошиши аҳоли даромадларига жиддий таъсир кўрсатмади. Чунки аҳоли даромадлари мунтазам ошиб борди;
    – Мустақил институтлар ва ташкилотларнинг иштироки ислоҳотлар доирасида зарур техник (сиёсатдан ҳоли) қарорларни қабул қилишни осонлаштирди.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти