Электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари муҳокама қилинди

    Тошкент давлат техника университетида “Электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари” мавзусида Халқаро илмий-техник анжумани ўтказилди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Германия, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Словения, Италия, Испания ва бир қатор МДҲ мамлакатларидан нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий марказлари профессорлари, ходимлари, энергетика компаниялари вакиллари ҳамда маҳаллий олимлар, ёш олимлар, докторантлар, аспирантлар, магистрантлар ва бакалавриат даражасида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишда бўлган талабалар иштирок этди.

    Анжумандан кўзланган асосий мақсад — электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари, хусусан, унинг ишончлилиги ва энергиясамарадорлигини ошириш, оптимал лойиҳалаш, электр энергия сифатини таъминлаш йўналишида маҳаллий ва халқаро илмий мактаблар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар бўйича ғоя ва фикрлар алмашиш, шунингдек, электр таъминоти тизимини трансформациялаш, интеллектуаллаштириш ва рақамлаштириш каби инновацион ишланмаларни жорий этишнинг имкониятларини таҳлил қилишдан иборатдир.

    Анжуман Тошкент давлат техника университетининг “Электр таъминоти” кафедраси ташкил топганининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилиб, кафедра республикада шу йўналишдаги таянч кафедра ҳисобланади, ташкил этилганидан бугунги кунга қадар ўн мингдан ортиқ ёшлар тамомлаган. Турдош олий таълим муассасаларида электр таъминоти йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишида, уларни зарур меъёрий ҳужжатлар билан таъминланишида кафедранинг хиссаси юқоридир.

    Сўнгги уч йилда кафедрада 5 та докторлик ва номзодлик диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилиниб, илмий салоҳият 35 фоиздан 56 фоизга ошган. Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда кафедра профессор-ўқитувчиларининг нашр фаоллиги сезиларли равишда ошди. Жумладан, улар томонидан сўнгги уч йилда 8 та монография, хорижнинг нуфузли журналларида 38 та мақола, Скопус маълумотлар базасига кирган журнал ва тўпламларда 79 та, маҳаллий журналларда 56 та мақола, маҳаллий ва халқаро анжумунларда 136 та тезис ва мақолалар, 6 та ихтирога патентлар, 42 та ЭҲМ учун дастурга гувоҳномалар, 6 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма ва 24 та усулбий кўрсатма тайёрланиб, чоп этилган. Ўқув ва илмий фаолиятдаги фаоллик натижасини кафедранинг 2020 йилда турли йўналишлардаги муваффақиятларида ҳамда университет кафедралари рейтингида фахрли 1-ўринни эгаллаганлигида кўриш мумкин.

    — Айтиш мумкинки, электр таъминоти муаммоси бугунги кунда ҳар қачонгиданда долзарб ва аҳамиятли бўлиб ҳисобланади, — дейди Халқаро анжуман ҳамраиси, “Электр таъминоти” кафедраси мудири Икромжон Раҳмонов. — Иқтисодиёт тармоқларининг ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши соҳа мутахассислари олдига электр таъминоти тизими узлуксизлиги ва истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш йўналишида бир қатор вазифаларни долзарб қилиб қўймоқда. Бугунги кунда республикамизда истеъмолчилар электр таъминоти тизимини яхшилаш билан боғлиқ бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатида 130 минг кмли электр узатиш линиялари ҳамда 40 минг трансформатор подстанцияларини янгилаш вазифаси қўйилган бўлиб, Энергетика вазирлиги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан йил якунига қадар 15 минг кмли электр узатиш линияларини ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформатор подстанцияларини янгилаш ишлари якунига етказилмоқда. Сўнгги йилларда республикамизнинг саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтказилган анжуманда шу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари олий таълим ва ишлаб чиқариш соҳаси мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, мазкур илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш имкониятлари ўрганилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates