Электрон тиббий хизматлар қамрови кенгаяди

    Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, тиббий хизмат сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тизимга замонавий ахборот технологиясини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз яқинда қабул қилган “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт соҳасида бошланган ижобий ўзгаришларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

    Абдулла АЗИЗОВ, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

    Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида IT ечимларни амалга оширишда ягона сиёсат ва стандартлар яратиш, тиббиёт ҳужжатларининг қоғоз шаклида юритилиши, статистикани шакллантиришда айрим қийинчилик ва муаммолар мавжудлиги сир эмас. Шунингдек, хусусий секторлар томонидан яратилаётган ахборот тизимларининг аксарияти ахборот хавфсизлиги, вазирлик ва бошқа тиббиёт муассасалари билан маълумот алмашинуви ва интеграциялашуви талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, ягона стандартлардан фойдаланилмаётгани, иш жараёни ягона платформага мослаштирилмагани сабабли улар кутилган самарани бермаяпти.

    Президентимиз қарорида соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш йўналишида қабул қилинган дастурларни самарали амалга ошириш мақсадида вазирликнинг “Ахборот­коммуникация тех нологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида “IT­Med” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш вазифаси белгиланди. “IT­Med” МЧЖ “Ахборот­коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Унинг зиммасига соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш ва автоматлаштириш, соҳада ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник­иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларни тайёрлаш каби қўшимча вазифалар юклатилмоқда.

    Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини, “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ­реинжинирингни ривожлантириш, ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Мазкур жараёнга инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва олувчи ахборот тизими ягона платформасини жорий этиш бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

    Соғлиқни сақлаш тизимидаги бизнес жараёнларни реинжиниринг қилиш ва рақамлаштириш натижасида соҳадаги ишларни ташкил этишнинг ҳозирги ҳолати ўрганилади, тиббиёт муассасаларининг бизнес жараёнлари моделлаштирилади, оптималлаштирилади ва автоматлаштирилади. Республика миқёсидаги тиббиёт муассасалари фаолиятида бизнес жараёнлар стандартлаштирилади.

    Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш “IT­Med” МЧЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши ушбу муаммолар ечимига хизмат қилади. Аҳолини кенг доирада интерактив электрон тиббий хизматлар билан қамраб олиш мақсадида махсус дастур ва мобил иловалар ишлаб чиқилади.