Элни маърифат асрайди

    Самарқанд азалдан, “Ер юзининг сайқали” деган таъриф ва тавсиф билан тилга олинадиган, етти иқлимга машҳур илм-фан диёри ҳисобланади. Ушбу юртнинг фидойилари, профессор-олимлари бугунги кунда ҳам юксак чўққиларини забт этиб, улкан марраларни қўлга киритиб мамлакатимиз тараққиётининг барча жабҳаларида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

    Самарқанд азалдан, «Ер юзининг сайқали» деган таъриф ва тавсиф билан тилга олинадиган, етти иқлимга машҳур илм-фан диёри ҳисобланади. Ушбу юртнинг фидойилари, профессор-олимлари бугунги кунда ҳам юксак чўққиларини забт этиб, улкан марраларни қўлга киритиб мамлакатимиз тараққиётининг барча жабҳаларида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

    Улардан бири филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университетининг профессори, Шарқ ва ўзбек адабиёти тарихи бўйича етук мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Муслиҳиддин Муҳиддиновдир.

    Мумтоз адабиёт тарихи фанининг билимдони ва жонкуяри бўлган атоқли олим, мамлакатимизда содир бўлаётган ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишларидан руҳланиб, унинг моҳияти ва аҳамиятини талабалар онгига сингдиришни, таълим ва тарбияни уйғунлаштириб олиб боришни ўзининг бош мақсади, асосий вазифаси ва касбий бурчи деб биладиган фаол жамоатчи ҳамда чинакам фан билимдонидир.

    Ўқиш ва изланишлар самараси

    Муслиҳиддин Муҳиддинов 1967 йили Қарши давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг, 1968-1971 йилларда Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультети, аспирантура бўлимида таҳсил олди.

    Меҳнат фаолиятини Самарқанд давлат университетининг ўзбек адабиёти кафедрасида оддий ўқитувчиликдан бошлаб, йиллар давомида катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, ўқув-тарбиявий ва маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор, олий таълим даргоҳининг профессори ҳамда ректор вазифасини бажарувчи ва ушбу муқаддас даргоҳнинг филология факультетида кафедра профессори сифатида бўлажак адабиётшуносларга мумтоз адабиёт тарихи фанидан сабоқ бериб келмоқда.

    Адабиёт илмига катта ҳисса қўшиб келаётган, салмоқли китоблари, кенг қамровли мақолалари билан юртимиздаги ҳар бир адабиёт мухлисининг қалб қўридан муносиб жой эгаллаган, 75 ёшли нуроний устоз-профессор ўзининг илмий изланишлари, таҳлилий, танқидий, теран-тафаккурли қарашлари ва асосланган тақдимотлари билан танилиб, илм-фан дунёсида ўз ўрни ва сўзига эга бўлган йирик адабиётшунослардан ҳисобланади.

    Навоийшунос олим, 1972 йилда «Ўзбек классик адабиётида Баҳром ва Дилором», «Баҳром ва Гуландом» достонлари мавзусидаги номзодлик диссертациясини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби профессор Ғулом Каримов илмий раҳбарлигида ёқлаган. 1995 йилда академик Ботирхон Валихўжаев илмий маслаҳатчилигида “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

    Илмий талқин ва тадқиқотлар

    Муҳиддинов ўз тадқиқотларида мумтоз адабиётдаги талқинларга катта эътибор берди. Олийжаноблик, саховат, шижоат, яратувчанлик ва бунёдкорликка асосланган – комил инсон ғояси, истиқлолга эришган мамлакатимизнинг моддий-маънавий тараққиётини белгиловчи омил сифатида ўрганилишини ўзининг долзарб мавзуси деб билди ва бу борада бир қатор аҳамиятга молик китобларини нашр эттирди.

    Жумладан, «Талқинларда оламча маъно», «Барҳаёт анъаналар», «Ўзбек классик адабиётида гуманизм масаласи», «Икки олам ёғдуси», «Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида комил инсон талқини», «Хамса»ларнинг биринчи достонларида комил инсон тасвири”, «Адабий анъана ва ижодий ўзига хослик», «Комил инсон – адабиёт идеали», «Нурли қалблар гулшани», «Навобахш ҳикматлар», «Халқ китоблари ва мумтоз адабиёт», «Форс-тожик шоирлари ижодида комил инсон талқини», «Кўнгил ҳайратлари» каби тадқиқот натижалари билан адабиётшунослик илми ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

    Илмий фаолияти давомида 11 та монография, 17 та ўқув-услубий қўлланма, 300 дан зиёд илмий-назарий мақолалари эълон қилинди.

    Адабиётшунос олим, давлат фан-техника қўмитасининг «Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси», «Қўлёзма манбаларнинг миллий-маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти» мавзуларидаги грантларининг соҳиби бўлган. Грантлар асосида олиб борилган тадқиқотлар натижасида 5 та китоб чоп этилган. “Темурийлар даврида яратилган «Хамса»ларнинг компаративистик тадқиқи” (2017-2020) мавзусининг грант раҳбари.

    Айни пайтда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси лавозимида ҳам фаолият олиб боради. «Имом ал-Бухорий сабоқлари», «Гулистон» журналлари таҳрир ҳайъатининг аъзоси, «Имом ал-Бухорий» халқаро маркази Илмий кенгаши, «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий тараққиётнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари» фани бўйича малакавий имтиҳон комиссияси ҳамда университет ҳузуридаги педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази аттестация комиссияси аъзоси ва раиси ҳамдир.

    Германияда чоп этилган монография

    Устозлик олий мақом. Унга эришиш учун мутассил ўқиш, ўрганиш ва тер тўкиб меҳнат қилишга тўғри келади. Муслиҳиддин Муҳиддинов ўзининг тинимсиз изланишлари билан билим жавоҳирларини йиғиб, уни келажак авлодга ва шогирдларига мерос қилиб келаётган етук адабиётшунос олимдир. Унинг миллий адабиётимиз ҳақидаги илмий изланишлари, тадқиқотлари нафақат Ўзбекистонда балки хориж давлатларида ҳам юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.

    Жумладан, жорий йилда Германия Федератив Республикасининг «Ламберт» нашриётида устоз-ўқитувчининг «Хамса»ларнинг илк достонларида комил инсон концепцияси” номли монографиясининг инглиз тилида чоп этилганлигининг ўзи тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзигулик воқеа эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Унда, «Ҳайрат ул-аброр» достонини монографик йўсинда тадқиқ этилиб, Навоийнинг диний-тасаввуфий ва фалсафий-ахлоқий қарашларини илмий жиҳатдан холис ва ҳар томонлама тўкис қилиб асослаб берилган.

    Монографияда Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ҳамда Алишер Навоий «Хамса»ларидаги илк достонларда комил инсон тушунчасининг бадиий-фалсафий талқини ҳақида сўз юритилган. Муҳиддин Муслиҳиддинов хамсачиликдаги фалсафий-дидактик достонларида Шарқ мумтоз адабиётидаги комил инсон идеали ҳақидаги қарашларни қиёсий ўрганиб чиқиб, Навоийнинг фалсафий қарашларининг ўзига хосликларни аниқ-тиниқ қилиб асослаб беришга эришган. Германиялик мутахассисларнинг таъкидлашича, фалсафий-ахлоқий қарашларини ёритиб берувчи мазкур монография европалик мутахассисларни қизиқтириши табиий. Чунки, Алишер Навоий Европада машҳур бўлсада, унинг ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар етарли эмас. Мазкур монография эса ана шу кемтикликни тўлдиришга маънавий восита бўлиб хизмат қилади.

    Юксалиш ва ютуқлар

    Ёшларнинг ўз соҳасининг билимдони бўлиб камол топишида ва жамиятнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллашида ўқитувчи ва мураббий устозларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Аслида устозлик қилиш олий рутубадир, унга эришиш учун тинмай меҳнат қилиш ва тер тўкиб ишлашга тўғри келади. Бемисл меҳнат, тинимсиз изланиш, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларга улашиш устозлик обрўсини улуғ қилади.

    Муҳиддин Муслиҳиддинов ўзининг машаққатли меҳнатлари эвазига ҳукуматимиз томонидан «Ўзбекистон Мустақиллигининг 15, 20 ва 25 йиллиги» ҳамда «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонларига сазовор бўлиши унга билдирилган ишонч ва эҳтиромдан нишонадир.

    2016 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» Давлат мукофоти, 2018 йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон герби акс этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг олтин соати билан тақдирланиши, жорий йилда эса давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан Ўзбекистон Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Эл-юрт ҳурмати» унвони соҳиби бўлиши ҳам мислсиз ва машаққатли меҳнатлари эвазига берилган энг юксак мукофотдир.

    Эзгуликдан яратилган боғлар қолсин...

    Бизларни ҳам устозлар ўқитди биз ҳам маърифатли бўлдик. Улар таълимини олиб, ҳаёт йўлимизда одамийлик сабоғини, яшаш илмини ўргандик. Энди эса ўрганганларимизни ҳаёт қонунларига мос равишда, ўзимиздан кейинги авлодга, шогирдларга ўргатиб бормоқдамиз, – деди филология фанлари доктори, профессор, «Эл-юрт ҳурмати» унвони соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддинов. – Келажак ёшларини адабиётга ошно қилиб, эзгуликдан яратилган боғлар қолсин деган ниятлар билан ўтаётган ҳар бир кунимга шукрона келтираман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг, «Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак»,деган пурмаъно сўзларининг негизида ҳам улкан маъно мужассам. Инчинун, биз педагоглар миллий мумтоз адабиётнинг ёрқин шуъласини, нурли сийрати ва сиймолари қолдирган нодир маънавий меъросини келажак авлодга ўз ҳолича етказиб беришни ўзимизнинг асосий вазифамиз деб билишимиз яна бир бора ўз тасдиғини топди. Зиммамизда, Янги Ўзбекистон учун ҳар томонлама етук, илмли, мутахассис кадрларни етказиб бериш каби масъулиятли вазифа юкланган экан, бунга қалб қўримиз билан ёндашишимиз шарт. Тўғри, касбимиз жуда машаққатли шу билан бирга шарафли ва ажру савоби беқиёсдир соҳадир. Шундай соҳада фаолият олиб бораётганимдан жуда ҳам мамнунман!

    Дарҳақиқат, машаққатли ва айни пайтда шарафли йўлни танлаган педагоглар қолдираётган маърифат гулдастаси халқимизнинг ҳақиқий маънавий хазинасидир. Абдулла Авлоний ёзиб қолдирганидек: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,». Муслиҳиддин Муҳиддинов ҳам ўз фаолиятини энг аввало тарбия яъни одамийлик сабоғи билан бошлаб, сўнгра адабиёт чашмасига мурожаат қилишида ҳам ўзига хослик мужассам.

    Устоз, рафиқалари Сайима ая билан, 4 ўғил, 2 қиз фарзандларини комил инсонлар қилиб вояга етказган, 16 невара ва эвараларнинг суянч тоғи, меҳрибони саналган, она Ватан тинчлиги ва бахти саодатини ҳамиша биринчи ўринга қўйиб умургузаронлик қилиб келаётган устоз Муслиҳиддиновнинг ҳаёт йўли ўзидан нур таратиб, борлиқни мунаввар қилаётган қуёш каби илиқ ва тароватлидир.

    Инсонни камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида устознинг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ.

    Сўзимизни мухтасар қилар эканмиз, адабиётшунос олим, Муҳиддин Муслиҳиддиновни, 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни билан чин кўнгилдан муборакбод этиб қоламиз.

    Зеро, мамлакатимизнинг замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашида илм-фан соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ва самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчиларнинг меҳнатлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир...

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates