Энди мопед ва скутер эгалари ҳайдовчилик гувоҳномасини осон олиши мумкин бўлади

    2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган мототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасида «А1» кичик тоифаси жорий этилади.

    Бу ҳақда яқинда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

    Қарорга кўра, 2026 йилдан «А1» кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқи берилади. Бунда талабгорлар ўзларининг ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин бўлади.

    Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлардан ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури бўйича ўқишни тугатгани ҳақида гувоҳнома талаб этилмайди.

    “A”, “B”, “C”, “D” тоифадаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

    «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та саволдан камида 16 тасига тўғри жавоб берган ҳайдовчиликка номзодлар амалий имтиҳонга қўйилади (бошқа тоифалар учун 18 та).

    2026 йил 1 февралдан «А» ва «B» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.

    «А» ва «B» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

    2026 йил 1 апрелдан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади.

    Жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates