"Самарқанд йўловчи транс" ДК ахборот хизматининг хабар беришича, "Самарқанд йўловчи транс" ДК электробусларида интернетдан текин фойдаланиш имконини берувчи Wi-Fi алоқа тизими ўрнатилган бўлиб, айни дамда тест режимида фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу хизматнинг йўлга қўйилиши ҳақида бундан бир неча кун олдин корхона раҳбари Отабек Абдуллаев ОАВ ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида билдириб ўтган эди, қисқа муддатда ушбу хизмат ишга туширилди.
Амалга оширилаётган бу ишлар йўловчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида йўлга қўйилмоқда. "Бу электробусда Wi-Fi бор" деган ёрлиғлар электробусларга босқичма-босқич ёпиштирилади.
Шунингдек, "Самарқанд йўловчи транс" ДК ахборот хизмати Wi-Fi интернет алоқаси синов тариқасида ишлаётганини айрим ҳолларда камчиликлар ҳам кузатилиши мумкинлигини ва содир бўлиши мумкин бўлган камчиликлар тезкорлик билан бартараф этилишини маълум қилди.