Энергетика секторини ислоҳ қилишга доир истиқболдаги қадамлар муҳокама қилинди

    Энергетика 25 октябр 2020 543

    Қатор халқаро молия институтлари иштирокида мамлакатимиз энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Тадбирда Энергетика вазири, Молия вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари, бир қатор манфаатдор соҳалар вакиллари, шунингдек, онлайн шаклда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, қатор халқаро юридик ва аудиторлик компаниялари вакиллари, шунингдек халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар иштирок этди.

    Давра суҳбати давомида электр энергетика ва нефть-газ тармоқларини янада ислоҳ қилиш бўйича юқорида номлари келтирилган халқаро молия институтларининг экспертлари ва маслаҳатчилари иштирокида тайёрланган Тавсиялар ва Йўл хариталари муҳокама қилинди. Шунингдек, юртимиз энергетика секторини ислоҳ қилиш жараёнида мазкур самарали ҳамкорлик орқали мамлакатимизда энг яхши, замонавий ва дунё тажрибаларини жорий этиш имконияти яратилаётгани таъкидланди.

    Экспертлар томонидан таъкидланганидек, энергетика секторида бундай кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, истеъмолчиларга арзон ва кафолатланган электр энергияси ва газ етказиб беришни кўзда тутувчи хизматлар сифатини ошириш, энергетика саноати барқарорлигига эришиш, энергия ресурсларини самарали ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш имконини беради.

    Муҳокамалар давомида давлат энергетика корхоналарини хусусийлаштириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро маслаҳатчилар либераллаштириш ҳар доим ҳам хусусийлаштиришни англатмайди, бунга пухта ёндашиш, биринчи навбатда, бунинг учун зарур Қонунчилик базасини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

    Халқаро молия институтлари вакиллари энергетика соҳасида таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга оширишда келгусида техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.