Энергетика соҳасида Латвия билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама этилди

    Жорий йил 27 октябрда Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Латвия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув ўтказилди.

    Учрашув чоғида хорижий томон Латвия Республикаси энергетика соҳасидаги мавжуд вазият ҳақида маълумот берди, шунингдек, Скандинавия ва Болтиқбўйи минтақаларида муваффақиятли фаолият юритаётган «Tietoevry» компанияси фаолияти билан таништирди.

    Элчи Латвия 2015 йилда электр энергиясининг рақобатли бозорига ўтгани ҳақида маълумот берар экан, у Ўзбекистонда электр энергияси бозорига ўтиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларини ҳисобга олган ҳолда, бу борада тажриба алмашишга тайёрлигини, бунда меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, шунингдек, рақамлаштириш бўйича ечимларни амалга оширишда иштирок этиш истагини билдирди.

    Унда шунингдек, Латвия тажрибасини ўрганиш ва ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг потенциал йўналишларини кўриб чиқиш таъкидланди. Чунки Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ энергетика саноатини рақамлаштириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

    Учрашувда Ўзбекистон энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан электр энергияси бозорини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

    Ўзбекистон 2030 йилга бориб мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини бугунги кунга нисбатан 2 баробарга оширишни ўз олдига мақсад қилган. Ушбу режаларга эришиш учун Энергетика вазирлиги томонидан соҳани бозор муносабатларига ўтказиш мақсадида кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириляпти.

    Дастлабки ислоҳотларда «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ алоҳида-алоҳида компанияларга ажратилиб, бунда ишлаб чиқарувчи, транспортировка қилувчи ва тақсимловчи компаниялар ташкил этилгани таъкидланди.

    Энергетика соҳасида бозор муносабатлари йўлидаги муваффақиятли қадамлардан яна бири – ДХШ тамойиллари асосида электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари, жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги станцияларни амалга ошириш бўлди.

    Шундай қилиб, янги иссиқлик ва қуёш электр станцияларнинг ишга туширилиши ҳамда шамол электр станциялари лойиҳалари бўйича ишларнинг олиб борилаётгани кўп жиҳатдан мамлакатимиз энергетика соҳасида рўй бераётган бозор ўзгаришларига мисол бўла олади.

    Алоҳида таъкидлаш керакки, халқаро молия институтлари кўмагида ДХШ лойиҳалари тендер, яъни рақобатбардош бозор тамойиллари асосида амалга ошириляпти.

    Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Латвия ўртасида муҳокама этилган йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.