Энергетика вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Uzbekistan GTLга ташриф буюрди

    Энергетика 16 апрел 2021 777

    2021 йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирокида қурилишнинг якуний босқичида бўлган Uzbekistan GTL мажмуасига ташриф буюрди.

    15 апрель ҳолатига кўра, лойиҳанинг умумий ишлар кўламининг 95,4 фоизи бажарилди. Мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплекси (ЁEК) раҳбарияти аъзолари бугунги кунда республика саноат лабораториялари орасида энг инновацион ва замонавий бўлган мажмуанинг Марказий лабораторияси фаолиятини, шунингдек, олдиндан ишга тушириш ва ишга тушириш ишларининг боришини батафсил ўрганиб чиқди.

    Учрашувда А.Султанов масъулларга қурилиш-монтаж ишларини имкон қадар тезроқ якунлаш, ҳудудни яхшилаш, шунингдек, технологик қурилмаларни ишга тушириш суръатларини жадаллаштириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўришни топширди. Шунингдек, GTL мажмуаси ва Шўртан газни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси интеграциясини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

    Шунингдек, ишга тушириш гуруҳи ҳамда мажмуанинг эксплуатация ходимларининг билим ва малакасини доимий ошириб бориш мақсадида Sasol, Haldor Topsoe ва Chevron технологияларининг литсензиарлари билан яқин ҳамкорликни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берилди.

    Uzbekistan GTL заводининг ишга туширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланиб, ундан 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тоннадан зиёд дизель ёнилғиси, 437 минг тоннадан ортиқ нафта ва 53 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

    GTL мажмуасида йилига 1 миллиард долларгача бўлган миқдорда импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёси ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, аввало, нефть маҳсулотлари, айниқса, дизель ёқилғиси ва керосин ҳамда суюлтирилган газга бўлган ички талабни қоплаш учун етказиб берилади. Бундан ташқари, халқаро бозорларда синтетик ёқилғига бўлган сезиларли даражада юқори талабни ҳисобга олган ҳолда, ушбу маҳсулотларнинг юқори сифати ва экологик жиҳатдан тозалиги туфайли уларни экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд. GTL мажмуаси ишга туширилиши билан давлат бюджетига йиллик солиқ ажратмалари ҳажми ўртача 2 триллион сўмдан ошади.

    Энергия бозорининг ўсиб бориши шароитида GTL ёқилғисидан фойдаланиш атмосферага чиқиндиларни ташлаш миқдорини камайтиришнинг энг самарали, тежамкор ва хавфсиз йўли ҳисобланади.

    Лойиҳа доирасида батафсил лойиҳалаш ишлари тўлиқ бажарилди, қурилиш майдонига технологик ускуналарни етказиб бериш 97 фоизга бажарилди, қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши эса 90 фоиздан ошди. Бугунги кунда лойиҳага 9 мингга яқин ишчи-муҳандис жалб этилган. GTL мажмуасининг асосий ишлаб чиқариш қурилмалари ишга туширишнинг босқичма-босқич бошланиши жорий йилнинг июль-август ойларига мўлжалланган.

    GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуаси тўртта асосий ишлаб чиқариш объектларидан иборат бўлиб ўз ичига қуйидагиларни олади: энергия ресурслари билан таъминлаш заводи, синтез-газ ишлаб чиқариш заводи, синтез-суюқлиқ ишлаб чиқариш заводи ва маҳсулотни қайта ишлаш заводи, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.