Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди

    Ижтимоий тармоқларда “Ўтган йили Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда свет ўчмаслиги учун ажратилган 423 миллион доллар қаерда?” мазмунида хабарлар тарқалди.

    Ушбу хабарларга жавобан Энергетика вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

    Жаҳон банкидан кредит маблағлари 2022-2026-йиллар давомида жалб қилинади. Ҳозирги пайтда кредит маблағи жалб қилинмаган.

    Жаҳон банки кўмагида “Электр энергетика соҳасини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки гуруҳи) томонидан 380 миллион АҚШ доллари, Яшил иқлим жамғармаси томонидан эса 43 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган.

    Ушбу лойиҳа 2022-2026-йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

    Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига энг паст фоиз ставкалари бўйича ва максимал муддати 40 йилгача тақдим этилади.

    Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 22 та эскирган юқори кучланишли подстанция реконструкция қилинади. Бунинг натижасида магистрал тармоқларнинг қувват ўтказиш имкони 1036 МВтга ортади.

    Шунингдек, 2022-2026-йиллар давомида 1602 МВт қувватга эга бўлган янги 500 кВли рақамли подстанция ва 285 километр узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилади.

    Ушбу лойиҳанинг муҳим стратегик таркибий қисми SCADA va EMS тизимини амалга ошириш ҳисобланади ва бу энергия тизимида диспетчерлик ва мониторинг қилиш имконини беради.

    Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни келажакда трансформация қилиш учун Enterprise Recourse Planning (ERP) тизимини жорий этиш режалаштирилган.

    Ҳозирда ушбу лойиҳаларни “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида пудратчиларни аниқлаш учун Жаҳон банки талабларига мувофиқ Халқаро тендер савдоларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

    Жумладан, бугунги кунда республика бўйлаб SCADA тизимини жорий қилиш ва 500 кВли “Халқа” подстанциясини қуриш бўйича Халқаро тендер савдолари эълон қилинган ҳамда Сирдарё ва Тошкент вилоятларини боғловчи юқори кучланишли ҳаво тармоғи учун тендер таклифлари баҳолаш ҳисоботи Жаҳон банки билан келишилмоқда.

    Магистрал тармоқ подстанцияларини модернизация қилиш лойиҳасининг 2-фазаси учун тендер савдолари жорий йилнинг декабр ойидан бошлаб босқичма-босқич эълон қилиб борилади.

    Бош пудратчилар аниқланганидан сўнг, Жаҳон банкининг кредит маблағларидан фойдаланиш бошланади, дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қиланган баёнотда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates