Энергетика вазирлиги «Ёшлик энергияси» халқаро форуми ўтказади

    Кейинги авлод 1 апрел 2021 935

    Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан 2021 йил 19-23 май кунлари ёқилғи-энергетика комплексининг биринчи ёшлар Форуми ўтказилади.

    Жорий йил 27 февралда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида Энергетика вазири Алишер Султонов томонидан ёқилғи-энергетика соҳасидаги ёшлар билан очиқ-мулоқот учрашувида ушбу ташаббусга кўрсатма берилди.

    Суҳбат чоғида ёш мутахассислар ва талабалар ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган бўлажак мутахассислар ва ёшлар ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, тажриба, ташаббус, фикр алмашишга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар билан чиқди. Ушбу таклифларга мувофиқ, Энергетика вазири ёшлар форуми ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, ижодкор ва мақсадли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа тадбирларни ўтказишга топшириқ берди.

    «Ёшлик энергияси» халқаро форумида – Россия Федерацияси, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг ёшлари иштирок этадилар.

    Бу йил Энергетика вазирлиги илк бор энергетика тизимидаги акциядорлик жамиятлари ва ташкилотлари вакиллари – турли касб ва ижтимоий фаолият бўйича энг истеъдодли ва фаол ёшлар делегацияларини қабул қилади. Форум иштирокчиларининг умумий сони 500 нафардан ташкил қилиб, жумладан, ёқилғи-энергетика йўналишидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этади.

    Форум ижтимоий фаол, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг профессионал ва ижодий ваколатларини такомиллаштириш, энергетика тизими компаниялари ва ташкилотлари, хорижий компаниялар ва касаба уюшмаларининг фаол ёшлари ўртасида ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилади.

    Мамлакат энергетика соҳасининг ривожланиши, соҳа ёшларининг саъй-ҳаракатлари ва муваффақиятларига ҳам боғлиқ. Форумнинг асосий ғояси «Баркамол ёшлар – юрт таянчи!» шиори билан белгиланади. Уни амалга ошириш доирасида ёшларга «Карьера», «Шахсий ўсиш ва ўз-ўзини ривожлантириш», «Етакчилик», «Ижтимоий фаоллик» ва бошқа йўналишлар бўйича маҳорат дарслари таклиф этилади.

    Форум иштирокчилари Энергетика вазирлигида ёшлар билан ишлашнинг асосий хусусиятлари билан танишиш ва ўз ташкилотларининг ёшлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини тақдим этиш имконига эга бўладилар. Бундан ташқари, Форум доирасида ёшлар учун Қашқадарё вилоятининг нефть-газ ва энергетика объектларига экскурсиялар ўтказилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.