Энергетика вазирлигида Татаристон делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди

    Жорий йил 20 январда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари – саноат ва савдо вазири Альберт Каримов бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Татаристон Республикаси компаниялари билан аввал эришилган келишувлар белгиланган муддатларда амалга оширилаётганини таъкидлади.

    Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ «Қозон двигатель ишлаб чиқариш бирлашмаси» ОАЖ билан газ турбинали двигателларни (ГТД) авариявий ва капитал таъмирлаш бўйича 9 та шартнома имзолади.

    Шунингдек, йиғилиш давомида «ТEСК» МЧЖ томонидан чизиқли СИП арматураларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур йўналишда хорижий делегация аъзолари «Ўзелтехсаноат» АЖ билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди.

    Музокаралар чоғида Ўзбекистон томонидан «Татнефт» ОАЖ билан давлат-хусусий шериклик асосида бир қатор истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни жадаллаштириш, хусусан, маҳаллий хом ашё асосида талаб қилинадиган нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш масалалари кўтарилди.

    Музокаралар натижасида Татаристон Республикасининг қатор компаниялари билан қўшма режа ва лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ келишувларга эришилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.