Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугун Ўзбекистон бўйлаб, кенг миқёсида амалга оширилмоқда. Зеро, динимиз ҳам боғ яратишга доимо тарғиб қилиб, бир туп бўлса ҳам дарахт экишни одамларга савоб берадиган ва вафотидан кейин ҳам яхши амаллар дафтарининг ёпилишига йўл қўймайдиган садақаи жория сифатида қараган. Зеро, дунё ҳаётимизнинг ажралмас неъматларидан бири дарахтдир. Ҳар бир инсон ҳаётининг ҳар бир босқичида, туғилишидан то вафотигача, унинг илдизидан тортиб, барглари, ёғочлари, гуллари, шохлари, соялари, ҳидлари, гўзаллиги ва меваларидан баҳраманд бўладиган дарахтсиз дунёни тасаввур қилиш жуда қийин.
Муқаддас динимиз бизни теварак-атрофимиздаги мавжудотларга бизнинг манфаатимиз учунми ёки йўқми эмас, балки уларнинг ҳақлари ва уларга нисбатан бизнинг бурчларимиз, мажбуриятларимиз ва масъулиятларимиз нуқтаи назаридан қарашга чорлайди. Аллоҳ таоло, бу борада, Қуръони каримнинг “Такосур” сураси 8-оятида инсонларга қарата шундай марҳамат қилади: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!”. Дарҳақиқат, Қуръони карим оятларида инсоннинг ер юзида Аллоҳнинг халифаси эканлиги алоҳида таъкидланади. Дунё ва ундаги бойликлар ушбу мақомдаги одам болаларига омонат қилиб берилган. Бинобарин, инсон илоҳий қудрат амрларига зид ҳаракат қилса, ҳайвонлардан ҳам пастроқ мавқега тушади. Инсоннинг бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ устунлиги Аллоҳ таоло олдида ҳисобдорлигидадир.
Инсоният масъулиятдан ташқари, савобли ишлар қилиш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш каби одоб-ахлоққа ва эзгу амалларга тарғиб қилинади. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитга бўлган муносабатга ҳам тааллуқлидир. Она табиатимизга комил инсон нуқтаи назаридан қараш мусулмон ахлоқининг энг олий фазилатларидан биридир. Алломаларимиз ўз асарларида комил инсон ҳақида сўз юритар эканлар – комил инсоннинг биринчи тамойили шафқат эканлигини таъкидлайдилар. Атроф-муҳит ва айниқса, атрофимиздаги тирик мавжудотлар билан муносабатларимизда ҳурмат ҳамда меҳр-шафқат билан боғ қурмоқлигимиз – ана шундай олий фазилатлардан бири ҳисобланади.
Одам боласига ато этилган энг олий туйғулардан бири севги ва раҳм-шафқат фақатгина инсонларга эмас, балки, барча жонли ва жонсиз мавжудотлар учундир. Бу, ҳатто осмон ва тоғларни ҳам ўз ичига олади. Зеро, Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда, суюкли Пайғамбаримиз Уҳуд тоғи ҳақида шундай деган эдилар: “Уҳуд шундай тоғки, у бизни яхши кўради, биз ҳам уни яхши кўрамиз”. Севги бирор нарсадан завқланиш, қаноат ва қониқиш, уни гўзал кўриш имконини беради. Шу жумладан атроф-муҳитга бўлган муҳаббат ҳам бундан мустасно эмас. Табиатга ва ҳайвонларга бўлган шафқат ва севги, эҳтимол, бу дунёда яхшиликнинг қайтиши учун қилинадиган савобли ишлардан эмасдир, аммо бу хайрли ишларнинг энг олий кўринишидир. Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг "юзи"ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) рози бўлур” (“Лайл” сураси 19-21-оятлар).
Атроф-муҳитга меҳр-шафқат билан бирга, ҳикмат кўзи билан қараш ва атрофимиздаги ҳамма нарсада ғайриоддий бир ҳикматни кўриш ахлоқимизнинг энг олий даражасидир. Ҳикматнинг биринчи тамойили итоатдир. Итоат эса улуғ мутафаккир бобокалонимиз Ҳаким Термизий таъбири билан айтганда, барча жонли ва жонсиз мавжудотларни бутун бир борлиқ сифатида кўрган ҳолда, Унинг ҳикмати ва марҳамати олдида таслим бўлишдир. Шу жиҳатдан, бугунги кунда она табиатни асраш биз учун қанчалик муҳимлигини янада яхшироқ англаб боряпмиз. Юртдошларимизнинг саломатлиги, иқлим софлиги ва сув таъминотининг мунтазамлиги, ўн минглаб йиллар давомида шаклланган тупроқларимизнинг унумдорлигини сақланиб қолиши дарахт ва ўсимликлар билан бевосита чамбарчас боғлиқ. Бошқа томондан, гўзал табиатимиз бойлик ва бахт, фаровонлик ва цивилизация манбаи бўлиб, уларнинг йўқлиги, тузатиб бўлмайдиган ёмон оқибатлари, инсониятни аччиқ ўйга солади.
Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган ажойиб бир нақл бор. Шу жиҳатдан, бугун мамлакатимиз миқёсида бошланган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирларида жону дилдан фаол бўлсак, ҳадисларда айтилгандек, ҳар биримиз эккан дарахтимиз учун ажру савоб олиб, икки дунё саодатига эришамиз.
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)